Линклар

“Махсус мухбир” ҳуқуқ фаолини 10 миллион сўмга тушириши мумкин


"Без России" фильмида Антонина Николаева мисолида Ўзбекистонда руслар камситилаётгани ҳикоя қилинади.

"Без России" фильмида Антонина Николаева мисолида Ўзбекистонда руслар камситилаётгани ҳикоя қилинади.

11 май куни Тошкент шаҳар Яккасарой туманлараро фуқаролик судида ҳуқуқ фаоли Татьяна Давлатова устидан суд бошланди.


Ҳуқуқ фаолини "Россия" телеканали орқали намойиш этилган “Махсус мухбир” кўрсатуви учун тайёрланган "Без России" номли ҳужжатли фильмидаги қаҳрамонлардан бирининг жияни судга берган.

Даъвогар Лебедева ўз аризасида Татьяна Давлатовадан 10 миллион сўм миқдорида маънавий зарарни ундириб беришни талаб этган.

11 май куни Тошкент шаҳар Яккасарой туманларо фуқаролик судида бошланган маҳкамада жавобгар Татьяна Давлатова ўзининг ишончли вакили Анатолий Волков қатнашишини сўраб, киритган илтимосномасини суд раиси рад этди. Судя Қаландарова маҳкамада аудиоёзув қилишни ҳам таъқиқлади, дейди суд маҳкамасида кузатган Анатолий Волков.

- Давлатова судяга раддия берди. Суд кенгаш хонасида қолди. Давлатова ўзини ёмон ҳис этиб, қон босими ошиб, суддан чиқиб кетишга мажбур бўлди. Дори-дармони уйида қолгани боис, суд маҳкамасидан чиқиб кетди. Эндиликда у ариза ва илтимосномаларини судга почта орқали юборади. Чунки суд маҳкамасида унинг ариза ва илтимосномаларини эшитишни ҳам хохлашмади, деди Анатолий Волков.

Эслатиб ўтамиз, 24 апрел куни “Россия” телеканали намойиш этган “Махсус мухбир” кўрсатувида рус миллатига мансуб айрим ўзбекистонликлар турмуши ҳақида сўз борганди.

"Без России" номли ҳужжатли фильм қаҳрамонларидан бири тошкентлик ҳуқуқ фаоли Татьяна Давлатовага нисбатан айни кўрсатувнинг бошқа бир қаҳрамони Антонина Николаеванинг жияни даъво аризасини берди. Даъвогар Наталья Лебедева “руҳий азоб”га дучор бўлганини даъво қилиб, ҳуқуқ фаолидан 10 миллион сўм талаб қилган.

- Татьянага Яккасарой туманидан чақирув қоғози беришди. Уни ўқиб, биз хайрон қолдик. Сўзма-сўз келтирадиган бўлсам, судга Татьяна Давлатова ва Наталья Лебедева ўртасидаги НИКОҲни бекор қилиш тўғрисидаги мажлисга чақиришган. Бу қоғоз остида суд раиси Қаландарова имзоси ҳам қўйилган. Балки бу англашилмовчиликдир. Лекин шу ҳолатнинг ўзи Ўзбекистонда судялар турли ҳужжатларга қанчалик лоқайдлик билан имзо чекишидан далолатдир,- дейди ҳуқуқ фаоли Татьяна Давлатованинг судда иштирок этаётган ишонч вакили Анатолий Волков.

Волковга кўра, “Россия” телеканали кўрсатувида иштирок этган Антонина Николаевани ҳуқуқ фаоли интервью беришга мажбурламаган:

- Тоня бувининг ўзи дардини гапирган. Уни ҳеч ким мажбурламаган. Агарда уни мажбурлашганда, у ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган бўлар эди. Ахир бу тасвир уч ой олдин суратга олинган. Аслида мазкур суд жараёни Татьяна Давлатованинг ҳуқуқ фаолияти билан ҳам боғлиқ эмас. Татьяна очиқчасига нафақахўр ногирон эканлиги, укаси ҳам ногирон эканлигини айтиб, ҳаёти қийин кечаётганини гапиргани учунгина суд маҳкамасига тортилмоқда. У ўзи ҳақида ҳақиқатни айтгани учун тазйиққа учради,- дейди Анатолий Волков.

“Россия” телеканалининг “Махсус мухбир” кўрсатувидан сўнг унда иштирок этган ҳуқуқ фаолларига босим кучайди. Хусусан, Елена Урлаеванинг хонадонига 25 апрел куни номаълум аёллар гуруҳи келиб, “Бор, Россиянгга кет” дея бақирган.

Худди шу аёллар гуруҳи Татьяна Баженова ҳамда Татьяна Давлатовалар уйига ҳам боришган.

27 апрел куни Тошкентдаги бир гуруҳ рус зиёлилари Россиянинг РТР телеканали раҳбариятига очиқ хат йўллаб, ўз эътирозларини баён қилдилар.

5 май куни эса “Ўзбекистон” телеканали орқали махсус кўрсатувда россиялик журналистлар ва кўрсатувда иштирок этган тошкентлик ҳуқуқ фаоллари қораланди.

Даъво аризасини берган Наталья Лебедева Озодлик билан гаплашишни истамади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG