Линклар

Суриялик ҳуқуқ фаоллари бугун Ҳомс шаҳрида тинимсиз отишма овозлари эшитилганини айтмоқда. Суриянинг учинчи катта шаҳри бўлган Ҳомс Сурия режимига қарши чиқишларнинг марказларидан бири бўлиб қолмоқда.

Президент Башар ал-Ассадга қарши норозилик намойишлари март ойида бошланган.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, ўшандан бери ҳукумат қўшинлари намойишларни куч билан бостиргани оқибатида 800 дан ошиқ одам ҳалок бўлган. Режимнинг минглаб мухолифлари ҳибсга олинган.

Европа Иттифоқи Ташқи сиёсат бўйича комиссари Кэтрин Эштон бугун Европа Парламентида қилган чиқишида Сурия расмийларини халқ талабларига қулоқ солишга чақирди.

- Сурия халқи танкларга бўйсинмайди. Биз режимдан сиёсатни ўзгратириш ва буни дарҳол қилишни талаб қиламиз,- деди ЕИ расмийси.

Европа Иттифоқи Сурия расмийлари, жумладан ал-Ассаднинг укасига нисбатан виза чеклови ва ҳисоб рақамларини музлатиш ҳамда Сурияга қурол эмбаргосини ўзи ичига олувчи санкцияларни жорий қилди.

Айни пайтда БМТдаги дипломатларнинг айтишларича, Сурия жорий йилда ташкилотнинг инсон ҳуқуқлари кенгашига аъзолик қилишниятларидан воз кечган.

Шахси сир қолиши шарти билан гапирган БМТдаги дипломатларга кўра, 47 аъзодан иборат инсон ҳуқуқлари кенгашига Осиё қитъасидан Қувайт ўз номзодини қўйиш нияти борлигини тасдиқлаган.
XS
SM
MD
LG