Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:09

Cўғдда муҳожирлар муаммоси муҳокама қилинди


Қайроққумда ўтган анжуман иштирокчиларига кўра, Россияда ишлаётган марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари расмий ва норасмий хуружлардан чўчимай, бемалол меҳнат қилиш ва маҳаллий аҳоли билан тенг маош олиш ҳуқуқига эга бўлишлари керак.
Қайроққумда ўтган анжуман иштирокчиларига кўра, Россияда ишлаётган марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари расмий ва норасмий хуружлардан чўчимай, бемалол меҳнат қилиш ва маҳаллий аҳоли билан тенг маош олиш ҳуқуқига эга бўлишлари керак.

Сўғд вилоятининг Қайроққум шаҳрида шу кунларда меҳнат муҳожирлари муаммоларига бағишланган Халқаро анжуман бўлиб ўтди.

Россия, Грузия, Қозоғистон ва Тожикистон нодавлат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашган анжуманда сўнгги йилларда Россияда ишлаётган меҳнат муҳожирлари ва этник озчиликни ташкил қиладиган миллатлар вакилларига нисбатан ирқий камситишлар ва зўравонликлар авж олганлигини таъкидланди.

Муҳожирлар масалалари билан шуғулланувчи журналист Баҳрулло Вализоданинг айтишича, Тожикистонда муҳожирлар масаласи наинки давлат, балки бутун жамият ҳаётида алоҳида ўрин тутади.

- Чунки мамлакатнинг умумий даромадининг 35 фоизи айнан муҳожирлар топаётган маблағдан шаклланиши ҳеч кимга сир эмас. Тожикистонлик мардикорлар Россия ҳамда бошқа мамлакатларда турли муаммоларга дуч келаётгани ҳам барчага маълум. Шунинг учун биз муҳожирлар олдида турган қатор муаммоларни ҳақида аллақачон бонг урмоғимиз даркор эди. Ниҳоят, муҳожир ҳам инсон эканлиги ва унинг ҳақ-ҳуқуқлари барча мамлакатларда бир хилда ҳимоя этилиши кераклигини мансабдорларга етказиш журналистлар бурчидир, - деди журналист.

Москва шаҳридаги Журналистика тадқиқоти бюроси директори Александр Желениннинг сўзларига кўра, муҳожирлар муаммосини ҳал қилиш учун Россия ва МДҲ таркибига кирувчи бошқа мамлакатларда муҳожирларни рўйхатга олиш ва ҳужжат тайёрлаш жараёнини максимал даражада жўнлаштириш керак. Уларга бу йўналишда имтиёзлар хам белгиланиши шарт.

- Меҳнат муҳожирлари ишлаётган мамлакатларда уларга қонунда белгилаб қўйилган шароитлар яратилиши керак. Бундан ташқари, меҳнат муҳожирлари ҳам ўша давлат фуқароси сингари тенг маош олиш хуқуқига эга бўлмоғи лозим. Чунки меҳнат муҳожирлари ўша давлатда энг арзон кучи ҳисобланиши билан бирга ўша мамлакат равнақига ўз ҳиссасини қўшмоқда. Афсуски, бугунги кунда бу борада бирор ўзгариш йўқ. Аксинча, мана шу қонун-қоидалар биринчи галда бузилмоқда. Бунга эса миллатчилик руҳидаги баёнотларнинг қуйидан юқоригача бўлган баъзи давлат амалдорлари, сиёсатшунослар тилидан ва оммавий ахборот воситаларидан тарқатилиши сабаб бўлмоқда. Жумладан, Россия хукумати бунинг олдини олиш учун ҳеч қандай амалий чора қўлламаяпти, - дейди Александр Желенин.

Унинг айтишича, шу кунда Россияда “Россия факат руслар учун” деган ақида ҳам кучайиб бормокда. Мана шунинг учун ҳам оммавий ахборот воситалари ва нодавлат ташкилотлари тобора собитлашиб бораётган бу ақидани бузмоқлари лозим. Бунинг учун эса журналистлар оммавий ахборот воситаларида меҳнат муҳожирларига нисбатан ёзилаётган салбий руҳдаги мақолаларга жавобан меҳнат муҳожирлари савиясини оширувчи мақолалар ва кўрсатувлар тайёрлашлари керак.

Тожикистонлик муҳожирларнинг эътироф этишларича, Россияда муҳожирларга нисбатан салбий муносабат ҳамон ўзгаргани йўқ. Новосибирскда мардикорлик қилиб қайтган Ҳаким Қодиров Россияда марказий осиёликларга нисбатан бўлган сиёсат яхшиланиши ўрнига йилдан-йилга кескинлашиб бораётганини айтади.

- Паспортингизни олиб кўради. Тожик бўлсангиз, шу заҳоти милицияга олиб кетади. Агар гап қайтарсангиз ёки бўйсунмасангиз, уради. Пул берсангиз, қўйиб юборади. Пропискангиз жойида бўлса ҳам таҳқирлайди, “прописканг йўқ, мана қара” дея ҳужжатингизни йиртиб ташлайди, - дейди Ҳаким Қодиров.

Қайд этиш жоизки, Россиянинг барча шаҳарларида ҳам марказий осиёлик муҳожирларга муносабат бирдек ёмон эмас. Екатеринбург вилоятидаги “Уралский дом” жамияти раҳбари Леонид Гришиннинг сўзларига кўра, вилоятда меҳнат муҳожирларига шароит яратиш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

- Тожикистонлик муҳожирларнинг бемалол иш топиши, ётоқхона билан таъминланиши ва хавфсизлиги таъминланиши билан боғлиқ тўла хизматларни тақдим этишга ҳаракат қилаяпмиз. Айни пайтда Екатеринбургда олти минг нафар муҳожирга мўлжалланган ётоқхоналар шаҳарчасини бунёд этиш ишлари ниҳоясига етиш арафасида, - дейди Леонид Гришин.

Бироқ, унинг айтишича, мазкур ётоқхоналар минглаб мардикорлар оғирини енгил қила оламайди. Чунки биргина вилоятда 80 мингга яқин марказий осиёлик муҳожир меҳнат қилади.

Муҳожирларни Россия шароитига мослаштириш бўйича ишлар Тожикистоннинг ўзида ҳам амалга оширилмоқда. Лекин республикада муҳожирлар учун ташкил этилган кичик марказ фақат рус тилидан имтиҳон олишу муҳожирлик ҳужжатларини расмийлаштиришни ўргатиш билан кифояланаяпти, холос. Маҳаллий таҳлилчилар бу каби марказлар фаолияти самаралироқ бўлиши учун уларнинг фаолият доирасини кенгайтириш, муҳожирлар учун юридик ва бошқа кўмак лойиҳаларини амалга ошириш лозимлигини таъкидламоқдалар.

Аснода Қайроққумдаги анжуман қатнашчилари вилоятдаги Бобожон Ғафуров, Исфара, Конибодом ва Панжакент туманларида бўлиб, меҳнат муҳожирлари оилалари билан учрашишди ва мавжуд муаммоларни ўрганишди. Журналистлар ва нодавлат ташкилотлари вакиллари Россия ҳукуматига этник озчиликни ташкил қилувчи миллатларга ҳужум уюштириш хавфи бўлган экстремистик ташкилотларни таъқиқлаш, меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини муҳофаза қилиш борасида тавсиялар тайёрлашди.
XS
SM
MD
LG