Линклар

Ота хотирасини қирғиндан сақлаб қололган ўшлик опа ҳикояси

  • Сарвар Усмон

Шуҳрат ордени тўла кавалери ўшлик Абдурашид отага бағишланган махсус сайт.

Шуҳрат ордени тўла кавалери ўшлик Абдурашид отага бағишланган махсус сайт.

Бешкўприк – Ўшнинг қадимий мавзеларидан бири. Раъно опа Абдурашидова мавзе гузаридан сал нарида, Шарқ қишлоғи марказига олиб борадиган йўл анҳор устидан шундоқ ўтиб, бурилган жойда яшайди. Тўғрироғи, яшар эди. Шу кунда унинг уйи - култепа. Бу йил 61 га кирган Раъно опа Қаҳрамоннинг қизи. Иккинчи Жаҳон урушида кўрсатган жасоратлари учун “Шуҳрат” орденларининг уччаласига ҳам сазовор бўлган қаҳрамон Абдурашид Парпиевнинг қизи.


“Шуҳрат” орденлари тўла кавалерининг мақоми, Совет Иттифоқида қабул қилинган тартиб бўйича, Совет Иттифоқи Қаҳрамони мақомига тенг.

Раъно опадан куни кеча эшитганимиз гаплардан кейин Абдурашид Парпиевнинг “Шуҳрат” ордени учта эмас, тўртта экан, деган фикрга бордик.

Тўртинчи орден - Раъно опанинг ўзи.

Абдурашид оқсоқолга Раъно опани Худонинг ўзи ота хотирасини муқаддас сақласин, деб берган.

Ўтган йилги қирғин пайтида Раъно опа отасидан қолган орденларни ерга кўмиб сақлаб қолди.

Келинг, бир чеккадан ҳикоя қила қолайлик.

Урушдан кейин Ўшнинг четидаги Калинин номли колхозга 1974 йилгача – вафотигача раислик қилган Абдурашид ота Парпиев ва у кишининг урушдаги жасоратлари тўғрисида ҳозир узоқ гапириб ўтирмоқчи эмасмиз. Бу ҳақдаги маълумотларни Интернетдан топсангиз бўлади.

Раъно опанинг мана бу гапи билан чекланамиз, холос:

- Украинада музейлари бор. Ана шу 1942 йили чиқиб кетиб Берлингача, 1946 йили қайтганда урушдан. Япон урушида ҳам қатнашган. Китоблари мана Қирғизистон геройлари китобида бор. Ўш энциклопедиясида бор. Уч қаҳрамон деб ўша 1945 йили чиққан газета мана куйиб кетди. Мен Москвага олиб борган эдим. Ўша ерда копияси қолди, дейди Раъно опа.

Абдурашид отани Москвада ҳам унутганлари йўқ. Ғалабанинг 65 йиллигига бағишланган тантаналарга қаҳрамоннинг қизи – суҳбатдошимиз Раъно опа қатнашган.

- Ўтган йил 65 йилликда Москвада адмирал Сорокин қабул қилди мени. СНГ ветеранлар советининг бошлиғи экан. Ўша ерда телевидениеларда гапирдим. Шу ерда менга катта китоблар, Жуков китоблари совға қилишди. Москва ветеранлари билан бирга олиб юрди. Космонавтлар шаҳрига олиб борди. Жуда кўп ерларга олиб юрдида, дейди Раъно опа.

Раъно опа Москвадан жуда хурсанд, бир дунё совға-салом билан қайтди.
Лекин Москвада бўлган иззат-эҳтиромни Раъно опанинг ўзи билди холос. Иззат–эҳтиром Москвада қолди. Қаҳрамон отанинг жасорати эса, абадийлаштирилиши лозим. Шунинг учун, дейди Раъно опа

- 6-7 йилдан бери шу нимага курашаяпман. Акаев даврида дадамга приказ чиққанда Озодлик майдонига бюст қўйишга.

Озодлик: Қаердаги Озодлик майдонига?

- Ўшдаги. Ўша вақтда уруш бўлиб кетди. Военкоматга чақиришган эди. “Приказ чиқди. Суратларни топширинглар” деди.

Озодлик: Акаев ағдарилган революцияни айтаяпсизда-а?

- Акаев даврида приказ чиққан эди. Мен унинг орқаидан борсам, у приказда иккита ўзбек бўлиб қоладими, Тошмамат Жумабоев (Тошмамат Жумабоев – Совет Иттифоқи Қаҳрамони, ўшлик ўзбеклардан) қўйилаяпти деб Бадигинни қўйди, яна битта герой рус нимасини қўйди, “Иккита ўзбек бўлиб қолса, бу ер ўзбекистонлик нима бўлиб қолади. Жумабоевни қўйдик етади” деб ўша ерда дадамни ўчириб қўйишади, дейди Раъно опа.

Абдурашид Парпиевнинг бюстини ўрнатишга Ўшнинг марказий майдонида жой топилмади.

Отанинг жасорати унинг ўша “Шуҳрат” орденлари, бошқа кўплаб орден ва медаллари, унинг фронтдан ёзган хатлари, у ҳақда ёзилган китоблар, у ҳақда ёзган газета-журналлар қийқимларида қолган. Уларни Раъно опа кўз қорачиғидай сақлаб келар эди.

Ўтган йилги қирғин 12 июн куни Бешкўприкка ҳам етиб келди. Раъно опанинг кўзига бир умр йиққан бисоти кўринмади. У отасидан қолган ёдгорликларни сақлаб қолишга уринди.

- Огонëк журналидаги суратларни сақлаб қолганман. Ўшалар сақланиб қолди ҳозир. Бу йил Москвадан олган совғаларим, ўзимнинг суратларимни бир флягага солиб анор тагига бекитиб қўйиб кетдим. Қолган ҳамма нарса куйиб кетдида.

Озодлик: Қачон флягага солиб бекитиб кетгансиз?

- 12 июнда солдатлар бизни отиб, қувлаб, ҳамма ëққа ўт қўйишни бошлаганда мен Курсан Асановга чиқдимда бизга ëрдам беринглар деб. “Ҳа ҳеч нарса бўлмайди” деб нима қилувди. Алишер Собиров ҳам юрган экан Қорасув кўчада. “Ҳой бизга солдат беринглар. Мана бу ерда тўполон бўлиб кетди” десак, “Ҳеч нарса бўлмайди” деса, биз ўтираверганмиз. Мен 12 июнда военнийлар БТРлар билан келгандан кейин мажбур Калинин колхоздан ВЛКСМга қочдикда.

Озодлик: Қочишдан олдин дадангиздан қолган қоғозлар, орденлар ҳаммасини флягага солиб кўмиб қўйгансиз шунақами?

- Флягага солиб кўмиб бекитиб кетдим. Шу сақланиб қолдида.

Озодлик: Қолган уйларингиз куйиб кетди.

- Қолган уйларимдан ҳеч нарса қолмади. Битта сўри қолди. Бутун нималарни музей қиламан деб менга Москвадан хат келган. “Биз 10 минг доллар ўтказамиз” деб, ҳалиги ўрис консули ўлиб кетди Маҳаматжон. Ўша менга катта ëрдам бераëтган эди. Ундан кейин бу нарса кимнинг кўнглига сиғади деб, “Вой телевизорда музей қиламан деган эдингиз” деб одамлар сўрайдида. Ҳамма ëқ қолиб кетди энди. Уйимиз йўқ. У ерда яшаб, бу ерда яшаб юрибмиз. Мен дадамдан қолган уйда яшар эдимда Бешкўприк кўчада. Куйиб ўтирибмиз. Энди нима қилишимни билмайман. Орденларни сақлаб қўйдим. Ўзим болаларим соғ қолганига шукур қилиб юрибмиз. Ҳозир “Бунақа эди. Бюст қўйишга Москвадан нима олиб келган эдим” десам, ҳеч ким қулоқ солмаса керак деб юрибман, дейди Раъно опа.

Ҳа, шу кунда отаси Абдурашид Парпиевнинг хотирасини абадийлаштириш учун Қирғизистонда биров бир иш қилишига Раъно опанинг кўзи етмаяпти.

Уйи куйсаям отасидан қолган ёдгорликларни ерга кўмиб сақлаб қола билган опа ўзининг тинчлигини ўзи таъминлай олмаяпти.

- Бизнинг рўпарамизда қирғизларнинг уйи куйганда. Маҳалламизни жуда қийнаб олиб бориб, мен ўзим уч марта ГОВДга бордим. Энди анча сўровлар қилиндида сен биласан айт деб. Москвадаги суратлар, дадамнинг китобларини олдига ташлаб қўйдим. “Мана шуни биласан, айтасан. 5000 доллар берасан” деб ООН аралашиб мени олиб чиқди. Қўлимга нималарни тақиб “мана бунақаларни таққанмисан” деб роса таҳқирлаб, ўйнади.

“Сен нима деяпсан? Ўшда отам бундай-бундай ишларни қилган. Мана бу қурилишларни менинг отам қилган” дедим. Областной болницани, мана китоби чиқди, колхознинг боғини бериб биринчи пойдеворини дадам қўйган. Мана Облздрав Отахонов ëзиб чиқди ўшани юбилейга. Ўшда чакана ишларни қилганми. Ўша Суюнбоев ҳам қудамиз, ҳам жўраси эди. Усубалиев министрлар келарди бизнинг уйга. Энди билмайман. Ҳозир мана шу аҳволда қолиб нима қилишимизни ҳам билолмаяпмиз. Бишкекда нималар қилиб юриб чиқаришдида мени Артур Медетбековлар чиқардида. Менга осилишиб, инфаркт бўлиб, болницага тушиб, кейин “тинч қўй бу хотинни” деган эди, тинч юрибманку ҳозирча. “Сен биласан. Болаларни айтасан” дейдида. Масалан менинг ўғилларим йўқ бу ерда. Қизлар ҳаммаси куëвга чиқиб кетган. Бари қочиб кетганда 12 июнгача. Ҳамма ҳалиги кинога ўхшаб қатор орқасидан итлар эргашиб, қаторлаб дод деб қочишганда.

Озодлик: Демак, қирғизнинг уйини ëққанларни топиб берасан деб бир гуруҳ қирғиз амалдорлари сизни қийнади. Бошқа қирғиз амалдорларни сизни улардан сақлаб қолди шунақами?

- Шунақа бўлаяптида. Бишкекларда дадамни танийдиганлар, болалар у ëқ бу ëққа телефон қилишиб, нима қилувди, ундан кейин чиқардида, дейди Раъно опа.

Раъно опа билан ўтган ҳафтанинг охирги иш кунида, жума тушдан кейин гаплашган эдик. Эндигина шаҳар ички ишлар бошқармасидан келиб турган экан.
Айтишича, ёндирилган уйи учун 50 минг сўмлик (1000 доллардан сал кўпроқ ақча) товон пулини ҳануз ололмаяпти.

- Мен ҳозир ГОВДга бориб келдим документга.

Озодлик: Қанақа документ?

- Уйимиз Финполициядан чиқмаган экан. Финполицияда сўроқ қилганда менинг документимни ташлаб юборишибдида. Ҳозир компютерга киритиб бошқатдан документ қилиб бордим 50 минг бериши учун. Кейин менга шунча нарсани олиб кириб “Сен кўп ëзибсан” дейди. “Менинг уйимни керак бўлса ўриснинг губернатори қурган. Менинг отам герой бўлган” деган эдим, кейин сал тушиб нима бўлиб қолди. Тўрт кундан бери отангга бор, энангга бор бўлдикда.

Озодлик: Шу 50 мингни олиш учун-а?

- Ҳа. Спрвкаси керак эканда “рост, куйди” деган. Бўлмаса шунча суратларимиз билан турибди. Сиз кирган Шарипахон деб (Раъно опа қирғиндан сўнг Ўшга қилган сафаримда кирганим бир хонадонни ёдимга солаяпти. Ўшлик зиёли ўзбеклардан бирининг хонадони эди ўша хонадон. Уйда камида бир вагон китоб бўгич эди. Босқинчилар битта қўймай куйдириб кул қилган) катта оилали, уларники ҳам чиқмади, иккаламиз бориб келдикда, дейди Раъно опа.

Иккинчи Жаҳон урушида кўрсатган жасоратлари учун “Шуҳрат” орденларининг уччаласига ҳам сазовор бўлган қаҳрамон Абдурашид Парпиевнинг қизи Раънохон опа суҳбатимиз охирида, “Ўктамбек, Сизга шунча гапни айтиб берганимдан бирон бир фойда чиқармикан, отамнинг қадрини ўрнига қўйишга ёрдами тегармикан”, деб сўради.

“Билмадим”, дедим.

“Тегмайди”, деёлмадим. Ноумид қилгим келмади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG