Линклар

Қирғизистон чегара хизмати ўз ходимларининг водиллик Рўзали Мирзааҳмедов уйига бостириб кириши билан боғлиқ ҳодисани рад этди.

4 май куни “Белий парус” веб-нашри “Катта йўлдаги чегарачи. Ўзбек-қирғиз чегарасидаги бошбошдоқликнинг охири йўқ” деб номланган мақола чоп этди.

Мақолада шу йилнинг апрел ойи охирларида Фарғона вилоятининг Қирғизистон билан чегарадош бўлган Водил қишлоғида истиқомат қилувчи Рўзали Мирзааҳмедов уйига Қирғизистоннинг “Кўтарма” чегара заставаси командири Ирисбек Эргешов бошчилигида 9 нафар қирғиз чегарачиси бостириб кириб, Мирзааҳмедовнинг Қирғизистон ҳудудида ноқонуний яшаётганини иддао қилгани хабар қилинади.

Воқеа жойига келган ўзбек чегарачилари қирғиз ҳамкасбларига Рўзали Мирзааҳмедов уйи чегаранинг делимитация ва демаркация ишлари битмаган баҳсли ҳудудида жойлашганини ҳамда 2003 йилда бўлиб ўтган ҳукуматлараро комиссиянинг қўшма мажлисида имзоланган 13-қарорига мувофиқ, чегара отряди чегаранинг баҳсли ҳудудларига ўтиш ҳуқуқига эга эмаслигини эслатган. Шундан сўнг қирғиз чегарачилари ўзбекистонликнинг уйидан чиқиб кетишган.

5 май куни Озодликка сўзлаган Қирғизистон чегара хизматининг матбуот котиби бу маълумотларни рад этди.

- Биз томондан бундай ҳолат бўлмаган. Бизда “Кўтарма” чегара заставаси йўқ. бизда “к” харфига кетувчи “Қатран”, “Қулунду”, “Қапчиғай” деган заставалари бор, - деди Қирғизистон чегара хизмати матбуот котиби Салқин Абдуқариева.

Айтиб ўтиш жоизки, қирғиз-ўзбек чегарасининг баҳсли ҳудудлари истиқомат қилувчи икки давлат фуқаролари бу каби муаммоларга тез-тез дуч келиб туришади.

Масалан, апрел ойи охирида Ўзбекистон билан чегарадош Ўш вилоятига қарашли Тўямўйин қишлоғида чегарани ноқонуний бузиб ўтганликда айбланиб, уч нафар ўзбекистонлик қўлга олинган.

“Аравон туманининг Туямўйин қишлоғида ноқонуний яшаяпти” деган гумон билан қўлга олинган ўзбекистонликлар 1967 йилдан буён шу ҳудудда яшаб ва ишлаб келаётганларини айтадилар.

- 1967 йилдан бери шу ерда яшаймиз. Фарғона каналидан Туямўйин қишлоғи дехқонларига Ўзбекистондан сув ҳайдаб келамиз. Деҳқонлар бизни: “Ўзбекистонга бориб, сув очиб беринглар” деб чақиришади, - деди қўлга олинган ўзбекистонликлардан бири.

Туямўйин қишлоғи раҳбари Анарбай Исабаев қирғиз дехқонларига ёрдам бериш билан шуғулланиб келаётган ўзбекистонликларни ўз юртига қайтариш ёки чегарани ноқонуний бузгани учун қамаш қишлоқ деҳқонлари зиёнига ишлашини айтади.

- Сув Андижон вилоятининг Марҳамат туманидан келади. Бу одамлар Ўзбекистондан Союз вақтида келишиб, шу ерда ўрнашиб қолган. Буларни “кет” десак, Ўзбекистондан бизга сув ўтмай қолади ва ўртадаги алоқа узилади. “Бизнинг фуқароларни ҳайдашди” деб, бизга сув беришмай қўяди. 1200 гектар ерда қанча деҳқонларимиз тирикчилик қилади. Буларни кетказсак, ўртада можаро чиқади, бу одамлар бу ерда туриб, Ўзбекистондан қанча сув ўтгани тўғрисида ўзининг гидропостига хабар бериб туради, - деди Анарбай Исабаев.

Эслатиб ўтамиз, 2010 йилнинг 7 апрелида Қирғизистонда юз берган воқеалардан кейин Ўзбекистон ўзининг Қирғизистон билан чегараларини бир томонлама ёпган. Июн ойида Ўш ва Жалолободда содир бўлган воқеаларидан кейин эса Ўзбекистон чегара назоратини янада кучайтирган. Чегараларнинг бир йилдан буён ёпиқ туриши икки давлат фуқаролари учун турли қийинчиликларни туғдирмоқда.

Қирғизистон чегарачилари тарқатган маълумотга кўра, 2009 йили Ўзбекистон билан чегарада 41 маротаба, Тожикистон билан чегарада 16 маротаба, 2010 йили Ўзбекистон билан чегарада 38 маротаба, Тожикистон билан чегарада эса 24 маротаба можаро юз берган. Жорий йилнинг дастлабки 3 ойида эса Тожикистон билан чегарада 8 маротаба, Ўзбекистон билан чегарада 7 маротаба можаро юзага келгани қайд этилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG