Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:47

Журналист Зиëвуддин Бобоқурбон оламдан ўтди


Совет даврида Туркистон озодлиги ғояси тарғиботчиси бўлган Зиëвуддин Бобоқурбон журналист сифатида Озодлик радиосига ҳам кўп хизмати сингганди.
Совет даврида Туркистон озодлиги ғояси тарғиботчиси бўлган Зиëвуддин Бобоқурбон журналист сифатида Озодлик радиосига ҳам кўп хизмати сингганди.

Озодликда 1994 йилгача Туркистонли Жомбой тахаллуси билан ишлаган журналист 8 май куни 80 ëшида Туркияда оламдан ўтди.


Зиëвуддин Бобоқурбон 1931 йили Марғилонда бой оилада дунëга келган.

У ҳали гўдак пайтида ота-онаси етовида совет тазйиқларидан қочиб ватанни тарк қилди.

Бобоқурбонлар оиласи Шарқий Туркистон¸ Ҳиндистон ва Покистонда бир муддат яшаб, 1941 йилда Туркияга кўчиб келди.

Зиëвуддин Бобоқурбон Туркия дорилфунинида ўқиб, журналист касбини танлади ва умрининг охиригача Туркистон озодлиги ғоясининг тарғиботчиси бўлди.

Зиëвуддин Бобоқурбон 1962 йилдан 1967 йилга қадар Туркиядаги “Туркистонликлар маданият ва ижтимоий ëрдам ташкилоти"да раҳбар бўлди.

Ўша йилларда у “Ҳур Туркистон учун истиқлол газети”ни ташкил қилиб, ватан озодлиги ҳақида мунтазам мақолалар ëзиб турди.

Бу газета сонлари Тошкент¸ Қўқон ва Хивага мунтазам еткизилиб турилгани ҳақида КГБ архивида ҳужжатлар бор.

Зиëвуддин Бобоқурбон 1994 йилга қадар Озодлик радиосида ишлади.

Зиëвуддин аканинг Туркистонли Жомбой таҳаллуси билан қилган чиқишлари Озодликнинг кекса мухлислари хотирасида ҳануз сақланади.

Зиëвуддин Бобоқурбон Горбачев ҳуррияти даврида Ўзбекистонга келишга муваффақ бўлди. Унга фақат Самарқандга турист бўлиб боришга изн берилишига қарамасдан, Тошкент ва Фарғона водийсига эркин сафар қилган эди. "Ўша пайтда бу катта мардлик эди", - деб эслайди Бирлик партияси раҳбари Абдураҳим Пўлатов

1992 йилда Зиëвуддин Бобоқурбоннинг адабий-журналистик фаолияти Ўзбекистондаги Абдулҳамид Чўлпон мукофоти билан тақдирланди.

Озодлик жамоаси ўзларининг марҳум сафдоши Зиëвуддин Бобоқурбон оила аъзоларига таъзия билдиради.
XS
SM
MD
LG