Линклар

logo-print

Файзулла Хўжа ҳайкали бадарға бўлди

  • Абдулла Искандар

Файзулла Хўжаев Бухоро амирлиги барҳам топганидан кейин 1920 йилда Бухоро республикасига раҳбарлик қилган, 1925 йилда эса Ўзбекистон Совнаркоми раиси бўлганди.

Файзулла Хўжаев Бухоро амирлиги барҳам топганидан кейин 1920 йилда Бухоро республикасига раҳбарлик қилган, 1925 йилда эса Ўзбекистон Совнаркоми раиси бўлганди.

Бухорода таниқли давлат арбоби¸ жадидчилик ҳаракатининг йирик вакили Файзулла Хўжаевнинг мармар ҳайкали ва ëдгорлик лавҳаси олиб ташланди.

Файзулла Хўжаев таниқли мутафаккир Фитрат билан биргаликда 1916 йилда Ëш бухороликлар жадид ҳаракати етакчиси сифатида Бухорода намойиш уюштириб, мамлакатда демократик қадриятларни кафолатлайдиган конституция жорий қилинишини талаб қилган эди.

Бу ҳаракати учун Файзулла Хўжаев Амир Олимхон тарафидан ўлимга ҳукм қилинди.

1920 йилда Амирлик барҳам топганидан кейин Файзулла Хўжаев Бухоро республикасига раҳбарлик қилди. Файзулла Хўжаев 1925 йилда Ўзбекистон Бош вазири (Совнарком раиси) бўлди. Ротация асосида 1925 йилда СССР ижроқўми раиси бўлди.

Файзулла Хўжаев бир гуруҳ ëш ўзбекларни Германияга ўқишга юборди.

Бугун Москва архивларида сақланаëтган ҳужжатларга кўра¸ Файзулла Хўжаев уларнинг ўқиши учун маблағни аямаган, талабалар аҳволидан шахсан ўзи хабар олиб турган.

Совет ҳукумати 1922 йилдаёқ Германияга ўқиш учун юборилган бухоролик ёшларни Москвага қайтаришга уринган. Хўжаев бунга қарши бўлгани ҳужжатларда акс этган.

1938 йил 28 январда бўлиб ўтган Муинжон Аминовнинг терговдаги кўрсатмасидан: "1922 йил Куйбишев (Валериан Куйбишев) мен ва Файзулла Хўжаевдан уларни (талабаларни) қайтарилишини, Москвага ўқитишни талаб қилди. Хўжаев қатъий рад жавобини берди. Сўнг Умар Фахриев деган кишини хат билан Германияга жўнатди. Ва у ерда таълим олаётган бухоролик талабаларга: "Совет ерига қайтмай туринглар", деб топшириқ берди" каби фикрларни ўқиймиз.

Хорижда қолиб ўқишини давом эттирган, кейинчалик Туркияда қўним топган 14-16 нафар собиқ талабага Хўжаев Бурхонов орқали моддий ёрдам кўрсатиб турган. У Германиядаги Олимжон Идрисий, миллионер Амин Сулаймон, савдогар Эйдельманлар билан алоқада бўлиб, туркистонлик талабаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиб туришни ушбу шахслардан сўраган.

Қиличевнинг ёзишича, Файзулла Хўжаев хорижда яшовчи Мустафо Чўқаевни (1890-1941 йиллар) моддий жиҳатдан таъминлаш учун турли йўллар билан унинг номига тилла ва пул юбориб турган.

У 1937 йилда таниқли совет арбоблари Бухарин ва Риковлар билан биргаликда ҳибсга олинди ва АҚШ жосуси сифатида 1938 йил Москвада отиб ташланди.

1965 йил Москва маҳкамаси Хўжаев ишини кўриб чиқиб, уни Сталин қатағони қурбони деб топди ва уни ўлимидан сўнг оқлади.

Ўзбекистон калимасини тарихга киргизиб, бу давлатнинг илк рахбари бўлган Хўжаев сиймосининг тарихдан ўчиришга уриниш кейинги йилларда изчил тус олгани кузатилади.

Бундан олдин Ўзбекистоннинг илк президенти Йўлдош Охунбобоев ҳайкали Тошкент шаҳридан олиб ташланган эди. Ўзбекистонни бошқарган яна бир арбоб¸ 1937 йилда қатағон қурбони бўлган Акмал Икромов номи ҳам туман ва ташкилотлардан олиб ташланди.

Тошкентлик исми айтилишини истамаган тарихчига кўра¸ Ўзбекистоннинг янги тарихида Ислом Каримов номига соя соладиган шахслар бўлмаслиги учун мужодала кетмоқда.

- Каримов ўзини тарих силсиласида Амир Темурдан кейинги занжир ҳалқаси сифатида кўришни жуда истайди, - деди муаррих Озодлик билан суҳбатда.

9 май куни Россия президенти Медведев Каримовга мактуб йўллаб, "тарихни қайтадан ёзиш уринишлари" ҳақида огоҳлантирган эди. Гарчи Медведев ўз мактубида Иккинчи Жаҳон уруши тарихини назарда тутган бўлса-да, бу мактуб матнидаги ишоратлар универсалдай кўринмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG