Линклар

logo-print

Қирғизистонда 2010 йилдан мамлакатни парламент республикасига айланишига сабаб бўлган Конституцияни ўзгартириш ҳақидаги талаблар тобора баралла янграмоқда.

Конституция куни муносабати билан чиқиш қилган қирғиз президенти Роза Ўтунбаева 5 май куни президент сифатида Конституцияга ўзгартишлар киритиш лозим, деб ҳисоблашини айтди:

- Ҳаёт Конституциянинг айрим жойлари чала экани ва шу муносабат билан унга ўзгартишлар киритишни талаб қилмоқда. Масалан, янги Конституцияда ташқи ва ички сиёсатни ким белгилаши, парламентдаги ҳукмрон коалиция шартномаси қандай асосда тузилиши лозимлиги белгиланган эмас, - деди Роза Ўтунбаева.

Бироқ 2010 йилда қабул қилинган янги Конституцияда мазкур Қомусга 2020 йилгача ўзгартишлар киритиш мумкин эмаслиги қайд этилган.

Конституция муаллифларига кўра, 1993 йилда қабул қилинган Қирғизистон бош қонунида айнан шундай модда бўлмагани учун у 10 мартадан ортиқ таҳрир қилинган. Оқибатда бутун ҳокимият фақат бир шахс ва бир оила қўлида жамланиб қолишига, ҳокимиятни узурпация қилишга йўл очиб берилган. 2007 йилда эса мазкур Конституция бир ой ичида уч марта янгиланган. Ниҳоят 2010 йилда Қирғизистонда мутлақо янги, мамлакатни парламент бошқарувидаги давлат сифатида эътироф этган Конституция қабул қилинди.

- Аввалги сиёсий системада ҳокимият деган касалликдан бир шахсни даволашнинг йўли бўлган эмас. Бугунги Конституция эса бир одамга ҳокимиятни бутунлай эгаллаб олиш имкониятини бермайди. Бу Конституция сиёсий рақобатга асосланган сиёсий система учун яратилган, - деди янги Конституция муаллифи, парламент депутати Ўмурбек Текебаев.

Айни пайтда айрим сиёсатчилар янги Конституция Қирғизистонни боши берк кўчага олиб кириб қўяди, чунки мамлакат ҳали сиёсий рақобатга асосланган парламент бошқарувига тайёр эмас, деб ҳисоблайдилар. Бундай нуқтаи назардаги сиёсатчилар Қирғизистонни яна президент бошқарувидаги давлатга айлантириш учун Конституцияни ўзгартириш ғоясини жамоатчилик орасида кенг тарғиб қилмоқда. Улардан бири президент Бакиев даврида давлат котиби лавозимини эгаллаган сиёсатчи Адахан Мадумаровдир.

- Биз, Бутун (яхлит маъносида – таҳр.) Қирғизистон партияси “парламент бошқаруви мамлакатни жар ёқасига олиб бориб қўяди, давлат кучли ҳокимиятсиз қолади”, деб башорат қилган эдик. Бу башоратимиз рўёбга чиқа бошлади. Халқ ҳам Коснтитуцияни ўзгартириш ғоясини қўллайди, - деди Адахан Мадумаров.

Бироқ янги Коснтитуция муаллифи Ўмурбек Текебаев бундай фикрларга қўшилмайди:

- Бизнинг сўнгги 20 йиллик тарихимиз, биз билган президентлик бошқаруви Қирғизистон шароитида самарасиз эканини кўрсатди. Мамлакатдан икки марта президент қувилди. Шундай шароитда яна президентлик бошқарувини, яъни ҳокимиятни фақат бир қўлга жамлашга асосланган сиёсий системани тиклашга бўлган ҳаракат сиёсий чаласаводликдир, - деди Ўмурбек Текебаев.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG