Линклар

5 май куни Туркманистон президенти ҳамкасби Ислом Каримов таклифига биноан Ўзбекистонга келди.

Икки кун давом этадиган ташриф мобайнида, Ўзбекистон расмий ахборот агентликларининг хабар қилишларича, Ўзбекистон-Туркманистон ҳамкорлигини кенгайтириш ва ривожлантириш масалалари, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб муаммолар муҳокама қилинади.

Шунингдек, музокаралар якунида икки давлатнинг турли соҳалардаги ҳамкорлигини янада ривожлантиришга қаратилган қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилгани айтилмоқда.

Айни пайтда Бердимуҳаммедов ва Каримов ўртасида бўлиб ўтажак музокаралар ва имзоланажак ҳужжатларга оид тафсилотлар расман очиқланганича йўқ.

Хабарларга кўра, Тошкентда Туркманистон президентини олий меҳмондай кутиб олишга астойдил тайёргарлик кўрилган – “Президент трассаси” бўйлаб икки мамлакат байроқлари тикилган, йўл чизиқлари янгиланган, йўл четидаги тўсиқлар янгитдан бўялган.

Ўзбекистон пойтахтида Бердимуҳаммедов ташрифига бу қадар аҳамият берилиши, кузатувчиларга кўра, икки қўшни давлат расмийлари манфаатларининг муштараклиги билан боғлиқдир.

“Туркманистон-Ўзбекистон-Қозоғистон-Хитой” трансмиллий газ қувури қурилиш лойиҳасининг амалга оширилиши, “Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Уммон-Қатар” халқаро транспорт йўлаги бўйича музокаралар ана шулар жумласидандир.

Шунингдек, айрим таҳлилчилар Каримов ва Бердимуҳаммедов муносабатида кузатилаётган илиқликни Ўзбекистон президентининг Туркманистон раҳбари тимсолида Роғун ГЭСига қарши курашда ҳаммаслак қидираётгани билан изоҳламоқдалар.

Мавзу тафсилотлари билан кун давомида танишасиз.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG