Линклар

Андижонликлар хорижда ҳам ўз нонини топмоқда

  • Ҳурмат Бобожон

Андижонликлар Канадада "Aziz Best Baker" новвойлик ширкатини осишди.

Андижонликлар Канадада "Aziz Best Baker" новвойлик ширкатини осишди.

2005 йилнинг 13 май воқеалари тариқдек сочиб юборган андижонликларнинг бир қисми Канададан бошпана топди. Уларнинг кейинги олти йиллик ҳаëти алоҳида ҳикояга лойиқ.


Канадада Андижон қирғинидан омон қолган 30дан ортиқ ўзбекистонлик қоқчин бошпана топган. Улар орасида 38 яшар қўқонлик тадбиркор Аҳмаджон Махмудов ҳам бор.

Аҳмаджон билан суҳбатлашар эканман қўлидаги 3G телефонига қараб-қараб қўяди. У ерда фарзандларининг сурати.

- Фарзандларнинг расми. Тўртта фарзандим бор. Каттаси 12 ёш, кейингилари 11, 9, кичкина қизимиз 2 ёш эди. Ҳозир улар катта-катта бўлишиб, каттаси академик лицейда, ундан кейингиси тиббиёт коллежида, қолганлари мактабда ўқишади,- дейди у.

Андижон қирғини сабаб Канадага келиб қолган қўқонлик Аҳмаджон Махмудов Ўзбекистонда қолган рафиқаси ва фарзандларини кўрмаганига олти йил бўляпти.

- Уларни бу ерга олиб келишга ҳаракат қилдик. Четга чиқишларига рухсат беришмади,- дейди Аҳмаджон.

Аҳмаджон такси ширкатига раҳбарлик қилади
Ўзбекистон ҳукумат кучлари 2005 йилнинг 13 майда тинч намойишчиларга ўт очиб, юзлаб одамларни ўлдирилгани билан эсланадиган Андижон ҳодисалари Қўқонда озиқ-овқат дўкони очиб, хусусий тадбиркорлик билан шуғулланиб келган 38 яшар Аҳмаджон Махмудов ҳаётини ҳам ўзгартириб юборди.

Андижонда минглаб одамларни иш билан таъминлаган 23 тадбиркор ҳимояси учун бошланган шаҳардаги намойишларда Аҳмаджон олдинги сафларда эди.

- Андижонда 23 тадбиркор ҳибсга олинган эди-да. У тадбиркорларнинг бири билан бизни ҳам алоқамиз бор эди. Нимага деса бу тадбиркорларнинг сут, қатиқ, қаймоқ ишлаб чиқарадиган фирмаси бор эди Андижон билан Фарғона чегарасидаги битта қишлоқда. Магазинга булар доимий равишда шу маҳсулотларни етказиб бериб туришарди.

Озодлик: Бу алоқа фақат бизнес билан чекланганмиди?

- Ўзи асли бизнес билан бошланган алоқаларимиз. Бундан ташқари фикрларимизни ҳам алмашиб турардик. Кейин ғоя ҳақида ҳам фикрлар алмашиб турардик.

Озодлик: Қанақа ғоя?

- Иймонга йўл.

Озодлик: Бу Акром Йўлдошевнинг китоби.

- Ҳа. Хабарингиз бор бу дарсликда ҳеч қандай экстремистик руҳ бўлмаган. Инсонни ҳаëтда хотиржам яшашликка чақирадиган дастур бўлган. Бу нарсалар билан, инсонлар билан қандай муносабат қилишлик – чиройли олиб чиқиб берадиган дастур бўлган. Шу менга ҳам маъқул келган. Бу дастурни ҳаëтимизга қўллаш билан биз ҳам ҳар томонлама моддий ва маънавий ҳаëтимизда ўзгаришлар ҳис қилганмизда. Шундай алоқаларимиз бор эди. Бизга хабар келдики, Андижонда катта майдонда шунақа нима бўлаяпти экан деб. Олдин хабар эшитиб турган эдик суд бўлаëтганлигини. Шу суд жараëнида тинч намойиш бўлаëтганлиги, норозилик намойиши бўлиб турганидан хабаримиз бор эди. Кейин шу намойишлар катта тус олиб 13 май куни майдонга бутун одамлар тўпланиб турганини эшитиб, биз ҳам намойишга етиб бордикда. Шундан бу ëғи кейин қирғин бошланди. Жонни сақлаб қолиш мақсадида Қирғизистон, кейин Канадага ўтиб кетдик,- дея эслайди Аҳмаджон.

Андижонда расман 187 одам, ҳуқуқ ҳимоячилари эса юзлаб одам ҳалок бўлганини айтишади
Расман 180дан ортиқ одам қурбон бўлган, ҳодиса шоҳидлари эса юзлаб одам ҳалок бўлганини айтиб келадиган Андижонда олти йил аввал рўй берган қирғиндан Аҳмаджон омон қолди, лекин ўша куни у ўз ҳаётини сақлаб қолиш учун юзлаб андижонликлар қатори қўшни Қирғизистонга қочишга мажбур бўлди.

Бир неча ой ўтиб БМТ Қочқинлар идораси кўмагида 500 га яқин андижонликлар Руминиядаги қочқинлар жамлоғига олиб ўтилади. Кейин эса уларнинг айримларини, жумладан Аҳмаджонни ҳам Канада қабул қилиб олди.

Махмудов ҳаётининг сўнгги олти йилини оиласидан йироқда, олис Канаданинг Сант Жон шаҳрида ўтказди. Бу давр ичида у Канадада бизнес қилиш имконларини ўрганди ва икки йил аввал “Сэйнт Жон Такси” хусусий ширкатига асос солди.

- Бизнесмен давлат билан қанақа муносабат қилишлигини бу ерда ўргандик. Давлатнинг қонунлари, солиқлари ҳаммасини осон ва қулай қилиб яратиб қўйган экан. Тадбиркорларга шунақа ишонч билдирганки, уларни хиëнат қилмасдан солиқни тўлиқ тўлайдиган қилиб қўйган экан. Бу ердаги дўстлар билан маслаҳатлашиб, кейин шаҳарнинг номини қўйдик Сэйнт Жон деб. Авлиë Жон дегани экан. Авлиë Жон шаҳрининг номини қўйганимиздан кейин маҳаллий халқ ҳам жуда яхши қабул қилди. Машиналарни ҳам биз бошқачароқ қилдик. Машиналар янги. Япониянинг Ниссан деган машинаси борку, ҳаммасини бир хил қилдикда мижозларни жалб қилишга.

Озодлик: Нечта машина юради?

- Линияда ҳозир ўн бешта машина юради. Ўнтаси ўзимизники. Бештаси шу маҳаллий аҳолидан ишга ëллаганмиз. Ўзларининг машинаси билан ишга киришган. 24 соатлик диспетчерлик. Диспетчерлар ҳам ўзимиздан. Андижонлик компания. Рақобатларни анча енгиб ўтдида бошқа компанияларга нисбатан. Бошқа компанияда ишлайдиганлар бизнинг компанияда ишлашга қизиқиш билдиришаяпти. Уларга энди машина керак. Уларнинг кўпида машинаси йўқ экан. Компаниянинг машинасини ижарага олиб минишар экан. Яна машиналаримизни кўпайтирсак, ишга оламиз. Тўртта-бештаси ҳозир телефонимизни кутиб туришибди. Кўришиб, суҳбатлашиб кетишган. Энг асосий нарса аҳиллик дўстлар билан. Яна бизнинг асосий ютуғимиз мен ўйлайманки, шу Ўзбекистонда юрган давримиздаги нарсалар билан қандай муносабат қилишлик, инсонлар билан қандай муносабат қилишлик керак гўзал ва чиройли равишда деган таълимотни олган эдик. Шу таълимот билан шун пайтгача яшаб келаяпмизда,- дейди Аҳмаджон.

Халифаксдаги "Uzbek Master" канадаликлар ишончини қозонмоқда

13 май қирғинидан сўнг нафақат Андижон, балки бутун Ўзбекистон иқтисодининг ривожига катта ҳисса қўшишга қодир йигитлар мамлакатни тарк этди.

Халифакс шаҳрида яшаётган 35 яшар андижонлик Акромжон Солиев андижонлик қочқинларнинг яна бири. Акромжон ҳам Халифаксда қурилиш соҳасида тадбиркорлик фаолиятини давом эттираяпти. Икки йил аввал у Халифаксда “Uzbek Master” ширкатига асос солди.

- Ўқишга тўғри келди, ўқидик. Ўқиб ўрганиб мана шу икки йилнинг бу ëғида “Uzbek Master” номи остида компания очганмиз.

Озодлик: Бирга ишлаëтганлар ҳаммаси Андижон воқеаси боис юртдан чиқиб кетганларми?

- Ҳа, яна маҳаллий аҳоли вакиллари ҳам бор. Нима дейди бизда асосий мақсад ҳам ана шуда. Яхшилик деган ният борку. Фақат пул топишмасда мақсад. Ҳаëтда инсондан нима қолади деса, яхшилик қоладида. Маҳаллий аҳолидан олиб ишлатаяпмиз. Улар ҳам биз билан ишлаганидан хурсанд. Бир дўстимизни ишлатдикда. Шу дўстимиз айтаяпти “Мен ўғлимни ҳам чақирсам. Ўғлим ҳам сизлар билан бирга ишласа” деган гаплар ҳам бўлдида. Бу энди бизга берилган баҳо бўлса керак деб ўйлайман,- дейди Акромжон.

2005 йил 13 май Андижон воқеаларидан олдин Акромжон Ўзбекистонда қурилиш соҳасида кичик корхонада ишлагани ва асосий мижозлари ўша пайтда вилоят ҳокимлари ва ҳокимият расмийлари бўлганини эслайди.

- 13 май воқеаларидан олдинги суд воқеаларида, бизнинг директоримизни нотўғри фаолият юргизаяпсан деб туриб, ўша 23 тадбиркорнинг ичида бизнинг директоримиз ҳам бор эди, ана шу одамнинг қўлида уста вазифасида ишлаганман. 20 дан 60 гача бўлган одамга иш бериб, бошқариб шунақа вазифада ишлаган эдимда. Объектнинг планини берарди. Ўша объектнинг планини бажарадиган одам бўладию, уста деб қўядию ўзбекда, шунақа вазифани бажарганман мен.

Озодлик: Мижозлар ким эди? Ўша пайтда ҳокимлар сизларнинг асосий мижозларингиз бўлган дейишадида.

- Энди, нима дейди, у даврда ҳокимнинг нимасигача қилганмизда, 2005 йилдан аввал ҳоким алмашган эди. Шаҳрихонда Узун кўча деб кўчада турар экан. Ана шу уйигача бориб қурилиш қилиб келганмизда. Ҳокимларнинг уйларигача бориб иш қилиб келганмиз. Андижонда ҳам Оқсарой деб қўйишарди, Оқсарой дейишадию ҳокимлар яшайдиган уйни, 4 гектарча жойда Оқсарой қилиб қурилиш бўлган. У ерда ишни давом эттириб битишига озгина қолганда 13 май воқеалари бўлиб кетдида,- дейди Акромжон.

Акромжоннинг ҳам рафиқаси ва икки фарзанди Ўзбекистонда қолган. Ҳозир у Ўзбекистонга қайтиш орзусида яшамоқда.

- Каттаси қиз. Кетганимда 6 ëш эди. Ўғлим 6 ойлик бола эди.

Озодлик: Бу ëққа олиб келасизда энди.

- Йўқ, Худо хоҳласа, бу ëққа олиб келишдан кўра, ўзим Ўзбекистонга қайтиб боришликни умид қилиб турибман. Мана бу ерларда кўп тажрибалар орттирдикда. Уй ичидаги комфорт дейдию, қулайликлари жуда ривожланиб кетганда. Жуда кўп нарсаларни ўргандик. Ниятимиз Ўзбекистонга яна қайтиб бориб, ўзимизнинг қўлдан келадиган иш билан ўзбек халқига, юртдошларимизга имкониятимиз борича яхшиликлар қилиб олишлик. Бу ëққа олиб келишликдан кўра, уйга боришликнинг нияти кучли. Мана 6 йилдан бери ҳар куни туриб “бугун Худо хоҳласа, уйга қайтиб кетаман”, деб ният қиламан. “Янгилик, ўзгариш бўладики мен уйга қайтиб кетаман”, деган кун ҳар куни эрта билан такрор бўладида. Кечга бориб кайфият ўзгариб “бугун ҳам ҳеч нарса бўлмадию”, деган нарса бўлади. Ухлаб туриб эрта билан яна шу билан ҳаракат қилинади,- дейди Акромжон.

Халифаксда яшовчи андижонлик қочқин Рустамжон ака ўтган йили Ўзбекистонда қолган оиласини ёнига олиб келишга муваффақ бўлди. Ўтган ҳафта улар қиз кўришди. Исмини Мубина деб қўйишди.

Андижон қирғинидан бери ўтган олти йил ичида қочқинликда яшаётган андижонликлар оилаларида 25 дан ортиқ чақалоқ дунёга келди. 15 тадан ортиқ никоҳ тўйлари бўлди.

Абдулазиз новвой Канадада "Baker"

Андижонда новвойлик қилган Абдулазиз ҳам Канадада ўз касбини ўзгартирмади. Фақат номини ўзгартирди. Халифакс шаҳрида у “Aziz Best Baker” ширкатини очди. Шундай қилин новвой "baker"га айланди.

"Азиз Энг Зўр" новвойхонасида ёпилган нонлар бозори анча чаққон.
- Бунинг маъноси энди "best" деганининг маъносини биласиз инглизчада "энг зўр" дегани. Азизни ҳам биласиз. "Baker" деганга энди кондитер, новвой ҳаммаси кириб кетади. Ўзимиз билан бирга Андижон воқеалари сабабли келган ака-укаларимиз бор. Уч киши ишлашади. Ташқаридан олинган ишчиларимиз бор. Қўлдан келганча юргизаяпмиз.

Озодлик: Ўзимизнинг нонларми ëки Канаданинг нонларими?

- Ўзимизнинг ўзбек нонлар ҳам. Мана бу ерда ўзбеклар ҳам яшаймиз. Биздан бошқа ўзбеклар ҳам бор. Афғонистондан келганлар, бошқалар бор. Нонимизни танийдиганларга. Кўпроқ булочка қиламиз, прянник қиламиз. Эрталаб клиентлардан заказ тушади. Магазинлар борда савдо қиладиган. Ўша магазинларга тарқатамиз. Цехимиз олдида ўзимизнинг кичкина дўкончамиз бор. Иккита шаҳарда бу ерда. Ўртада сув бор, кўприк боғлаб туради. Иккаласи ҳам битта провинция.

Озодлик: Ўзбекистонда ҳам новвойлик билан шуғуллангансизда-а?

- Мен ўзи кондитернинг устасиман. Ўзбекистонда цехларим бўлган торт, пирожний, булочка чиқарадиган. Асосан торт чиқарар эдик. Энг танилган нималаримиз рулетлар эди,- дейди Абдулазиз.

АҚШда бошпана топган 200 дан ортиқ андижонлик қочқин эса Аризона штатида жипслашиб, деҳқончилик, жумладан, сабзавот маҳсулотлари етиштириш ва сотишни йўлга қўйганлар. Улар Феникс шаҳрида "Азиз" озиқ-овқат дўконини очишди.
Аризона штатидаги андижонликлар

Андижонликлар АҚШда пойафзал ҳам ишлаб чиқармоқда. "Inter-Sanoat" номи остида "Made in USA" тамғаси босилган туфли ва сандалларни ишлаб чиқаришни Аризона штатида бошпана топган андижонликлар йўлга қўйди.


Ўзбекистон ҳукумати таъбирича, 2005 йил 13 май куни бир ҳовуч исломчи жангариларнинг хуружи бўлган. Аммо Тошкент расмийлари халқаро ҳамжамиятнинг Андижон хунрезлигига доир мустақил текширув ўтказиш ҳақида талабларини ҳамон рад этиб келмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG