Линклар

logo-print

“Тоза дин”чилар туркиялик журналист ҳимоясига чиқди


2009 йилдан бери Бишкекда яшаб келаётган туркиялик журналист Али Усмон Зор ўз ватанида халқаро террорчи гуруҳга алоқадорликда ва Истанбулда 22 кишининг ҳаётига зомин бўлган террорчилик ҳаракатини уюштирганликда айбланади.

2009 йилдан бери Бишкекда яшаб келаётган туркиялик журналист Али Усмон Зор ўз ватанида халқаро террорчи гуруҳга алоқадорликда ва Истанбулда 22 кишининг ҳаётига зомин бўлган террорчилик ҳаракатини уюштирганликда айбланади.

Қирғизистондаги айрим нодавлат ташкилотлари террорчиликда айбланиб Бишкекда ҳибсга олинган туркиялик Али Усмон Зорнинг озод этилишини талаб қилишмоқда.

12 май куни матбуот анжумани ўтказган нодавлат ташкилотлари вакилларига кўра, Али Усмон Зор Туркияда ҳур фикрлилиги учун таъқибга олинган журналистлардан биридир ва унинг террорчи гуруҳларга алоқаси йўқ.

Бишкекда яшаётган туркиялик журналист Али Усмон Зор Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати томонидан 2 май куни ҳибс қилинган. Аммо расмийлар бу ҳақда фақат 11 май куни маълумот тарқатди.

- Туркия Адлия вазирлиги Али Усмон Зорни қўлга олиш борасида илтимоснома жўнатган. Мана шу асосда Миллий хавфсизлик хизмати уни қўлга олган. Бишкекнинг Биринчи май туман суди уни бир ой муддатга, яъни 2 июнгача ҳибсда сақлаш тўғрисида қарор чиқарган. Ҳозир Али Усмон Зор Миллий хавфсизлик хизмати тергов ҳибсхонасида сақланмоқда, - деди Қирғизистон Бош прокуратураси расмийси Тилек Мирзақулов.

2009 йилдан бери Бишкекда яшаб келаётган туркиялик журналист Али Усмон Зор ўз ватанида халқаро террорчи гуруҳга алоқадорликда ва Истанбулда 22 кишининг ҳаётига зомин бўлган террорчилик ҳаракатини уюштирганликда айбланади. Туркия томонининг билдиришича, Али Усмон Зор таъқиқланган “Буюк ислом шарқи жангчилари жабҳаси” ташкилотининг аъзоси. Туркияда Али Усмон Зор террорчилик ҳаракатига алоқадорликда айбланиб, 12 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Бироқ 12 май куни Бишкекда матбуот анжумани ўтказган “Тоза дин” ва “Қирғиз халқ ботирлари” нодавлат ташкилотлари вакиллари Али Усмон Зор Туркияда ҳур фикрли журналист бўлгани учунгина таъқиб қилинмоқда, деб ҳисоблайдилар.

- Журналистга қарши жиноят иши сохталаштирилган. Уни 1998 йилда Туркияда гўёки судлашган. Аслида эса Али Усмон Зорга нисбатан маҳкама жараёни ўтказилмаган. Уни 7 йил қамоқда сақлашган ва охир-оқибат унинг айблари исботланмагин учун қамоқдан озод қилишга мажбур бўлишган. Шундан сўнг ҳам у Туркияда ўз фаолиятини давом эттирган. Аммо ўзига нисбатан таъқиблар кучайиб кетгач, 2009 йилда Туркияни тарк этиб, Қирғизистондан бошпана топган, - деди “Тоза дин” ташкилоти раҳбари Собиржон Мамбетов.

“Тоза дин” ва “Қирғиз халқ ботирлари” нодавлат ташкилотлари Қирғизистон ҳукуматига Али Усмон Зорнинг озод этилишини талаб қилиб мурожаат йўллади. Бу мурожаатга Туркиянинг Истанбул, Адана, Ғазиантеп, Онадўли адвокатлик бюролари, “Академия”, “Илма”, “Баран” журналлари ходимлари ҳам имзо чекишган.

Мурожаатга имзо чекканлар Али Усмон Зор Туркияга қайтарилса, у ўз мамлакатида виждон тутқунига айланиши мумкинлигидан ташвиш билдирганлар.

Бироқ Қирғизистон Бош прокуратураси расмийси Тилек Мирзақулов Али Усмон Зор 2010 йилнинг 15 июнида Меҳнат ва миграция вазирлигида бошпана изловчи шахс сифатида рўйхатга олингани, шунинг учун журналист ҳозирча Туркияга қайтарилмаслигини айтди:

- Агар қочқинлик мақоми кутилаётган бўлса, Али Усмон Зорни Туркияга қайтара олмаймиз. Чунки қочқинлик сўраш, бошпана излаш Али Усмон Зорнинг қонуний ҳуқуқи. Бироқ сўнгги пайтларда жиноятчилар ўз мамлакатларида жиноят содир этиб, Қирғизистондан бошпана сўраб келишни урфга айлантириб олишди. Бизнинг илтимосимиз билан Меҳнат ва миграция вазирлиги бу жиноятчиларга қочқинлик мақомини берган эмас, - деди Тилек Мирзақулов.

Туркиялик журналист Али Усмон Зор 1968 йилда туғилган. У Туркияда бир қатор мухолиф нашрларга асос солгани ва Туркия ҳукуматини қаттиқ танқид қилиб келгани айтилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG