Линклар

Президент Каримов туркман ҳамкасби Бердимуҳаммедовга Асакада чиқарилган “Captiva” автомобилини совға қилди.

Ислом Каримов 5-6 май кунлари Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган Қурбонқули Бердимуҳаммедовга 40 минг долларлик “Captiva” жипини инъом этганини маҳаллий нашрлар икки мамлакат расмийлари ўртасида яхши анъаналар вужудга келгани билан изоҳламоқдалар.

Бунга улар 2010 йил кузида Ислом Каримов Турманистонга борганида Қурбонқули Бердимуҳаммедов Ўзбекистон президентига зотдор арғумоқ совға қилганини мисол ўлароқ келтирмоқдалар.

Ҳар ҳолда, Туркманистон президенти Ўзбекистонга фақат ўзбек жипини миниб кетиш учунгина келмаганини расмий ва норасмий манбалардан келаётган хабарлардан билса бўлади.

Хабарларга кўра эса, 5 май куни Тошкентга келган Қурбонқули Бердимуҳаммедов ўзбекистонлик ҳамкасби Ислом Каримов билан “террорчилик, экстремизм, уюшган жиноятчилик, наркотрафик каби таҳдидларга қарши курашиш борасидаги ҳамкорлик, Афғонистондаги вазият, Ўрта Осиёда сув-энергетика заҳираларидан самарали фойдаланиш, икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик, транспорт ва коммуникация”га оид масалаларни муҳокама қилган.

Музокара якунида икки президент Ўзбекистон-Туркманистон Қўшма баёнотига имзо чекканлар.

Шунингдек, Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг маълум қилишича, музокаралардан сўнг “Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон ҳукуматлари ўртасида Савдо ваколатхоналарини ўзаро таъсис этиш тўғрисидаги битим имзоланди”.

“Бу билан томонларнинг мазкур соҳадаги ҳамкорлигини кенгайтиришга доир янги механизм яратилиб, у икки мамлакатнинг иятисодий тузилмалари учун бевосита “он-лайн” тартибида иш юритиш имконини беради. Яъни икки мамлакатдаги истеъмолчи ва харидорлар учун бир-бири билан танишиш, бизнес-мулояот ўтказиш, шартномалар тузишда янги қулайликлар туғдиради”, дея маълум қилади Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.

Расмий маълумотларга кўра, Бердимуҳаммедовнинг Тошкент сафари чоғида энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш каби соҳалардаги муносабатларни ривожлантиришни кўзда тутган Илмий-технологик хамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битим ҳам имзоланган.

Шу билан бирга, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳамда Туркманистон Миллий маданият маркази Миллий кутубхонаси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзолангани айтилмоқда. Мазкур ҳужжат, хабарларга кўра, халқаро китоб алмашуви, замонавий кутубхона технологияларини ўрганиш ва амалиётга жорий етиш, ўзаро тажриба алмашиш ва илмий ютуқларни биргаликда ўрганиш борасидаги алоқаларни чуқурлаштиришга қаратилган.

6 май куни Бердимуҳаммедов Каримов билан бирга Бухорога келиб, бу ердаги меъморлик обидаларини кўздан кечирган, икки миллат санъат усталари концертидан баҳраманд бўлган.

Ташриф сўнгида Қурбонқули Бердимуҳаммедов ўзбекистонлик ҳамкасби Ислом Каримовга миннатдорчилик билдириб, “ўзи учун қулай вақтда Туркманистонга ташриф буюришни таклиф этган”.

Бу таклифни қабул қилган Ислом Каримов Туркманистонга энди қачон боради ва Қурбонқули Бердимуҳаммедов бу сафар унга қандай ҳадя тортиқ қилмоқчи – бу саволлар ҳозирча очиқ қолмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG