Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:18

Ўзбекистонда маҳаллий сайловлар бошланди


Озодлик суҳбатлашган аксар ўзбекистонликлар¸ маҳаллий сайловларда халқ манфаати учун ишлайдиган одамларнинг сайланишига ишонқирамасликларини айтади.
Озодлик суҳбатлашган аксар ўзбекистонликлар¸ маҳаллий сайловларда халқ манфаати учун ишлайдиган одамларнинг сайланишига ишонқирамасликларини айтади.

Май ва июн ойларида ўзбекистонликлар маҳалла ва қишлоқ фуқаролар йиғини раисларини сайлайдилар.

Ўзбекистонда фуқаролар йиғинлари раислари(оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови бошланди.

Май ойида маҳалла фуқаролар йиғини, июн ойида эса қишлоқ фуқаролар йиғинига сайловлар бўлиб ўтади. Айни пайтда, жойларда ишчи гуруҳлари тузилиб, номзодлар рўйхатга олинaяпти ва биринчи сайловлар бўлиб ўтмоқда.

Сурхондарё вилояти “Маҳалла” жамғармаси раиси ўринбосари Холмўмин Эргашевнинг Озодликка айтишича, фуқаролар йиғинларига номзодлар туман кўмаклашувчи комиссия томонидан кўриб чиқилади ва ҳокимиятга тақдим этилади:

- Номзоднинг ҳамма томони кўриб чиқилади-да. Маҳалла фуқаролар йиғини раиси, оқсоқолига қўйиладиган талаблар бор номзодларга. Ўша талабларга тўғри келиши керак. Ўша талаблар асосида обрў-эътиборли, ҳамма томондан муносиб номзод бўлиши керак. Муносиб номзод бўлса, ўша кўриб чиқилади. Масалан¸ фуқароларнинг ўзида шунақа ҳуқуқ бор-да. Демократияку. Шундай бориб эркин, любой одам бориб, ўзининг номзодини ишчи гуруҳига ариза ëзиши мумкин-да “Мен номзодимни маҳалла фуқаролар йиғини раислигига қўйишингизни сўрайман” деб. Ўша номзодлар ўрганиб чиқилиб, шаҳар, туман ҳокимликлари билан келишилган ҳолда ўша номзодлар кўриб чиқиладида, дейди Сурхондарё вилояти “Маҳалла” жамғармаси раиси ўринбосари Холмўмин Эргашев.

Раис ўринбосари, кўрсатилган номзодлар¸ албатта¸ ҳокимият томонидан кўриб чиқилади¸ дер экан¸ буни демократик жараён сифатида баҳолади. Аммо Озодлик суҳбатлашган сўхлик сайловчилардан бири Озодлик билан суҳбатда¸ ўзи гувоҳ бўлган жараённинг демократиядан анча узоқ бўлганини айтади.

4 май куни Фарғона вилоятининг Сўх туманидаги “Чашма” маҳалла фуқаролар йиғинига бўлиб ўтган сайловларда қатнашган 68 ёшли пенсионер ўқитувчи Туронбой Қурбоновга кўра, сайлов туман ҳокимияти диктатураси остида ўтган:

- Бугун бизда маҳалла оқсоқоллигига сайлов бўлиб ўтди. Маълумоти йўқ одамни оқсоқолликка номзод қилиб кўрсатишган экан. Лекин у нолойиқ одам. Сайловда эса ўша одам ўтди, уч кишини орасидан. Биздан ҳеч ким сўз ҳам сўрамади. Биз сўз сўрасак¸ бизга гап ҳам бермади. Ишчи гуруҳ комиссияси раҳбари аввал уни сайлаб олиб, энди гапингизни гапираверинг, деб менга дўқ қилди. Анча одам қарши эди, лекин ҳеч кимни гапиргани қўйишмади, дейди сайловнинг эркин бўлмаганидан шикоят қилган сўхлик кекса ўқитувчи Туронбой Қурбонов.

Қўқонлик ҳуқуқшунос Эргашбой Қўшматов ҳам номзодларнинг маҳаллий ҳокимиятлар чиғириғидан ўтганидан сўнг сайловга қўйилиши қонун билан мустаҳкамланган, дейди:

- Аслида ўзи қоида шунақаки, фуқаролар йиғини соҳасида қонун бор. Қонунда кўрсатилган номзодни ҳоким билан, шаҳар ҳокимияти билан келишилган ҳолатда ўтказиш керак-да. Ҳокимиятнинг розилигисиз бирорта номзод ўтмайди. Ўзбекистон қонунларида шу кўрсатилган. Мисолга¸ икки кишига розилик бериши мумкин. Икковидан биттаси сайланади. У ерда низо чиқмайди-да. Қайси ютса¸ овоз билан ўша маҳалла йиғинининг раиси бўлиб қолаверади.

Бироқ ҳамма жойда ҳам фуқаролар йиғини раислари ҳокимиятнинг қаттиқ талаби билан қўйиляпти, деб бўлмайди дер экан Фарғона шаҳар Теракмозор маҳалла фуқаролар йиғини фуқароси Маъруфжон Абдураҳмонов¸ бу жараëннинг бу энг аввало маҳалладаги одамларнинг ижтимоий фаоллигига боғлиқлигини таъкидлайди.

- Бошқа жойда билмадиму, лекин бизда маҳаллий сайловлар демократик. Авваллари ҳокимиятнинг айтгани бўларди. Бир-икки йил нарироқда бўлган ҳисобот сайлов йиғилиши ҳақиқатан ҳам демократик усулда бўлган. Бу ерда бир эмас¸ учта-тўртта номзод қўйилган. Биринчи кун¸ ҳаттоки¸ бир номзод ҳам етарли овоз ололмаган. Қонунга кўра, бошқа кунга қолдиришиб, номзодлар бошқатдан кўрсатилиб, кўрсатилгандан кейин, ҳозир масалан бизнинг 12-маҳалла фуқаролар йиғини Теракмозор маҳалла фуқаролар йиғини мана шундан кейин чиндан ҳам маҳалла қўмитаси раисига ëлчиб, ҳозир тинч-омон, яхши юрибмиз. Маслаҳат қилиб биргаликда ҳамжиҳатлик билан ишлаяпмиз, дейди Маъруфжон Абдураҳмонов.

Жиззах вилоятининг Дўстлик туманидаги “Янгиобод” қишлоқ фуқаролар йиғинининг ўз исмини ошкор этмасликни сўраган фуқаросига кўра, агар маҳалла аҳли истаган шахс ҳокимиятга маъқул келмаса¸ у сайловга ҳам қўйилмайди, оқсоқол ҳам бўлолмайди:

- Қанақа халқ сайлайди¸ халқ сайламайди. У одамига қараб, мисол учун унақанги кўп талаб қиладиган одам ҳеч қачон бўлмайди. Фақатгина ўшалар айтган гапни тасдиқлаб “ҳа” деб бошини эгиб турадиган одамни сайлайди бу ерда. Бу ерга халқсевар одам ҳеч қачон бўлмайди. Мана бу ерда бизда бор иккита одам. Шу одам қишлоқ фуқаролар йиғинининг раиси бўлармиш¸ деди. Кейинчалик билсак, улар халқ учун жон куйдирадиган, жон фидо қиладиган одамлар эди. Уларни қўйишмайди, қўйишмайди, ҳақиқатан улар бўлмади. У ëқдан сайланади. У одам сўралади. Қонунни ўқисангиз, демократик тарзда бўлаëтгандайку, лекин ҳеч қанақа демократия йўқ. Ҳокимият айтганини бажарадиган одам сайланади, дейди бу суҳбатдош.

Жиззахлик бу сайловчининг айтишича¸ айни пайтда маҳалла оқсоқоллари маҳалладаги камбағал оилаларга қайишиш, уларга ёрдам бериш ўрнига¸ аксинча¸ кам таъминланган оилаларнинг нафақаларига ҳам шерик бўлмоқда:

- Масалан¸ биздаги оқсоқол халқнинг бирорта мушкулини енгил қилгани йўқ. Булар энди бюджет томонидан таъминланган одамлар. Кам таъминланган уйларга ëрдам кўрсатадиган одамларда энди. Бу ерда бориб моддий ëрдам оладиганларни кўрсангиз, тагида Нексияси бор, иши зўр шунақа одамлар. Қаердаги камбағал, ҳақиқатан оиласида етишмовчилиги бор оилалар нафақа олмайди. Бизда шунақа аëл киши бор, маҳалла оқсоқоли ёрдамчиси. Ўша қизга бир ëки ики ойлигини бермасангиз, нафақага чиқармайди, дейди жиззахлик суҳбатдош.

Ўзбекистон қонунчилигига кўра, маҳалла фуқаролари йиғини раислари сайлови ҳар 2¸5 йилда бир марта ўтказилади ва сўнгги сайловлар 2008 йилнинг ноябр-декабр ойларида бўлиб ўтган эди.

Олий Мажлис Сенати ахборот хизматининг билдиришича¸ бўлажак тадбирда 9 973 фуқаролар йиғини раислари сайланади. Улардан 8 383 нафари маҳалла оқсоқоллари¸ 1590 нафари эса қишлоқ фуқаролар йиғини раисларидир
XS
SM
MD
LG