Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:56

Июн қирғинида жабрланганларга хун ва товон пули берилади


Июн қирғинида ҳалок бўлганларнинг яқинлари хун пули олиш учун махсус комиссияга бошқа ҳужжатлар қаторида мақтулнинг нотариусда тасдиқланган "ўлим ҳақидаги гувоҳномаси"ни ҳам топширишлари шарт бўлади.
Июн қирғинида ҳалок бўлганларнинг яқинлари хун пули олиш учун махсус комиссияга бошқа ҳужжатлар қаторида мақтулнинг нотариусда тасдиқланган "ўлим ҳақидаги гувоҳномаси"ни ҳам топширишлари шарт бўлади.

Қирғизистон ҳукумати Ўш қирғинида жабрланганларга кўрсатилажак моддий ёрдам миқдори ва уни тўлаш тартиби тўғрисидаги қарорни қабул қилди.


Қирғиз ҳукумати 10 май куни қабул қилган 204-сонли қарорига кўра, ўтган йилнинг июн ойида Ўш ва Жалолободда қурбон бўлганларнинг оила аъзоларига 1 миллион сўм, яъни 21500 доллардан хун пули тўланади.

Июн воқеалари пайтида бедарак кетганларнинг яқинларига ҳам 1 миллион сўм миқдорида моддий кўмак берилади.

Бундан ташқари, ҳукумат қарорида қирғин кунлари оғир тан жароҳати олганларга 100 минг сўм, енгил тан жароҳати олганларга 50 минг сўмдан товон пули ҳам тўланади.

Хун пулини олишга кимлар ҳақли?

Хун пули июн қирғинида ҳалок бўлганлар ёки бедарак кетганларнинг оила аъзоларига берилади. 1 миллион сўм миқдоридаги бу пулни ҳалок бўлган одамнинг турмуш ўртоғи, агар ҳалок бўлган одам турмуш қурмаган ва фарзандсиз бўлса, унинг ота-онаси ёки июн қирғинида ота-онасидан айрилган балоғатга етган фарзанд олиши мумкин.

Агар ҳалок бўлган одамнинг уйида балоғатга етмаган фарзандлар бўлса, хун пули уларнинг васийларига расмийлаштирилади. Бу ҳолатда васийлик тўғрисидаги ҳужжатлар расмийлаштирилган бўлиши шарт.

Агар ҳалок бўлган одамнинг ота-онаси бўлмаса, бироқ у қариндошларидан бириникида яшаган бўлса, хун пули ўша қариндошига берилади.

Агар июн воқеасида балоғатга етмаган бола ҳалок бўлган бўлса, хун пулини унинг ота-оналаридан бири олади.

Бу қарорда кўрсатилмаган бошқа ҳолатларда хун пулини бериш ёки бермаслик масаласини жой-жойларда ташкил қилинадиган махсус комиссия ҳал қилади.

Эслатиб ўтамиз, расмий маълумотларга кўра, Ўш қирғинида ҳалок бўлганларнинг 106 нафари қирғиз, 276 нафари ўзбек, 3 нафари эса бошқа миллатга мансуб шахслардир.

Товон пули кимларга берилади?

Товон пули июн қирғинида оғир тан жароҳати олганларга 100 минг сўм, енгил тан жароҳати олганларга 50 минг сўм миқдорида берилади.

Агар тан жароҳати олган одам жароҳатлари туфайли 2011 йилнинг 1 майидан 2012 йилнинг 31 июнига қадар бўлган муддатда вафот этган бўлса ва бу муддат ичида у 50 ёки 100 минг сўм миқдоридаги товон пулини олмаган бўлса, унинг оиласига 1 миллион сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилади.

Агар жароҳатланган одам товон пулини олган ва шундан сўнг вафот этган бўлса, унинг яқинларига бериладиган 1 миллион сўмлик моддий кўмакдан аввал олган товон пули чегириб қолинади.

Агар июн воқеасида ҳалок бўлган, бедарак кетган ёки тан жароҳати олган одам МДҲ давлатларидан бирининг фуқароси бўлса, унга ёки унинг оила аъзоларига моддий ёрдам мазкур шахс Қирғизистонда мунтазам яшаган, яшаш жойида рўйхатга олинган бўлса ёки ҳалок бўлган ва бедарак кетган Қирғизистон фуқаросининг турмуш ўртоғи, онаси, отаси ёки фарзанди бўлсагина берилади.

Июн қирғинида ҳалок бўлган, бедарак йўқолган ва жабрланганлар қандай аниқланади?

Ўш қирғинида ҳалок бўлганлар ва тан жароҳати олганлар рўйхатини Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги тузади. Бедарак йўқолганлар рўйхатини тузиш эса Қирғизистон Ички ишлар вазирлигига топширилган.

Мазкур рўйхат Қирғизистон Молия вазирлиги ва Қирғизистон Аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлигига топширилади. Бу вазирликлар рўйхатларни жой-жойлардаги ижтимоий ҳимоя бўлимларига моддий ёрдамни тақсимлаш учун жўнатади.

Хун ёки товон пулини олиш учун кимга мурожаат қилиш керак ва қандай ҳужжатлар зарур?

Ҳалок бўлганлар ёки бедарак йўқолганларнинг қариндошлари ўз яшаш жойларидаги ижтимоий ҳимоя бўлимига моддий ёрдамни олиш тўғрисида ариза, ўз паспортларининг нусхаси, ҳалок бўлган одамнинг қариндоши эканини исботловчи ҳужжат (никоҳ тўғрисидаги гувоҳнома ёки фарзандларининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари), яшаш жойидан справка, нотариус ёки қишлоқ раҳбари томонидан тасдиқланган ўлим тўғрисидаги гувоҳнома ёки суднинг муайян бир шахсни "бедарак йўқолган" ёки "ўлган" деб тан олиш тўғрисидаги қарорини топширишлари зарур.

Товон пулини олиш ҳуқуқига эга бўлганлар эса ўз ҳужжатлари билан бир қаторда, суд-тиббий экспертизаси хулосасини кўрсатишлари керак бўлади.

Ижтимоий ҳимоя бўлимида бу ҳужжатлар жамлангач, махсус комиссия уларни кўриб чиқади ва хун ёки товон пули тўлаш ҳақида қарор чиқаради.

Айтиб ўтиш лозимки, хун ёки товон пули нақд берилмайди ва фақат ариза берган шахснинг банк ҳисобига ўтказилади.

XS
SM
MD
LG