Линклар

Ғалабада ҳар уч ўзбекдан бирининг ҳиссаси бўлган

  • Сарвар Усмон

Ислом Каримов (чапдан иккинчи) Қашқадарёда "ҳоким" булган пайтларда 9 май - Ғалаба кунида Қарши шаҳридаги Шон-Шуҳрат Қўрғони ёнида олинган сурат.

Ислом Каримов (чапдан иккинчи) Қашқадарёда "ҳоким" булган пайтларда 9 май - Ғалаба кунида Қарши шаҳридаги Шон-Шуҳрат Қўрғони ёнида олинган сурат.

8, 9 май кунлари дунё бўйлаб Иккинчи Жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 66 йиллиги кенг нишонланди.


1999 йилдан бери 9 май Ўзбекистонда Хотира ва қадрлаш куни, деб аталади.

Сана номи ўзгартирилиши билан Ўзбекистонда сал ўгайроқ сезилиб қолган байрамга кейинги бир-икки йилда муносабат янада илиқлашаётгандай туюлмоқда.

Ғалаба кунига муносабатнинг бир илиб, бир совуб туриши сабабини тушунишга ҳаракат қилиб кўрдик.

9 май арафасида Озодликка қашқадарёлик тингловчимиздан бир сурат етиб келди.

“Ғалаба кунида, Қарши шахридаги Шон-Шуҳрат Қўрғони ёнида олинган сурат, йилини билмайман”, деб ёзибди тингловчимиз.

Суратнинг олд планида каска кийган, эгнига плашч-палатка ташлаб олган аскарлар турибди. Улар олдида вилоятнинг партия ва совет ташкилотлари фаоллари бўлса керак – юздан ортиқ эркак-аёл биринчи қатордаги йўлбошчилар етовида Қўрғонга кўтарилмоқда.

Биринчи қаторда чапдан иккинчи - Ислом Каримов, ўша пайтда Ўзбекистон ССР Коммунистик партияси Қашқадарё область комитетининг биринчи котиби.

Каримов ва унинг ортидагилар милиция зобитлари қуршовида.

Суратнинг орқа планидаги кўчанинг Каримов ва унинг ортидагилар келаётган томони қизил байроқлар билан безатилган, кўчанинг нариги юзида оддий халқ.

Каримов ва унинг ортидагилар билан оддий халқни милиция зобитлари, қизил байроқлар ва кенг-катта кўча ажратиб турибди.

Ислом Каримов Қашқадарё коммунистларини1986-89 йилларда бошқарган эди. Демак, сурат ҳам ўша йилларда олинган.

Шундай қилиб, бу сурат олинганига камида 23 йил бўлибди.

Бу давр ичида 9 май куни нишонланадиган байрамга ҳам, бу байрам сабабчилари – уруш фахрийларига ҳам Ўзбекистонда мафкурани шакллантирувчиларнинг муносабати ўзгариб турди.

“Улуғ Ватан уруши” атамасидан ҳам, “Ғалаба куни” атамасидан ҳам воз кечилди.

1999 йилнинг 2 мартида Ўзбекистон президенти “9 майни Хотира ва қадрлаш куни, деб эълон қилиш тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Ўтган йиллар давомида сана муносабати билан Ўзбекистонда чиқадиган газеталарда уруш фахрийлари суратлари босилгудай бўлса, уларнинг кўкракларидаги орден-медаллар суратлардан ўчириб ташланди.

Бироқ кейинги йилларда фашизмга қарши уруш қатнашчиларига эътибор яна кучайгандай.

Таниқли ўзбек адиби, тажрибали журналист Шароф Убайдуллаев билан Ғалаба кунги суҳбатимиз шу ҳақда бўлди.

Шароф ака билан гурунгимиз анча узоқ давом этди. Шунинг учун суҳбатдан баъзи парчаларнигина эшиттирсак.

9 май куни Шароф ака баъзи дўстлари билан Жиззах сафаридан қайтди.

- Ҳозиргина мен Жиззахдан жуда катта бўлиб ўтган тантанали байрам, хотира кунларидан қайтиб келдик. Ҳамма қишлоқларида, ҳамма кўчаларида Ғалаба куни муносабати билан уюштирилган Хотира ва қадрлаш айëмларидан бир нечтасида қатнашдик. Бу ҳукумат фармонлари билан 9 май кунига белгиланган бўлишига қарамай, воқеалар жуда ҳам кўп бўлгани учун, бундай эслаш, хотиралар кунлари ҳаддан зиëд кўп ва кенг миқëсда бўлгани учун мана бу йилгиси деярли 7 майдан буëн бошланиб ҳамма жойларда кенг нишонланаяпти, дейди Шароф Убайдуллаев.

“Ғалаба куни” деган ном “Хотира ва қадрлаш куни”, деб ўзгартирилгани тўғри бўлганми? Шароф ака билан гурунгда шу масала ҳам тилга олинди.

- Энди бу ерда Ғалаба сўзи қандай чиқиб кетганлигини мен албатта тўлиқ изоҳлашдан ожизман.

Озодлик: Сизга қолса, Ғалаба куни деган номни сақлаб қолиш керакмиди?

- Агар менинг шахсий фикрим қизиқтирадиган бўлса, қаерда бўлишидан қатъий назар одамлар Ғалаба сўзини қўшиб тилга олаëтганлигини ҳам кўрдим. Нега? Мана шу бугунги нуқтаи назардан айтайлик Ғалаба сўзи бевосита расмий тилга олинмаган билан айрим одамлар Ғалаба сўзи бир қандайдир рус халқига, Россия ҳукуматига, собиқ иттифоққа тегишли деб қарашига мен унчалик тушуна олмайман. Сабаб? Бу ғалаба аввало фақат битта ўрисники эмас. Қолаверса, бу ғалаба бутун бир Европаники ҳам эмас. Бу ғалаба аслида бутун дунëники. Биз шунинг учун ҳам иккинчи жаҳон уруши дейишга қарор қилдик. Илгаригидай Улуғ ватан уруши демаймиз. Иккинчи жаҳон уруши бу жаҳоннинг қирғинбарот уруши эди. Агар бугун бизда айрим одамлар Германия ҳукумати, немис халқи бу байрамдан азият чекади деса, бу ҳам хато. Сабаб биз немис халқи билан урушганимиз йўқ, немис халқи билан курашганимиз йўқ. Бизнинг боболаримиз фашизм билан курашган. Боболаримиз бутун дунëга қутурган фашизмни йўқотиш ва яксон қилишга муяссар бўлган. Мен айтмоқчиман, Иккинчи жаҳон урушидаги буюк ғалаба инсоният тарихидаги ўтган минг-минг урушлар ичра энг буюк уруш эди. Энг буюк ғалаба эди, дейди Шароф Убайдуллаев.

Шароф ака Убайдуллаев билан гурунг чоғида Иккинчи Жаҳон урушидаги Ғалабага ҳамда уруш иштирокчиларига муносабат масаласини ҳам гаплашдик.

- Иккинчи жаҳон урушига бериладиган муносабат устида ҳам бир қанча босқичлардан ўтишга тўғри келди. Албатта Иккинчи жаҳон уруши ғалабасини нишонлаш жараëнлари ҳам осон кечгани йўқ.

Озодлик: Муносабатимиз бир қанча босқичдан ўтди деяпсиз. Ўша муносабатларнинг айрим босқичларида мен айтаëтган ҳолатлар бўлдими бўлмадими?

- Ҳатто, сиз беш-олти йил деяпсиз. Ҳозир ҳам ҳақиқий уруш қаҳрамонлари етарли даражада, биз истайдиган даражада қадр-қиммат бундан юқорироқ бўлиши керак. Мана масалан мен ҳозир икки кун, айтдим юқорида, Жиззахнинг бир неча қишлоқлари элатлари, бир неча хўжаликларида мана шу айëмларда қатнашдик. Айни пайтда Жиззахда ота-боболаримиз қабрларини зиëрат қилдик. Мозорлар бошида бўлдик. Хуллас айтмоқчиманки, мен бирор жойда Жиззахдан етишиб чиққан адашмасам ягона Совет Иттифоқи Қаҳрамони Жўрақул Тўраев ҳақида бирор жойда илиқ сўз эшитганим йўқ. Мен Жиззах газеталарини ҳам олиб кўрдим. Вилоят газеталари, республика газеталарида ҳам айтайлик ўзбекни дунëга танитган, Иккинчи жаҳон урушида энг чўққисига айланган ўша Эрйигитовлар, Қўчқор Турдиевлар каби Иккинчи жаҳон урушининг ҳақиқий қаҳрамонлари ҳақида бирор-бир лавҳа ҳам ўқиганим йўқ. Бирор-бир фикр ҳам эшитганим йўқ. газеталарда Совет Иттифоқи Қаҳрамонлари ҳақида алоҳида бирор нарса кўрганим йўқ. Ҳалиям биз етарли даражага қайтганимиз йўқ.

Озодлик: Сабаби нимада?

- Чунки бизнинг тарихимизга бўлган муносабатимизни шакллантиришга йўналтирилган айрим идеологик ғоявий идораларимиз ҳали тўлиқ ўзларининг йўлларини топа олгани йўқ. Чунки бундан 50-60 йил бурун ўша уруш майдонларида қон тўккан одамларга ҳеч қандай муносабатни ўзгартиришга ҳаққимиз йўқ, лекин булар бизни собиқ мустамлака Россияга, собиқ мустамлака Қизил империяга муносабатимиз билан бизнинг урушдаги, айтайлик Иккинчи жаҳон урушига бўлган муносабатимизни булар аралаштириб юбораяпти. Аралаштиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Жанг майдонларида қон тўккан, қаҳрамон бўлган ва қаҳрамон бўла олмаган одамларнинг деярли ҳаммаси қаҳрамон. Ҳаммаси бизнинг бугунги ҳаëтимиз учун, керак бўлса бугунги мустақилликка етиб келишимиз учун ҳам қон тўккан, деди куюниб таниқли ўзбек адиби, тажрибали журналист Шароф Убайдуллаев.

Маълумотларга қараганда, Иккинчи Жаҳон урушида фашизмга қарши 1,5 миллион ўзбекистонлик иштирок этган.

Уруш арафасида мамлакат аҳолиси 5 млн нафарга етмаганини назарда тутсак, урушга қатнашганлар нуфузи қанчалик катта бўлганини ҳис қилиш қийин эмас.

Баъзи маълумотларга қараганда, Иккинчи Жаҳон урушида кўрсатган қаҳрамонлиги учун 338 ўзбекистонлик Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор, 53 ўзбекистонлик Шуҳрат орденининг тўла кавалери бўлган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG