Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 03:10

Aбдулла Тожибой ўғли: Ҳамма нарсага президент жавобгар


Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Абдулла Тожибой ўғли.
Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Абдулла Тожибой ўғли.

Абдулла Тожибой ўғли 13 майни хотира ва мотам куни сифатида эълон қилинишини талаб этаётганлардан бири.

Келаси ҳафтада 2005 йилнинг 13 май куни Андижонда бўлиб ўтган воқеаларга 6 йил тўлади.

Бир гуруҳ ҳуқуқ фаоллари Ўзбекистон ҳукуматига 13 майни хотира ва мотам куни сифатида эълон қилиш таклифини киритмоқда.

Ўзбекистонда 2005 йил 13 май қирғинининг олти йиллиги арафасида мамлакатдаги бир гуруҳ ҳуқуқ фаоллари бу кунни хотира ва мотам куни деб эълон қилиш таклифи билан президент Ислом Каримов ва Олий Мажлисга мурожаат қилди.

Олти нафар ҳуқуқ фаоли имзолаган мурожаатда 2005 йилги Андижон фожиаси пайти ўз яқинларини йўқотганларга таъзия билдиришни истовчиларга 13 май куни соат 11 да Тошкентдаги Жасорат ҳайкали пойига гулчамбар қўйиш маросимида қатнашишларига изн сўралган.

Андижон қатлиомида расман 187 одамнинг ўлгани айтилади.

Шунингдек, мурожаатномада Ўзбекистоннинг ҳукумат органлари Андижон воқеалари пайти йўл қўйган хатосини тан олиши ва бегуноҳ ўлганларнинг яқинларидан узур сўраши мақсадга мувофиқ бўлиши айтилган.

Мухбиримиз мурожаатномани имзолаганлардан бири Абдулла Тожибой ўғли билан боғланди.

Тожибой ўғли мухбиримиз саволларига жавоб берар экан, Андижон воқеаларини жиноят, деб атаб бош айбдор сифатида Ўзбекистон президентини тилга олди.

Мухбиримиз Тожибой ўғлидан ўз иддаосини изоҳлаб беришни сўради.

- Гап шундаки, Ўзбекистон Республикасининг президенти ҳамма Ўзбекистонда бўлаëтган воқеликка кафил ва унга жавобгардир. Ундан кейин Ўзбекистон Республикаси президентини халқ у лавозимга қўядики, яъни халқ манфаати учун ишласин, халқнинг манфаатини кўзласин ва халқ учун яхшиликлар яратиб берсин деган мазмунда уни ўша ерга қўяди. Ўша жойни эплай олмадими халқ президентликдан олиб ташлашга ҳаққи бор. Шунинг учун мен айтмоқчиманки, агарда бизга халққа хизмат қила олмай бизларни шунақа ҳолатларга туширдими биз уни ҳамма вақт айблашга ва унинг лавозимдан кетишини талаб қилишга ҳаққимиз бор.

Озодлик: Сизлар 13 май хотира куни бўлсин деб таклиф киритар экансизлар, сизнинг дастлабки баëнотингизга қараганда ўша воқеаларнинг қурбони деб фақат ўша митингга чиққанларни айтаяпсиз. Милиция ходимлари, ҳарбийлар, бошқа давблат амалдорлари ҳам ўша куни ўлган деган маълумотлар борку. Уларни эсламаймизми?

13 май воқеасидан сўнг минглаб андижонликлар қочқинликка юз тутдилар.
- Албатта. Ўша вақтда тинч аҳолига ўқ отмаган милиция ходимлари, бошқа ташкилотдан қатнашган ходимларни, ҳукуматнинг қўли билан ўлдирилган инсонларни ҳам биз албатта қадрлаймиз ва уларга ҳам, уларнинг оилаларига ҳам таъзия билдирамиз.

Озодлик: Сизларнинг таклифингларга президентнинг, парламентнинг жавоби қандай бўлади деб ўйлайсиз?

- Президентнинг ëки парламентнинг жавоби қандай бўлишидан қатъий назар бу халқнинг онгига, халқнинг қалбида шу кун мотам. Бу фожиа. 100 йил бўладими хотирлаймиз бу кунни.

Озодлик: Сизнинг гапингизнинг мазмунидан демак президентдан, парламентдан жавоб бўлишига ўзингиз ҳам ишонмаяпсиз?

- Биз таклиф қиламиз. Биз ўша нарсани таклиф қилиб ўшанга чиқдик. Агар ҳақиқатан халқнинг қандайдир бир таклифларини инобатга олиб, улар ўз хатоларини инобатга олган ҳолда шу нарсани тўғри деб ҳисобласа, нур устига аъло. Биз уларни ҳурмат қиламиз. Агарда бу нарсага нима қилмаса кўрсатадики, ҳақиқатан шу ерда бўлган фожиани ҳақиқий айбдорлари шулар. Ўзини ўзи шу ерда маълум қила олади.

Андижон қурбонлари.
Озодлик: Мана шу таклиф битилган хатга сиз, Татяна Давлатова, Людмила Бросалина, Владимир Ҳусаинов, Марина Велиева бўлиб беш-олти кишигина қўл қўйибсизлар-а?

- Ҳа.

Озодлик: Шу беш-олти кишининг бу ташаббуси қанчалик кенг ëйилиши мумкин? Сизлар Ўзбекистон халқига қандай қилиб етказиб бера оласизлар шу маълумотни? Имкониятларинглар борми?

- Бу маълумотларни жўнатиш йўллари электрон почта орқали, расман хат сифатида тарқатиш йўллари ва ҳоказо йўллар. Мана шу йўллар билан биз, албатта, етказа оламиз. Мен ўйлайманки, албатта, Ўзбекистоннинг ичида бизнинг мурожаатларимизни, даъватларимизни эшитган, ўқиган одамлар оғзи билан бир-бирига етказади ва бу тўғрисида кўпчилик маълумотга эга бўлади.

Озодлик: Қаранг, Татяна Давлатова, Людмила Бросалина, Владимир Ҳусаинов, Марина Велиева, Анатолий Волков. Фақат битта сиз ўзбекча гаплашадиганлардан экансиз-да. Қолганлар ҳаммаси руслар. Нимага унақа?

- Мен ҳам анчадан бери шу саволни ўзимга бериб келаман. Нима учун ўзбеклардан ниҳоятда кам? Сабаби нима? Нима учун улар бунақа нарсаларга бош қўшмайди? Нима учун улар бу тўғрисида қайғуришмайди? Мени ҳам саволга тутаëтган нарса шу.

Озодлик: Ўзбекистондаги газеталар шунақа инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари тўғрисида ëзаркан “улар чет элдан грант олиш учун қилишади бунақа ишларни” деб ëзишади-да. Балки ростдан ҳам шунақадир? Олти киши шунақа хат ëзиб қўйиб ўзингларни бир иш қилиб қўйганга ўхшатиб, асл мақсадинглар пул олишдир халқаро ташкилотлардан.

Хориждаги ўзбекистонликлар 13 май кунини пикетлар билан хотирлайдилар.
- Мана қарангда. Ўз вақтида Сенатнинг олдида мен норозилик акциясига чиққанимда , ўша пайтда шаҳар терроризмга қарши кураш бўлими бошлиғи Сулиев деган полковник бор эди, шу киши билан мен бир марта юзма юз учрашиб қолдим-да. Шунда менга “Сизлар Ўзбекистонни бутун дунëга ëмонлайсизлар. Уларга ишлайсизлар. Сизлар пул оласизлар”, деб олдинига роса гапирди. Гапириб бўлгандан кейин мен у кишига “Агарда мен бирорта жойдан пул олаëтган бўлсам, қўлим борку ахир ўша ерда. Масалан, почта орқали оламан, банк орқали оламан. Шу нарса, менинг кимлардандир пул олганлигим сизларда борми? Қолаверса мен Ўзбекистонда ўзбек фуқаросининг ҳуқуқлари топталадими, чет элда ҳуқуқлари топталадими, Америкада топталса ҳам мен Америка ҳукуматига қарши ўзбекнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб чиқаман”, деганман.

Озодлик: Демак, бу ишлар билан шуғулланар экансиз, қандайдир чет элдан пул олиш ниятида қилмаяпсиз-а? Соф ниятда қилаяпсиз.

- Албатта.

Озодлик: Оддий тингловчимизнинг тилининг учида турган савол. Сизга нима зарил ҳаëтингизни хавф остига қўйиб?

- Чунки мен Ўзбекистонда бўлаëтган қонунбузарликлар, ҳуқуқбузарликларни қалбим ҳазм қила олмайди. Шунинг учун шу нарсага қўл урганман ва шуни давом эттириб келаман,- дейди Абдулла Тожибой ўғли.

Ўзбекистон расмийларига кўра¸ 2005 йил 13 май куни Андижонда 187 одам ҳалок бўлган ва уларнинг аксарияти экстремистлар.

Аммо ҳуқуқ ҳимоячилари ва воқеа гувоҳлари эса, ҳалок бўлганлар сонининг 1000 дан ортиши ва уларнинг аксари тинч намойишчилар эканлигини айтиб келишади.

Ўзбекистон ҳукумати 13 май воқеалари бўйича мустақил тергов ўтказилишига рухсат бермай келаяпти.
XS
SM
MD
LG