Линклар

logo-print

Тожикистонда қочоқ маҳбуслар устидан ҳукм ўқилди

  • Гулнора Равшан

Ўтган йил августида Душанбе ҳибсхонасидан қочган саккиз маҳбусни Тожикистон Олий суди турли йилларга озодликдан маҳрум қилди.

Қочқин маҳбуслар устидан маҳкама ҳукми 3 май куни Миллий хавфсизлик ҳибсхонасида, ёпиқ эшиклар ортида ўқилди.

Олий суд масъуллари буни “давлат сири билан боғлиқ далиллар бор”лиги билан изоҳлади.

Олий суд ҳарбий коллегияси раиси Абдужаббор Сатторовнинг Озодликка маълум қилишича, қора курсига ўтирган саккиз судланувчига уюшган жиноятчилик, чегарани ноқонуний ўтганлик, ноқонуний қурол-аслаҳа сақлаганлик, қамоқдан қочиш, қуролли қаршилик кўрсатиш каби айбловлар қўйилган.

Бироқ Абдужаббор Сатторов сешанба куни ўқиб эшиттирилган ҳукм юзасидан тўлароқ маълумот беришдан тийилишини билдирди.

Олий суд судланганлар орасида тожик генерали Ғаффор Мирзоевнинг укаси Абдурасул Мирзоев ҳам бор.

Унинг оқловчиси Бузургмеҳр Равшанов ўз ҳимоясидаги Абдурасул Мирзоев ўттиз йилга озодликдан маҳрум қилинганини маълум қилди.

Шунингдек, оқловчи Бузургмеҳр Равшанов яна икки маҳбус, яъни Россия фуқаролари Магамет Ахмедов ва Али Алиев ҳам ўттиз йилданга кесилганини билдирди.

“Қочиш ташкилотчилари” дея қаралаётган Магамет Ахмедов ва Али Алиев 2009 йил Тавилдарадаги тартибсизликларда қўли борликда айбланиб, ўтган йили ёз бошларида 19,5 йилданга қамалганди.

Оқловчи Бузургмеҳр Равшановнинг айтишича, судланганлар орасида яна тўрт нафар тожикистонлик бир умрлик қамоқ жазоси олган. Яна бир нафари эса шартли жазо билан суд залидан озод қилинган.

Аснода Абдурасул Мирзоевнинг синглиси Ойша Мирзоева суд ҳукми адолатсиз бўлганини айтади.

- Бизга нисбатан худди Сталин қатағони йилларида бўлгани каби иш тутилаяпти. Айнан Сталин репрессияси. Абдурасул одам ўлдиргани йўқ-ку. У ҳеч қандай оғир гуноҳ қилмаган. Ғаффор Мирзоев гуноҳ қилган бўлса, унинг укаси Абдурасул, қариндош-уруғи нима гуноҳ қилдики, 50 ёшга кирган Абдурасулни ўттиз йилга қамоққа тиқишади. Бизнинг гуноҳимиз Ғаффорнинг яқинлари бўлганимиздами? - дейди Олий маҳкама ҳукмидан норози бўлган Ойша Мирзоева.

Айни пайтда Абдурасул Мирзоевнинг оқловчиси Бузургмеҳр Равшанов ҳам ҳукм адолатсиз чиқарилганини ва ҳозирда кассация тартибида шикоят аризаси ҳозирлаётганини маълум қилди.

- Ҳукмга мувофиқ, шу ўттиз йиллик жазонинг беш йилини Абдурасул Мирзоев қаттиқ режимли колонияда ўтказади. Биз ҳимоямиздаги Абдурасул Мирзоевга нисбатан ҳукм адолатсиз чиқарилган, деган хулосага келдик. Ҳукмнинг шу қисми бўйича кассация тартибида шикоят аризаси ҳозирлаяпмиз, - дея билдирди оқловчи Бузургмеҳр Равшанов.

Эслатсак, 2010 йил 24 августига ўтар кечаси Душанбе марказидаги Миллий хавфсизлик қўмитасининг вақтинча сақлаш ҳибсхонасидан энг оғир жиноятларда айбланиб, узоқ йиллик қамоқ жазоларини ўтаётган 25 нафар маҳбус қочган эди.

Қочиш чоғида шу қамоқхонанинг уч қўриқчиси ўлдириб кетилганди. Шунинг баробарида маҳбуслар Тожикистон Адлия вазирлиги тергов ҳибсхонасига ҳам ҳужум қилиб, у ерда ҳам тўрт қўриқчини ўлдиргани айтилганди.

25 қочқин маҳбусдан ҳозиргача 14 нафари қўлга олинган. Улардан тўрт нафари махсус амалиётлар чоғида отиб ўлдирилган, яна еттитаси эса ҳамон озодликда қолмоқда. Озодликда қолаётган қочқин маҳбуслар орасида, расмий маълумотларга кўра, икки ўзбекистонлик ҳам бор.
XS
SM
MD
LG