Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:47

Ўзбекистон матбуоти Усама бин Ладин ўлими ҳақида сукут сақламоқда


Ўзбекистон телеканаллари халқни асосан кўнгилочар дастурлар билан "хурсанд" қилишда давом этмоқда.
Ўзбекистон телеканаллари халқни асосан кўнгилочар дастурлар билан "хурсанд" қилишда давом этмоқда.

Дунëнинг бош янгилиги бўлмиш Ал-Қоида етакчисининг ўлдирилиши Ўзбекистонда янгилик деб топилмади.

Ўтган йиллар давомида Усама бин Ладин етакчилик қилган Ал-Қоида террор тармоғи Ўзбекистон раҳбарлари томонидан бир неча бор тилга олинган эди.

Мамлакат хавфсизлигига таҳдид солаётгани иддао қилинадиган Ўзбекистон исломий ҳаракатининг Ал-Қоида томонидан молиялаштирилаётгани, бу ҳаракат аъзоларининг Ал-Қоида лагерларида ҳарбий тайёргарликдан ўтгани ҳақидаги гаплар диний айбловлар билан маҳкамага тортилган аксарият маҳбусларнинг жиноий иш тўпламларидан ўрин олгани кўп бор айтилган, - дейди ҳуқуқ ҳимоячиси Суръат Икромов.

- Диний эътиқод бўйича судланганларнинг кўпининг Ал-Қоидага алоқадорлиги гапирилган. Мен кўпининг айблов хулосаларини ëки ҳукмларини ўқиганман¸ ўшанда бор. Алоқадорлигини гўë кўрсатишаяпти. Тўғридан тўғри кимдандир, қандайдир миқдорда моддий пул олганлиги тўғрисида гапирилмайди-ю, лекин ўшанга алоқадорлигини гапиришлар бўлган. Лекин негадир мана ҳозир бин Ладиннинг йўқ қилинганига бир неча кун бўлаяпти. Негадир Ўзбекистон ҳукумати бошқача позицияга тушиб қолган. Мен ўзим ҳам бунга ҳайрон қоляпман, дейди Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов.

Каримов ҳукумати ўз асосий душманларидан деб билган Ўзбекистон исломий ҳаракатининг маънавий оталаридан саналган Усама бин Ладиннинг ўлдирилиши ҳақидаги хабар нега Ўзбекистон оммавий воситалари томонидан ëйинламади?

Бунинг боисини билиш мақсадида Ўзбекистондаги бир қанча ҳукумат нашрлари билан боғландик.

Ўзбекистон Ахборот агентлиги директори ўринбосари Қулман Очилов “ноқулай” саволни эшитгач, вақти йўқлиги, ярим соатдан кейин қўнғироқ қилишимизни сўради. Бироқ ярим соатдан сўнг ҳам, икки соатдан сўнг ҳам боғланганимизда саломга алик олган Қулман ака биз эканлигимизни билгач гўшакни қўйиб қўяверди.

“Халқ сўзи” газетасининг халқаро бўлими мудири Шавкатжон Ортиқов ҳам саволни эшитгач “иши жуда ҳам кўплигини” айтиб, хайр-маъзур қилди.

“Жаҳон” ахборот агентлигидан ҳам бу ҳақда ҳеч қандай жавоб ололмадик. “Директор шу ерда, ҳозир улайман” деган котиба, бир зумдан сўнг директор хонасида йўқлигини айтди.

Хуллас, расмий матбуот вакилларидан ҳеч ким бу саволга жавоб беришга журъат қилмади.

Овозини эшиттирмаслик шарти билан Озодликка гапирган Ўзбекистон телевидениеси журналистларидан бирининг айтишича, мамлакат ташқарисида содир бўлган сиёсий воқеалар фақат президент девонининг рухсати билангина эфирга берилади:

- Биласизми, агар эътибор берган бўлсангиз биздаги хориж хабарлари фақат тошқинлар, зилзилалар, умуман табиий офатлар ҳақида бўляпти. Бу дегани, халққа кўрсатиб қўйишмоқчи, мана кўринглар, Ўзбекистон тинч, дунё эса фалокат оғушида, демоқчида. Лекин ҳозирги одамлар ўн йил аввалги одамлар эмаску, одамлар кўриб-билиб турибди, миллий телевидениенинг кўп воқеаларни яшираётганини.

Дунёда содир бўлган муҳим воқеаларни халқдан яширишга буйруқ эса, тепадан, президент девонидан келади. Телевидение раҳбарлари қадам босишга ҳам юқоридан рухсат сўрайди. Улар ишини йўқотмаслик учун ёлғонга, алдовга, ҳамма нарсага тайёр. Биз ўзимиз ҳам раҳбарларнинг айтганларини бажаришга мажбурмиз. Бўлмаса ишсиз қолишимиз турган гап, дейди Ўзбекистон телевидениесининг исми ошкор этилмаслигини сўраган ходими.

Ўзбекистонлик мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов фикрича, Усама Бин Ладиннинг ўлдирилиши ҳақидаги хабарни бермаслик юқорининг топшириғи эмас, балки журналистларнинг ўта эҳтиёткор бўлиб қолгани билан боғлиқ бўлиши мумкин:

- Бу топшириқ юқоридан бўлмаслиги ҳам мумкин. Бир гап бор, агар эшитган бўлсангиз. Агар филни бир дарахтга йиллаб боғлаб қўйсангизу, ундан сўнг арқонни ечсангиз фил ҳеч қаёққа кетмайди, ўша дарахт атрофида айланиб ётаверади. Ўзбек журналистлари худди шундай¸ эҳтиëткор бўлиб қолди. Масалан¸ шу нарсани бериш керакми ëки бериш керак эмасми¸ деган савол пайдо бўлади, хавотир пайдо бўлади. Кимдир журъат қилиб бермагунча, бошқалар бермайди.

Энди Усама бин Ладин масаласи, биринчидан бошида Обама расман эълон қилмагунча баҳсли масала бўлиб қолди. Чунки “Ўзбекистон овози” газетаси Ўзбекистон исломий ҳаракатининг раҳбари Тоҳир Йўлдошнинг ўлдирилгани ҳақида хабар бериб қўйиб, кейин у ўлмай қолиб, анча-мунча гаплар бўлган эди. Шу нуқтаи назардан ўлим билан боғлиқ гапларни беришда Ўзбекистон нашрлари муҳаррирлари, журналистлари чўчишади. Рискка боришни хоҳлашмайди.

Ўзбекистон ҳукумати ўша хабар тўғри бўлса, индамаслиги мумкин. Нотўғри бўлса, албатта¸ ўша журналист ёки муҳаррир бошида кўп таëқлар синади. Шу нуқтаи назардан¸ журналистларнинг ўзи эҳтиëткор бўлиб қолган. Усама бин Ладин ҳақида Ўзбекистондаги uz домендаги нашрларда менинг ўзимнинг кўзим тушди. Радиода ҳам беришди деб¸ менга айтишди. Лекин шахсан мен ўзим эшитганим йўқ. Бундан ташқари телевидениеда ўзим кўрганим йўқ. Балки кечикиб бўлса ҳам қанақадир хабар беришар, дейди мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов.

Ўзбекистон радиоси журналисти Нарзулла Охунжоновнинг айтишича, Усама бин Ладиннинг ўлдирилишига оид хабар радиода бир неча бор берилди ва бугун-эрта матбуотда ҳам пайдо бўлиб қолса керак:

- Берилди, радиода икки-уч марта эшитдим. Ўзбекистон матбуотида¸ масалан¸ даврий нашрлардан энди “Халқ сўзи” ёки бошқасини билмадиму, лекин бошқа бир нашрлар бир кун чиқади, иккинчи кун чиқмайди. Икки кун чиқса, бир кун чиқмайди. Масалан¸ партия нашрлари бир ҳафтада бир марта чиқади. Нашрларнинг бугун чиқадиганлари ҳам борку. Балки чиқиб қолар, дейди Ўзбекистон радиоси журналисти Нарзулла Охунжонов..

Ўтган ойлар давомида Сурия, Миср ва Ливанда содир бўлган халқ ғалаёнлари ҳам Ўзбекистон телеканаллари ва ҳукумат нашрларида ёритилмади.
XS
SM
MD
LG