Линклар

logo-print

Фарғона шаҳар ҳоким ўринбосари Бахтиёр Ҳошимов бир неча ҳафтадан буён ҳибсда сақланмоқда.


Бу хабарни фарғоналик ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашев Бахтиёр Ҳошимовнинг яқинларига таянган ҳолда тасдиқлади.

Ҳуқуқ фаолига юридик маслаҳат сўраб мурожаат қилган Бахтиёр Ҳошимовнинг яқинлари унга Ўзбекистон Жиноят кодексининг икки моддаси қўлланилаётганлигини айтишган.

- Унга конкретний айблар юклашаяпти экан. Уйларини тинтувга келганда, тинтув бўйича санкцияда кўрсатилишича, Ўзбекистон Жиноят кодексининг 167-моддаси ва 205-моддалари билан айбдорликка гумон қилинаетган экан. Биринчиси, растрата ёки ўша давлат ёки жамоат мулкини талон-тарож қилиш,.иккинчиси, мансабини суистеъмол қилиш. Бахтиёр Ҳошимовнинг яқинларини айтишича, бир неча кун адвокатга доступи бўлмаган. Кейин қаерда эканлиги номаълум бўлган. Қаерга боришса, “бизда йўқ, бизда йўқ” дейишган. Яқинларини айтишича, Тошкентнинг Юнусободидаги тергов изоляторида экан. Менимча, бу миллий хавфсизлик хизматига қарашли. Жиноий ишни Бош прокуратура олиб бораяпти экан. Тергов вақтида Бахтиёр Хошимов Бош прокуратурага олиб келинганида, айтишларича, уч-тўрт кундан бери энди адвокат ҳам кўришаяпти экан, - деди Абдусалом Эргашев.

Озодлик ходимлари Бахтиёр Ҳошимовнинг адвокати билан кун давомида боғлана олмади.

Ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашевнинг айтишича, Фарғона шаҳар ҳокими муовини Ҳошимов тахминан 5 апрел куни Тошкент халқаро аэропортида хориждан малака ошириб қайтган пайтда ҳибсга олинган.

- Биринчи ўринда фарғоналиклар Бахтиёр Ҳошимовни президент академиясининг битирувчи курс тингловчиси бўлганлиги, ўша Европа мамлакатларига мана шу курсга боғлиқ стажировка билан кетганлигини ва қайтиб келишда Тошкент аэропортида қамоққа олинганлигини кўпчилик шаҳарликлар унинг олдин газ идораси бошлиғи лавозимида ишлаганидаги бир инцидент билан боғлашаяпти. Танишлари, яқинлари ва кўплаб шаҳарликларнинг айтишларича, Бахтиёр Ҳошимов шаҳар газлаштириш идорасида бошлиқ бўлиб ишлаганида шаҳар прокуратурасининг терговчиси келиб, камчилик топганда, ундан пул талаб қилган. Ўша пул талаб қилганда Бахтиёр Ҳошимов миллий хавфсизлик хизматига хабар бериб, шаҳар прокуратурасининг бир ходимини ҳибсга олинишига сабабчи бўлган экан. Мана шу иш бўйича, "бир неча йил ўтиб, прокуратура ўз қасдини олди" дейилаяпти - одамларнинг асосий версияси мана шу, - деди Абдусалом Эргашев.

Фарғона шаҳар ҳокимлиги расмий веб-саҳифасида 1976 йилда туғилган Бахтиёр Ҳошимов шаҳар ҳокимининг капитал қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик ва ободонлаштириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари, дея кўрсатилган. Айни пайтда ҳибсда сақланилаётганлиги айтилаётган Бахтиёр Ҳошимов мазкур лавозимда 2007 йилдан буён ишлаб келганлиги ҳам зикр этилган. Фарғоналик ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашев шаҳар ҳокими муовинининг иш фаолияти ҳақида қуйидагиларни гапиради:

- Ҳоким муовини бўлган пайтида асосан шаҳарсозлик бўйича муаммоларни унинг елкасига юклашган эди. Қўп қаватли бинолар ёки бир қаватли биноларнинг ёнига плансиз қурилган қўшимча қурилишларни йўқотиш, бузиб ташлаш бўйича кампания бўлди. Шу кампанияни бошқарди. Албатта, бундай бузиш кампаниясини бошқаргани учун одамлардан кўпчилигининг ғазабига учради. Ундан кейин шаҳарсозлик бўйича дарахтларни кестириш ва шаҳардаги бузиб ташлаш, янги план, бўлажак янги план асосида қурилишларга жой очиш учун одамларнинг уй-жойи, муассасаларни бузиб ташлашни бошқариш Бахтиёр Ҳошимовнинг зиммасига юкланган эди. Бу томондан ҳам у ўзига ёвқараш қиладиган одамларни кўпайтириб олган эди. Бу одамларнинг фикри. Иккинчиси, кўпчилик одамларнинг гапи бўйича, мана шу “буз-буз” пайтида ҳалиги “ўрмонга ўт кетса, хўлу қуруқ баробар ёнади” дегандек, шу ерда баъзи бир тоши оғирроқ одамларнинг ҳам жойини бузишга тўғри келган. "Шулар қасд олди" деган гап ҳам бор, - дейди ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашев.

Фарғона шаҳар хокимлигидан мазкур ҳолат бўйича маълумот олиш имкони бўлмади.

Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси ходими эса битирувчи курс тингловчилари орасида Бахтиёр Ҳошимов исмли шахс йўқлигини билдирди.
XS
SM
MD
LG