Линклар

АҚШ Президенти Барак Обама Усама бин Ладиннинг ўлдирилгани муносабати билан Нью Йоркда ўтказилган 11 сентябр террор хуружлари қурбонларини хотирлаш маросимида қатнашди.

Обама "Ground Zero", яъни Ал-Қоида 2001 йил 11 сентябр куни вайрон қилган Эгиз миноралар турган жойдаги обидага гулчамбар қўйди.

Хотира маросимида қатнашган 11 сентябр қурбонларининг яқинлари олдида қилган чиқишида Обама, “уларни ёддан чиқармаймиз дер эканмиз, бу шунчаки қуруқ гаплар эмас”, дея таъкидлади.

Бин Ладин етакчилик қилган Ал-Қоида ташкилоти амалга оширган террор хуружи оқибатида Нью Йорк, Вашингтон ва Пенсилванияда уч мингга яқин одам ҳалок бўлган эди. Улар орасида ўзбекистонлик Гавҳар Қамариддинова ҳам бўлган.

Ундан аввал Обама 2001 йил 11 сентябр фожиасида 15 ходими ҳалок бўлган Нью Йорк ёнғин бошқармасига борди.

- Адолатни қарор топтириш биз учун сиёсат, сиёсий қарашлардан устундир, бу жиноят содир этилганда ким иқтидорда бўлганидан қатъий назар, биз бу даҳшатли хуружни уюштирганларни топиб, жазолашимиз шарт,- деди Обама ўт учирувчилар билан мулоқоти чоғида.

Усама бин Ладин душанба куни Покистонда АҚШ махсус кучлари амалга оширган махфий операция натижасида йўқ қилинди.
XS
SM
MD
LG