Линклар

logo-print

Сурхон ўқитувчилари далага ҳайдалди


Ўқитувчи ва талабалар Ўзбекистон ҳукумати учун мўмин-қобил мардикорларга айланиб бўлган кўринади.

Ўқитувчи ва талабалар Ўзбекистон ҳукумати учун мўмин-қобил мардикорларга айланиб бўлган кўринади.

10 майдан бошлаб Сурхондарёдаги коллеж ва лицей ўқитувчилари баҳорги дала ишларига сафарбар қилинди.


Сурхондарёдаги Узун Қишлоқ ҳўжалиги коллежининг 33 нафар ўқитувчи ва ходимлари Қизириқ туманидаги фермер хўжаликларига пахта чопиғи ва ягана ишларига кўмаклашиш учун жўнаб кетишди.

Бу ҳақда Узун Қишлоқ хўжалик коллежининг исми сир қолишини сўраган ўқитувчи маълум қилди.

- Албатта, бизларнинг коллежимиздан ҳам кетишди. Кеча кетишди ўқитувчи ва ишчи ходимлар. 33 киши: ўқитувчи ва ишчи ходимлардан иборат. Ëтоқ билан кетишди. Қизириқ тумани уй-жой қурилиш касб-ҳунар коллежида жойлашган ëтоқ жойи,- деди Узун коллежи ходими.

Денов Қишлоқ хўжалиги коллежининг бир гуруҳ ўқитувчилари эса Шеробод тумани далаларига жўнатилган. Коллежнинг ҳашарчи ўқитувчиларидан бири билан далада чопиқ қилаётган пайтда боғландик.

- Мана даланинг бошида турибман. Обод қилаяпмиз. Ҳисса қўшаяпмизда элнинг ҳашарига. Элнинг ҳашари бу, пахта. Ўзимизнинг миллий бойлик пахта. Чопиш ҳам, ягана ҳам ҳаммасини қилаяпмиз. Буйруқни бажараяпмиз, ҳокимият буйруғини,- деди ҳашарчи ўқитувчи.

Бойсун қурилиш коллежи ўқитувчилари эса Бандихон тумани далаларига жўнатилди.

- Кетишганку уже. 17 та одам кетган. Ўқитувчилар ва ишчи ходимлар. Ëтарлайга (ётадиган бўлиб-таҳр.) кетган,- деди Бойсун коллежи ходими.

Коллеж ўқитувчилари билан суҳбатимиздан маълум бўлишича, 10 майдан бошланган баҳорги “ҳашар” га жўнатилган ўқитувчилар 10 кун давомида ишлайдилар. 10 кундан кейин эса улар ўрнига бошқа гуруҳ ўқитувчилар жўнатилади. Ҳашарчи ўқитувчилар туманлардаги коллеж ва бошқа ташкилот биноларига жойлаштирилган бўлиб, уларнинг озиқ-овқати фермерлар зиммасига юклатилгани айтилмоқда.

Коллеж ўқитувчилари юқорининг буйруғи билан далада эканликларини айтишди. Сурхондарё вилоят хокимлигидан бу борадаги буйруқ ҳақида бирор бир изоҳ олиш имкони бўлмади.

Ҳозирда коллежларда ўқишлар давом этаётган бир пайт бўлгани учун, ўқитувчиларнинг далага жўнатилиши ўқув жараёнига таъсирини ўрганиш учун Деновдаги коллежлардан бирида ўқиётган талаба йигит Абдулла Азимовни суҳбатга тортдик.

- Коллежимиздан 15тага яқин ўқитувчи кетган. Фан ўқитувчилари ўрнига бирорта домла қўшиб ўтади. Иккита-учта группа қилиб ўтади битта хонада. Унда дарс бўлади ë бўлмайдида. Бундан ташқари бошқа хонага ҳам қўйиб қўйиши мумкин ўқувчиларни. 20 минутда бир келиб кетади. Дарс ҳам бўлмайди. Бир хил пайтда бошқа ўқитувчилар жавоб ҳам бериб юбораяпти. Дарс ўтадиган ўқитувчининг ўрнига кирганлар жавоб бериб юбораяпти домланг йўқ деб. Дарслар қолиб кетаяпти. Халақит бераяпти ўқишимизга. Айниқса йил охирида баҳолар чиқиши керак. Катта зарари бор унинг. Ўқишнинг охирида ҳозир. Баҳолар чиқиши керак ҳамма фанлардан, биз эса ўқимаяпмиз, деди талаба йигит Абдулла Азимов.

Бироқ Узун туман қишлоқ хўжалиги коллежи ходимига кўра, ўқитувчиларнинг баҳорги дала ишларига жўнатилиши, ўқув жараёнига мутлақо таъсир кўрсатмаяпти.

- Дарс соатига таъсир қилмаяпти. Энди бизлар мана амалиëтга чиқардикку битирувчиларни тўғрими? Диплом олди амалиëтига чиқадику. Жадвалдан қараб туриб дарси йўқлардан юборилган. Дарси борлар ҳаммаси дарс ўтаяпти тўлиқ. Учинчи битирувчи босқич талабаларимизга диплом олди амалиëти бошланган. Унга битта амалиëт раҳбари бўлади. Қолганлар ҳаммаси махсус фанлар ўқитувчилари дарси йўқлар. Жадвал асосида қараб туриб дарси йўқлар чиқарилган далага, деди Узун туман қишлоқ хўжалиги коллежи ходими.

Ўзбекистонда ўқитувчиларининг баҳорги дала ишларига сафарбар қилиниши янгилик эмас. Бу собиқ иттифоқ давридан буён давом этаётган ҳолат бўлиб, ўқитувчилар кузги дала ишларида ҳам бевосита иштирок этадилар.

Шу кунларда мамлакатнинг айрим жойларида, мактаб ўқувчилари ва коллеж талабаларининг ҳам баҳорги дала ишларига жалб қилинаётгани кузатилмоқда.

Жумладан, ҳозирги кунда Жиззахдаги 9-синф ўқувчилари навбатма-навбат пахта чопиғига чиқарилаётгани ҳақида хабарлар бор.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG