Линклар

logo-print

Миср пойтахтида шанба оқшом содир бўлган динлараро зўравонликда 6 одам қурбон бўлди.

Насронийларнинг Қоҳира шимолидаги Муқаддас Мино, деб номланган йирик черковида шанба яна тўқнашув бўлди ва сўнгги хабарларга кўра, 9 киши қурбон бўлган, 100 га яқин одам жароҳатланган.

Тўқнашув бир гуруҳ салафий мусулмон черковга бостириб кириб, черков жамоасидаги бир аёлни беришни талаб қилганидан сўнг бошланиб кетгани айтилмоқда.

Мусулмонлар бу аёл исломни қабул қилган ва уни зўрлик билан черковда сақлашмоқда, дейишган.

Мусулмонга турмушга чиққани айтилган бу аёл ҳақидаги хабарлар ҳозиргача тасдиғини топгани йўқ.

Хабарларга кўра, бир аёл устида бошланган тўпалон чоғида икки диний жамоа вакиллари бир-бирига қарата тош ва қўлбола портловчи мосламаларни улоқтирган.

Натижада, бронетранспортёрлар билан воқеа жойига борган полиция намойишчиларни тарқатиш учун ёш оқизувчи газ қўллагани, ҳавога ўқ узгани айтилмоқда.

Рейтер агентлиги хабарига кўра, мусулмонлар черковга ёпирилиб кирган кезда у ерда 500 га яқин насроний ибодат маросимини ўтаётган эди.

Тўқнашувлар чоғида черков ва унинг яқинидаги айрим уйларга ҳам ўтга кетгани айтилмоқда.

Қонли ҳодиса боис Миср Бош вазири Эссам Шараф Форс кўрфазига сафарини қолдирди.

Миср ҳукумати эса ҳодисада айбланиб қўлга олинганлардан 190 нафари ҳарбий судга тортилишини билдирди.

Миср насронийлари 80 миллионлик мамлакат аҳлининг 10 фоизини ташкил қилади.

Бунга қадар эса шу йил аввалида, янги йил кечасида Искандария шаҳридаги қадимий черков ёнида бомба ўрнатилган автомобил портлатилган эди.

Ўшанда 21 одам қурбон бўлган. Маҳалиий насронийлар черковдаги портлаш ортида мусулмонлар турибди, деган гумон билан маҳаллий масжидлардан бирига бостириб кирган ва у ердаги мусулмонлар билан муштлашув бўлган эди.

Мисрдаги мусулмон жамоалари етакчилари Искандария черковига бўлган ҳужумни қоралаган ва буни икки диний жамоа ичига фитна солишни истаган кучлар амалга оширган, дея баёнот берган эдилар.

Ўшанда ҳодисага муносабат билдирган Мисрнинг собиқ президенти Ҳусни Муборак ҳам буни алоҳида бир диний жамоага эмас, балки, мамлакат аҳлига қаратилган ҳужум, деб унда террорчиларни қоралаган эди.

Мисрнинг ҳозирги ҳукумати шанба оқшом содир бўлган қонли тўқнашувни собиқ президент Ҳусни Муборак ҳокимиятдан кетганидан сўнг содир бўлган энг қонли ҳодиса, деб таъкидлади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG