Линклар

Ўзбекистон ҳукумати Oxus Gold ширкатининг мамлакатдаги активларини тортиб олиш мақсадида, унга туҳмат қилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистонда олтин қазиб олиш билан шуғулланиб келган Британия ширкатининг адвокати баён қилди. Ўзбекистон ҳукумати билан “Amantaytau Goldfields” номли қўшма корхона тузиб, 10 йилдан бери мамлакатда фаолият юритиб келган Oxus Gold жорий йил бошидан бери муаммоларга дуч кела бошлади ва Amsterdam & Peroff адвокатлик фирмасига кўра, ҳозирда ўзбек расмийлари инглиз ҳамкорларини солиқдан бўйин товлаганликда айбламоқда. Айтиш жоиз, Oxus Gold Ўзбекистонда биринчи марта бундай муаммога дуч келгани йўқ. 2006 йилда ҳам айни айбловлар билан судга тортилган Британия ширкати ўз улушининг 16 фоизини собиқ Зеромакс ширкатига хатлаб беришга мажбур бўлган эди.


Oxus Gold ширкати жорий йил февралида “Amantaytau Goldfields” Ўзбекистон-Британия қўшма корхонасидаги 50 фоизлик улушини ўзбек ҳамкорларига сотишини эълон қилган эди.

Кейинчалик, икки томон келиша олмади шекилли, март ойи бошида Британия ширкати Ўзбекистон ҳукуматини Халқаро арбитраж судига беришини эълон қилди.

Бунга, инглиз ширкати вакилларининг айтишича, Тошкент расмийларининг “Amantaytau Goldfields” қўшма корхонаси фаолиятини текшира бошлагани сабаб бўлган.

Шундан кейин Oxus Gold “форс мажор”, яъни ўз ҳиссадорлари олдида мажбуриятларини бажариш имконини қолдирмайдиган фавқулодда вазият вужудга келганини эълон қилди.

Халқаро судда инглиз ширкати манфаатларини ҳимоя қилаётган Amsterdam & Peroff адвокатлик фирмаси хўжайинларидан бири Роберт Амстердам Озодлик билан суҳбатда, бу воқеалар Ўзбекистон ҳукумати хорижий инвесторларга тегишли маблағ ва мулкни тортиб олишда ҳеч нарсадан тап тортмаслигини намойиш қилади, дейди.

- Ўзбекистон ҳукумати вакили кеча, 9 май куни, Oxus Gold солиқдан бўйин товлагани ҳақида ёлғон баёнотлар билан чиқиш қилди. Биз буни эътиборга олдик. Ўзбекистонда хорижий ширкатларга нисбатан айбловларни сохталаштириш одатий ҳолдир ва буни биз кутган эдик. Лекин сизга бир нарсани ишонтириб айтишим мумкинки, мижозимиз, яъни Oxus Gold ширкати Ўзбекистонда солиқ қонунлари ва бошқа қонунларга тўла амал қилган, дейди жаноб Амсетрдам.

Сўзида давом этаркан Amsterdam & Peroff адқвокатлик фирмаси хўжайини халқаро арбитражлик судида Ўзбекистон ҳукуматининг Британия ширкатига нисбатан ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари масаласи кўтарилиши ва бу муаммо Ўзбекистон ва Британия ҳукуматлари ўртасидаги сармояларга оид баҳсларни бартараф қилиш тўғрисидаги Конвенцияга кўра, ҳал этилади, дейди.

- Ўзбекистонга қарши сармояларга оид икки томонлама келишувга асосан арбитраж жараёнини бошлаш ниятидамиз. Бу маҳкамада Ўзбекистон ҳукуматининг бир неча йил давомида Oxus Gold ширкатини “секин-аста ўзшлаштириш”га уриниб келганига оид масала ҳам кўтарилади. Улар секин аста маблағлар ва қазиб олиш ишларини олиб бориш ҳуқуқларини тортиб олиб, ширкатнинг фаолият юритишига имкон қолдирмади. Бунда вазирлар ёки идоралар ширкат ишларига аралашиб, унинг ҳиссадорларини ҳуқуқларидан маҳрум қилишга ҳаракат қилди, дейди инглиз ширкати адвокати.

Элсатиш жойиз Oxus Gold ширкати Ўзбекистонда солиқдан бўйин товлаганликда биринчи марта айбланаётгани йўқ.

Андижон воқеаларидан кейин, 2006 йилда Ўзбекистон ҳукумати Oxus Gold ва мамлакатда олтин конларини ўзлаштириш билан шуғулланиб келган яна бир хорижий ширкат – АҚШнинг Newmont Mining ширкатларини айни айбловлар билан судга берган эди.

Ўшанда Newmont Mining Ўзбекистон ғазнасига 48 миллион АҚШ доллари миқдоридаги солиқни тўламагани ваъжидан “Зарафшон-Нюьмонт” қўшма кохонасидаги улушидан маҳрум бўлди.

Бироқ америкаликлардан фарқли ўлароқ, Oxus Gold ширкати Ўзбекистондаги судда ғолиб чиққан. Бунинг эвазига Британия ширкати ўша пайтда президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнорага тегишли экани айтилган собиқ Зеромакс ширкатига 16 фоиз акцияларни хатлаб беришга мажбур бўлган эди.

Зеромакс билан бирлашув қийин кечгани ҳақида WikiLeaks сайти эълон қилган махфий ҳужжатларда ҳам айтилади.

Зеромакс билан мажбурий шерикчиликка борган Oxus Gold Глунроа Каримовга тегишли экани айтилган ширкат ёпилгач қийин аҳволда қолди.
Бироқ Швейцарияда рўйҳатга олинган, лекин бутун фаолиятини Ўзбекистонда олиб борган Зеромакс ширкати тугатилиб, Oxus Gold нуфузли таянчидан айрилгач унинг ишлари орқага кета бошлади.

Oxus Gold Ўзбекистон ҳукумати билан бундай шубҳали келишувга борганидан пушаймон эмасми, деган саволга ширкат адвокати, мижозимиз ўз ҳиссадорлари манфаатларида ҳаракат қилган, дея жавоб берди.

Oxus Gold устида қора булутлар пайдо бўла бошлаганини сезгач, ўтган йили ўзининг “Amantaytau Goldfields” қўшма корхонасидаги улушини Хитой Сармоядорлар консорциумига сотишга ҳаракат қилиб кўрди, лекин негадир келиша олмади.

Ширкат адвокати хитойликлар билан келишув имзоланмаганига Тошкентнинг алоқаси бор, дея тахмин қилади.

- Ўзбекистондек мамлакатда ҳукумат ҳар қандай келишувга тўсиқ яратиши мумкин, дейишга асос бор ва ўйлашимча бу ерда ҳам Ўзбекистон ҳукуматининг аралашуви бор десак, адашмаймиз, дейди Amsterdam & Peroff адвокатлик фирмаси хўжайини Роберт Амстердам.

2006 йилда Oxus Gold ва Newmont Mining ширкатлари билан боғлиқ вазиятни ёритган журналист, ҳозирда Россиядаги Оазис журналининг бош муҳаррири Дмитрий Аляев беш йил аввалги воқеаларни эслар экан, Ўзбекистон ҳукумати ҳаракатларидан хайрон бўлмаслигини айтади.

- Яна ҳудди ўша воқеа такрорланяпти. Бунинг хайрон қоладиган жойи йўқ. Бу бизнес юритишнинг каримовча усулидир, дейди журналист Аляев.

Дунёда тўққизинчи ўринни эгаллайдиган Ўзбекистон олтин қазиб олиш соҳасини Гулнора Каримова назорат қилиши айтилади.
Тошкент расмийлари Oxus Gold ширкати ва у Ўзбекистон ҳукмати билан 50/50 асосида тузган “Amantaytau Goldfields” қўшма корхонаси билан боғлиқ вазиятни Озодликка изоҳлашдан бош тортди.

Ўзбекистон йилига 84 тонна олтин қазиб олади ва бу соҳада дунёда тўққизинчи ўринни эгаллайди. Баъзи манбалар, хусусан собиқ Зеромакс ширкатига яқин шахсларнинг Озодликка айтишича, олтин қазиб олиш соҳасини президент оиласига яқин шахслар, хусусан тўнғич қизи Гулнора Каримова назорат қилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG