Линклар

logo-print

Коррупция 70 ёшли қарияни сарсон қилди

  • Гулнора Равшан

Рудакий туманида яшовчи 70 ёшли Маматжон Қосимов ва унинг рафиқаси Эътиборхон Қосимова ҳақсизлик боис ўз уйларида меҳмондай бўлиб қолганларини айтадилар.

Рудакий туманида яшовчи 70 ёшли Маматжон Қосимов ва унинг рафиқаси Эътиборхон Қосимова ҳақсизлик боис ўз уйларида меҳмондай бўлиб қолганларини айтадилар.

Тожикистон суд тизимларида коррупциянинг кучайиб бораётгани айрим фуқароларининг хусусий мулкидан ажралиб қолишига сабаб бўлаётир.

Қарз боис уй бегонага ўтиб кетди

73 ёшли Маматжон Қосимов суд тизимларидаги коррупция туфайли бугунги кунда ўз уйидан ажралиб қолаётган юзлаб тожикистонликлардан биридир.

У Душанбе шаҳрига туташ Рудакий туманининг Қўштепа маҳалласида 1930 йилдан бери истиқомат қилади. Унинг оиласида 15 жон яшайди.

Аввалига оиласини деҳқончилик билан боқиб келган Маматжон ота 2000 йил бошларида тижоратга ўтиб олади.

Бунинг сабабини ҳозир нафақада бўлган Маматжон Қосимов Тожикистонда кўпгина ерлар пулдорларга сотилгани ва деҳқончиликдан топган даромади ер сотиб олишга етмагани сабабли ерсиз қолгани билан изоҳлайди.

2002 йил кузида Қосимовлар оиласи катта тижорат учун Ажиков Қурбон исмли шахсдан 14 минг АҚШ доллари миқдорида қарз олиб, уйини гаровга қўяди.

Маматжон Қосимов ва Қурбон Ажиков шаҳарнинг Сино тумани нотариал идорасида бу хусусда шартнома ҳам имзолайди.

Шартномага мувофиқ, Қосимов бир йил давомида қарзини қайтариши ва бу муддатда эса ҳар ой 5 фоиз устама тўлаб туриши лозим эди.

Бироқ, Маматжон отанинг айтишича, шартнома шартлари бажарилиб турганига қарамай, Қурбон Ажиков 2003 йил июнида уйни ноқонуний тарзда хусусийлаштириб олади.

- 2004 йили собесга справка учун жамоатга (қишлоқ ҳукумати – таҳр.) боргандим, справка беришди. 2006 йил ёзида эса невараларимнинг мактаби учун справка деб борсам, беришмади. “Уйингиз сотилган, эгаси бошқа”, дейишди. Мен шу вақтгача уйим бировга ўтиб кетганини умуман билган эмасман, - дейди чорасиз қолган Маматжон ота.

Қосимовларнинг бошпанасиз қолишидан ким манфаатдор?

Шундан сўнг 70 ёшни қоралаб қолган Маматжон Қосимов ўз ҳуқуқларининг ҳимоя қилинишини сўраб, судлар эшигини қоқади.

Шунинг баробарида Маматжон ота тўрт йил муқаддам Сино туман нотариал идорасида “Гаров эвазига қарз” шартномасига эмас, балки “Мулкни бегонага ўтказиш” борасидаги шартномага имзо қўйганини, яъни қарз берган Қурбон Ажиков томонидан алдангандан хабар топади.

Илк бор Қосимовнинг Ажиковга нисбатан даъво аризаси 2009 йилнинг 13 февралида Рудакий тумани судида кўриб чиқилади.

Маҳкама жараёнига раислик қилган Шодихўжа Мирзомуддинов ишни Маматжон ота фойдасига ҳал қилиб беради.

Рудакий туман судяси чиқарган қарорда “Тожикистон Оила кодексининг 34- ва 35-моддалари қўпол тарзда бузилгани, яъни нотариал идора мулкни бегонага ўтказиш хусусида шартнома тузаётган пайтда Қосимовнинг турмуш ўртоғи Эътибор Қосимованинг розилигини олмагани сабабли мазкур ҳужжат ноқонуний, деб топилган”и ёзилган.

Шунингдек, 2008 йил январида Қурбон Ажиковнинг мулк эгаси сифатида судга ёзган аризасини ҳам ўрганиб чиққан Рудакий туман судяси Мирзомуддинов хулосасича, “Қурбон Ажиков даъво муҳлатини кечиктирган, яъни у беш йилдан сўнг мулк соҳиби сифатида судга ариза билан мурожаат қилган”.

Айтиш лозимки, Тожикистон Фуқаролик кодексининг 221-моддасига биноан даъво муҳлати уч йил этиб белгиланган.

2010 йилнинг 20 майида эса мазкур иш юзасидан судга раислик қилган Рудакий туман судяси Насиба Жўраева аввал чиқарилган суд қарорини бекор қилади.

Қосимов ва Ажиковлар ўртасида уй хусусидаги тортишув шу кунгача давом этиб келмоқда.

Қурбон Ажиковнинг даъво аризасида ёзилишича, “Маматжон Қосимов қарз олмаган, аксинча уйини сотган ва оила аъзоси билан Ўзбекистонга кўчиб кетишини айтган”.

Эслатсак, шу йил 23 апрелида фуқароларни қабул қилиш кунида Тожикистон Олий суд раиси Нусратулло Абдуллоев мубирингиз билан юзма-юз суҳбатда, “Маматжон Қосимов Қурбон Ажиковга уйини сотгани”ни таъкидлаб, “Уй соҳиби Қурбон Ажиков Маматжон Қосимовга уйни ижарага бергани ва улар орасида ўзаро шартнома ҳам тузилгани”ни билдирган эди.

Қуруқ туҳмат

Бироқ Маматжон ота Қосимов бу иддаоларни рад қилади.

- Бу ҳаммаси туҳмат. Бу борада ҳеч қандай шартнома бўлмаган. 2007 йилгача мен мулк эгаси сифатида ер солиғини тўлиқ тўлаб келганман, - дер экан Маматжон Қосимов оладиган 100 сомоний ёки тахминан 23 доллар нафақаси шу харажатларга сарфланганини айтди.

Қосимовнинг қизи Назирахон Қосимова эса шу ўтган муддат давомида отасининг Қурбон Ажиков исмли шахсга ҳар ой 5 фоиз устама тўлаб келганини ва олинган қарзнинг бир қисми ҳам қайтарилганини айтади.

- 1050 долларли гилам берганмиз. Акам билан бирга олиб борганмиз гиламни Ажиковнинг уйига. Бу фоиз ҳисобига эди. Кейин яна 5421 доллар фоиз тўланган. 8 000 доллар тани берилган пулнинг, - дейди Назирахон Қосимова.

Мавзуга ойдинлик киритиш мақсадида Қурбон Ажиков ва унинг оқловчиси Абдунаби Исҳоқийга ҳам қўнғироқ қилдик.

Аммо бу борада қилган уринишларимиз самара бермади.

Айни пайтда Маматжон Қосимовлар оила аъзолари ва маҳалладошлари суд тизимларида мавжуд порахўрлик сабабли Қосимовлар ҳақ-ҳуқуқлари поймол қилинаяпти, деган ишончда.

Маҳалла оқсоқоли Маҳмуджон Аҳмедов шу йил апрел ойида Қосимовлар уйига уларни кўчириш масаласида борган Қурбон Ажиков ҳуқуқ ва суд идораларида пора эвазига ишни ўз фойдасига ҳал қилаётганини кўпчилик ҳузурида айтганини таъкидлайди.

- “40 000 долларни судяларга сарф қилганман. 40 000 доллар - биласанми?” деди. Қаттиқ бақирди, уни ҳамма эшитди. “Мен бу пулни чиқаришим керак, ортга қайтмайман”, деди, - дер экан Маматжон отанинг маҳалладоши Маҳмуджон Ахмедов Тожикистон суд тизимларида адолат йўқлигидан афсусдалигини қистириб қўйди.

Яхши қонунларимиз бор, лекин...

Аснода тожикистонлик ҳуқуқшунос Қимматгул Розиева ҳам сўнгги йилларда республика суд тизимларидаги порахўрлик ортидан қонунбузарлик авжига чиққанидан таассуф билдиради.

Ҳуқуқшунос Розиева хоним мулоҳазасича, суд тизимларининг ҳаддан ортиқ корпупциялашгани сабабли фуқаролар мулкининг пулдорлар томонидан ноқонуний ўзлаштириши одатий ҳолга айланиб бормоқда.

- Бугунги кунда биргина Қосимов муаммоси эмас, балки кўплаб одамларнинг хусусий мулки билан боғлиқ даъво аризалари маҳкамаларда қонун доирасида кўрилмаётир. Кўп ҳолларда қонун бир томон қолиб, судялар манфаатлари биринчи планга қўйилаяпти. Шунингдек, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари очиқдан-очиқ поймол қилинаётганига, биринчидан, порахўрлик сабаб бўлса, бошқа томондан, судларнинг мустақил эмаслиги ҳам сабаб бўлаяпти. Судлар фаолияти умуман шаффоф эмас. Яхши қонунларимиз бор, лекин улар ҳуқуқ посбонлари томонидан оёқости қилинмоқда, - дейди ҳуқуқшунос Қимматгул Розиева.

“Тожикистон фуқаролик-процессуал кодексининг 19-моддаси 2-бандига кўра, - дея қўшимча қилади, Розиева хоним, - бир судя икки марта бир шахснинг даъвоси аризаси билан боғлиқ маҳкамада қатнашиш ҳуқуқига эга эмас”.

Бироқ Тожикистон Олий судининг фуқаролар иши бўйича коллегия раиси Лола Хўжаева Қосимовнинг кассация тартибидаги шикоят аризаси бўйича икки марта судга раислик қилган.

- Бу эса Олий суд масъул шахси томонидан қонуннинг қўпол тарзда бузилишидир, - деди ҳуқуқшунос Розиева хоним.

Президент хабарсиз

Аснода Маматжон Қосимов суднинг юқори инстанцияларида қонунбузарликка йўл қўйилиши ортидан каттагина оиласи билан бошпанасиз қолаётганидан шикоят қилиб, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон номига хат йўллаганини маълум бўлди.

Маматжон ота бундай қонунбузарликлардан давлат раҳбари хабарсизлигини, гап президентга етиб борса, ҳақиқат юзага чиқишига ишонишини айтади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG