Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:19

Сўғдда исломий партия аъзоси ушланди


Тожикистон Ислом уйғониш партияси вакили Салоҳиддин Ҳусейнзоданинг айтишича, сўнгги уч йил ичида Сўғдда унинг ўндан ортиқ партиядоши сохталаштирилган жиноий ишлар билан қўлга олинган ва қийноққа солинган.
Тожикистон Ислом уйғониш партияси вакили Салоҳиддин Ҳусейнзоданинг айтишича, сўнгги уч йил ичида Сўғдда унинг ўндан ортиқ партиядоши сохталаштирилган жиноий ишлар билан қўлга олинган ва қийноққа солинган.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси аъзоси Ҳусниддин Шарофиддинов мамлакат Жиноят кодексининг бир нечта моддаси бўйича айбланмоқда.

Бу ҳақда Озодликка Ашт туман суди судяси Шоғуфрон Давронов маълум қилди.

- Ашт туман ички ишлар бўлими вакиллари суддан Ҳусниддин Шарофиддиновни қўлга олишга санкция сўрашган. Шундан кейин унга нисбатан жиноий иш очилган. Ҳусниддин Шарофиддинов қишлоқларда ўтказилаётган исломий тўйларни видеога туширганлик ва нусхаларини кўпайтириб сотганлик, куч ишлатар тизим вакилларига бўйсунмаслик, ҳақорат қилганлик каби моддалар бўйича айбланмоқда. Айни пайтда у ички ишлар бўлими вақтинчалик сақлаш изоляторида сақланмоқда, - деди судя.

Ҳибсга олинмишнинг рафиқаси Сожида Шарофиддинова сўзларига кўра, милиция ходимлари унинг умр йўлдошини бир неча йилдан буён таъқиб қилиб келишарди.

- Умр йўлдошим мелисада эканлигидан бехабар эдим. Бу воқеадан хабар топиб, милицияга бордим, началникнинг олдига кирдим. Лекин эрим билан учрашишга рухсат бермади. “Хавотир олманг, эрта-индин жавоб берамиз”, деди. Орадан беш кун ўтди, ҳалиям жавоб бўлгани йўқ. Эрим оддий намозхон, бирор-бир жиноий иш қилгани йўқ. Тўй ва маъракаларни видеога оларди. Ростини айтсам, бу милиция ходимлари доим ундан ўз улушларини талаб қиларди. Пул бермаган шекилли, мусулмон тўйи баҳонасида қамаб қўйишди, - дейди Сожида Шарофидинова.

Бироқ Тожикистон Ислом уйғониш партиясининг Сўғд вилоят бўлими вакиллари бу борада бошқача фикрда. Партия вакили Салоҳиддин Ҳусейнзоданинг айтишича, гарчи Бирлашган тожик мухолифати билан ҳукумат ярашган кундан 14 йил ўтган бўлса ҳам, ҳукумат томонидан уларга нисбатан тазйиқлар камаймаган.

- Биринчидан, эл олдида партиямиз обрўсини тўкиш учун ҳукумат томонидан бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, маҳаллий ҳукумат вакиллари шаҳару туманларда аҳолини исломий партияга аъзо бўлмаслик учун тарғибот ишларини олиб боришмоқда. Жойлардаги маҳаллий ҳукумат вакиллари тарғибот ишлари учун масжидлардан фойдаланишлари амалдаги қонунларга зиддир. Иккинчидан, куч ишлатар тизимлари вакиллари партиямиз аъзоларига нисбатан тазйиқларни кучайтирган. Сўнгги уч йил ичида партиямизнинг ўндан ортиқ аъзоси сохталаштирилган жиноий ишлар билан қўлга олинди, қийноқларга солинди. Жумладан, Ашт туманида рўй берган воқеа ҳам ана шундай сиёсий ўйинлардан биридир, - дейди Салоҳиддин Ҳусейнзода.

Унинг айтишича, партия аъзоларига нисбатан тазйиқлар ўтказиш ва қўлга олиш билан бирга уларнинг жонларига қасд қилиш ҳоллари ҳам кўпаймоқда. Жумладан, Саъдулло Маърупов Исфара туман ички ишлар бўлимида тергов пайтида калтакланиб ўлдирилган, сўнгра учинчи қаватдан ташлаб юборилган. Тергов қилган милиция ходимларига нисбатан жиноий иш очилган. Шунингдек, партиянинг яна бир аъзоси Усмон Бобоев терговчилар қийноқларидан кейин жон таслим қилган. Мазкур фирқа аъзоси Зумрад Қурбонова эса вилоятдаги уюшган жиноятчиликка қарши кураш минтақавий бўлими мулозимлари томонидан аёвсиз калатакланган ва реанимация бўлимига тушган эди.

Мазкур воқеадан кейин Тожикистон Ислом уйғониш партиясининг Сўғд вилоят бўлими раҳбарияти вилоят ҳукумати раиси ва прокурор номига мактуб йўллаган. Мактубда: “Партиямиз аъзоларига нисбатан тазйиқларга чек қўйилишини, аҳоли олдида партиямиз обрўсини тўкишга қаратилган ташвиқот ишларининг тўхтатилишини талаб қиламиз”, дейилган.
XS
SM
MD
LG