Линклар

Германиянинг Тошкентдаги элчихонаси ўзбек мухолифатининг шу ой охирларида Берлинда ўтказиладиган қурилтойига таклиф этилган "Эрк" Демократик партияси Бош котиби Отаназар Ориповга виза бермади.

Бу ҳақда Би-Би-Си Ўзбек хизмати Ориповнинг ўзига таяниб, хабар қилди.

Бир қатор мухолиф гуруҳларни бирлаштирган "Ўзбекистон Халқ Ҳаракати" шу ҳафта бошида Германиянинг Дюсселдорф шаҳрида учрашиб, Ўзбекистонда президент Ислом Каримовни тинч йўл билан ҳокимиятдан четлатишш йўлларини муҳокама қилган ва ташкилотнинг икл қурилтойини 25 май куни Берлинда ўтказишини билдирган эди.

Йиғинда 2005 йил 13 май кунги қирғиндан омон қолиб, ҳозир ўзга юртларда бошпана топган ўзбекистонликларни ўз ичига олувчи "Андижон -Адолат ва Тикланиш" ташкилоти, "Эрк" партияси, “Таянч” ҳаракати фаоллари қатнашишлари айтилганди.

Германия элчихонаси ходимлари Отаназар Ориповга "чақираётган томон сизни танимайдиган одамлар, шунинг учун виза беролмаймиз", деб айтишган.

Ўзбекистонда ҳарбий базага эга Германия 2005 йил ноябр ойида Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги ички ишлар вазири Зокир Алматовга, зеро у ЕИнинг исталмаган шахслари рўйхатида бўлса ҳам, даволаниши учун виза берган эди.

Алматов ўшанда Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи давлатларига кириши ман этилган 12 расмийси рўйхатида эди. Кейинчалик Андижон воқеалари учун Ўзбекистонга жорий этилган бу санкциялар бекор қилинган эди.

Отаназар Орипов ғарб давлати элчихонасидан ҳали шу пайтгача виза олиш билан боғлиқ қийинчиликларга дуч келмагани ва биринчи марта рад жавоби олаётганини айтган.
XS
SM
MD
LG