Линклар

logo-print

Ўзбекистон: ҳадик чўпданми?

  • Абдулла Искандар

Айрим ўзбекистонликлар эҳтимолий исёнчиларни қўлга олиш учун тиш-тирноғигача қуролланган махсус гуруҳ келаётганини айтишмоқда.

Айрим ўзбекистонликлар эҳтимолий исёнчиларни қўлга олиш учун тиш-тирноғигача қуролланган махсус гуруҳ келаётганини айтишмоқда.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари Фарғона водийсида эҳтимолий исёнкорлар устидан назорат кучайтирилганини айтишмоқда.

Миср, Тунис, Баҳрайн ва Ливияда кечаëтган инқилоб шарпаси Ўзбекистонда ҳам ораламасин деган мақсадда Фарғона водийсида эҳтимолий исëнкорлар устидан назорат яна кучайтирилди.

Бу маълумотни Андижон, Наманган ва Қўқондаги инсон ҳуқуқлари фаоллари Озодликка билдиришди.

Айтилишича, кимдир салгина тузумдан шикоят қилса ëки маҳаллий посбонлар назарига шубҳали туюлса, посбонлар чақируви асосида зудлик билан қора ниқоб кийган махсус ходимлар етиб келмоқда.

Қора ниқоб кийган бу ходимларнинг МХХга оид махсус зобитлар экани иддао қилинади.

Қўқонда ана шундай ходимлар Ўзбекистон халқ ҳаракати фаоли экани гумонланган шахсни олиб кетиш учун келганида, уларга қаршилик қилган аëлни жароҳатлашган.

Исми айтилишини истамаган воқеа гувоҳи бу ҳақда Озодликка гапирди.

- Уйига кириб дўппослаб, ҳатто аëлларни ҳам дўппослабди. Пичоқ тираб уришиб...

Озодлик: Пичоқ тираган киму тиралган аëл ким? Ҳаммасини гапириб беринг.

- Пичоқ тираганлар Тошкентнинг СНБ ходимлари. Қора маскада автомат билан уйига бостириб кирган. СНБ ходимлари бўлган. Бунга ҳеч қандай милициялар аралашмаяпти. Тошкентнинг СНБлари қилаяпти бу ишларнинг ҳаммасини.

Озодлик: Қўқонда бўлаяпти-а?

- Ҳа. Бошқа шаҳарларда ҳам бунақа ҳолатлар бўлаяпти экан.

Озодлик: Аëл ким?

- Қорнига пичоқ тиралган аëл давлатнинг сиëсатига қарши иш олиб бораяпти деб гумон қилинган.

Озодлик: Нима учун бу аëлнинг уйига келишган?

- Хўжайини Россиядан келган. Хўжайинини гумон қилган. Оқимларга қўшилиб қолган деб гумон қилганда, аëл киши “унақамас” деб ўртага тушган. Ундан кейин аëлнинг қорнига пичоқ тираган булар. “Ўзбекистонга қарши Россия шаҳарларида, ҳар хил давлатларда ҳаракат кетаяпти экан. Ҳужум қилиш, ҳар хил ҳолатлар кутилмоқда”, деб туриб шунга қарши тайëргарлик кўрилаяпти экан.

Ҳаммани текширишиб, "Қарши ҳаракатлар қандай бўлаяпти, шунақа қарши ҳаракатга қўшилганмисан ëки йўқми", деб қийноқларга солинаяпти.

Ҳақиқатан ҳам шунақа ҳаракат бўлаëтган бўлса, қўшилишга тайëр бўлиб турибди. Шунақа кайфиятга тушиб қолдикки, бу нарсанинг охири бўлмаяпти бир. “Енгиллик бўлар, яхши бўлиб кетар. Яхши кунлар ҳам келиб қолар”, деган сари баттар кучаяяпти. Бу нарсани қарши ҳаракат қилиб айтишга ҳам тайëр бўлиб турибмиз, -дейди суҳбатдош.

Суҳбатдошимиз бу каби воқеалар Фарғона водийсининг бошқа ҳудудларида ҳам рўй бераëтганини айтди.

- Тунов куни Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида аëллар Хитой молларини Ўзбекистонга машинада олиб ўтар экан. Енгил машиналарда савдо иши билан. Шунда битта аëлнинг молини олиб қўйганда кўчада дод-фарëд солганда қора маскали автомат билан бир бола келиб “ўчир унингни” деганда, у ўчирмай баттар дод-вой қилган. Ҳалиги спецназ одам аëлнинг қорнига тепган. Аëл ҳушидан кетган. Ўша ерда турган маҳалладаги одамлар ҳаммаси “Ҳей, сени ҳам она туққанми” деганда “Ҳаммангни ҳозир отиб ташлайман. Яна ким гапиради”, деганда ҳамма индамай қолиб кетган. Аëлни машинага солиб маҳалладагилар докторга олиб кетишган. Шунақа ҳолатлар кўп ҳозир, - дейди суҳбатдош.

Исми сир қолишини истаган суҳбатдош назарида Ўзбекистон куч ишлатар тизимлари Фарғона водийсида эҳтимолий исëнлар чиқмаслиги учун кенг миқëсда тадбирлар олиб бормоқда.

Қўқондаги воқеадан хабардорлигини айтган наманганлик журналист Носир Зокир ҳам водийда назорат кучайгани ва шу кунларда уни ҳам махсус огоҳлантиришганини таъкидлади.

- Назорат кучайгани рост. Ҳақиқатан назорат кучайган. Кечаси билан мана шу ерда машина туради, бошқа бўлади. Кузатиш кучайган. Илгари битта одам қараб юрган бўлса бизга ўхшаган одамларга, ҳозир иккита-учта, қадамимиз ҳам ўлчовдада. Ҳуқуқ-тартибот органидан бир киши телефон қилиб: “Ака, ўзингиз тушунасиз бу ëғини. Тушунтиришнинг кераги йўқ. Эҳтиëт бўлиб туринглар. Ҳозир вазиятни кўриб турибсизлар”, деган гап бўлди. Одамнинг асабини қўзғайдиган гап энди. Бор гап-да энди, - дейди Носир Зокир.

Ўзини Мансур Мадалиев деб таништирган қўқонлик маҳалла фаолининг Озодликка берган микрофонсиз суҳбатидан маълум бўлишича, Араб ярим оролидаги ғалаëнлардан кейин, маҳалла оқсоқолига куратор ўлароқ бириктирилган МХХ зобити маҳалладаги эҳтимолий исëнкорлар рўйхатини тузишни буюрган. Бу рўйхатга асосан яқинлари диний айблар билан қамалган ëки қариндошлари чет давлатда сиëсий бошпана олганлар кирган.

Фарғона водийсида назоратнинг кучайиши май бошида Германияда ўтган мухолифатнинг “Каримовни тинч ағдаришга” бағишланган йиғилиши кунларига тўғри келди.

Германиянинг Дюсселдорф шаҳрида уч кун давом этган бу йиғинда "Андижон -Адолат ва Тикланиш" ташкилоти, "Эрк" демократик партияси, хусусан партия лидери Муҳаммад Солиҳ ва қатор бошқа сиёсий таҳлилчи ва мухолиф фаоллар иштирок этиб, Ўзбекистонда “бўйсунмаслик” тадбирлари ва “Каримовни тинч ағдариш” масаласини кўришган.

“Бу қадамлар Ўзбекистонда қолган яқинларингиз ҳаëтини мушкуллаштиришини ўйламаганмидингиз?” деган саволга "Андижон -Адолат ва Тикланиш" ташкилоти вакили Шамсиддин Атаматов жавоб берди.

- Агар биз бу қадамни ташламаганимизда ҳам кўрилаяптию. Қанчадан қанча бегуноҳ одамлар қамалаяпти, қанчадан қанча бегуноҳ одамлар қамоқхоналарда ўлаяпти, қанчадан қанча бегуноҳ оилалар таҳқирланаяпти. Ўзи бу зулмнинг чўққисига етиб келганини ҳисобга олиб туриб бу қадамлар қўйилаяпти. Бу қадам одамларга ëмонлик келтирувчи қадам эмас. Аксинча зулмда қолган, ночорликда қолган одамларни адолат сари етакловчи қадам деб билаяпмиз,- дейди Шамсиддин Атаматов.

Айни пайтда Қўқон шаҳар Ички ишлар бўлими вакилининг Озодликка айтишича, Фарғона водийсида ҳеч қанақа одатдан ташқари ҳолат кузатилмаган ва милиция одатий тартибда ишламоқда.

“Қўқон садоси” газетасининг Озодлик билан суҳбатлашган ходими ҳам шаҳар тинч ва осуда эканлигини айтади.

- Унақа хабар келгани йўқ бизга.

Озодлик: Ўзи тинчми Қўқон?

- Тинч. Ҳеч нарса бўлгани йўқ. Тинчлик, - дейди “Қўқон садоси” газетасининг Озодлик билан суҳбатлашган ходими.

Наманганлик журналист Носир Зокир водийда исëн потенциали у қадар сезилмаëтганини билдирди.

- Одамларнинг юрагида ҳозир жуда қаттиқ қўрқув бор. Биласизми одамлар шу даражага тушиб қолдики, фақат тирикчилик билан банд. Ўзи билан ўзи бўлиб кетган, - дейди наманганлик журналист Носир Зокир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG