Линклар

Жаҳон банки Тошкент ва Душанбе учун оғриқли бўлган Роғун ГЭСи масаласини нейтрал ҳудудда муҳокама қилишни таклиф қилмоқда.

19 май куни Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида Тожикистондаги Роғун сув омбори ва гидроэлектр станцияси лойиҳаси бўйича тадқиқотларни муҳокама қилиш ва ахборот алмашиш бўйича дастлабки учрашув бўлиб ўтади.

Бу ҳақда Регнум ахборот агентлигига маълум қилган Жаҳон банкининг Душанбедаги ваколатхонаси ходимлари муҳокамага барча манфаатдор мамлакатларнинг фуқаролик жамияти вакиллари таклиф қилинганини билдирганлар.

Регнум манбасига кўра, Жаҳон банки экспертиза ўтказилаётган Роғун ГЭСи лойиҳаси бўйича вазиятнинг мураккаблигини тушуниб турибди. Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматлари илтимосига кўра, Жаҳон банки икки баҳолаш тадқиқотининг (техник-иқтисодий баҳолаш ҳамда лойиҳанинг экологик ва ижтимоий таъсирини баҳолаш) зарур техник сифатини таъминлашга уринмоқда. Бу тадбирлар лойиҳанинг техник характеристикасини, унинг иқтисодий жиҳатдан самарадорлигини ҳамда Роғун ГЭСи лойиҳаси атроф-муҳит ёки аҳоли турмушига кўрсатиши мумкин бўлган ҳар қандай таъсирини баҳолаш учун амалга оширилмоқда.

Шу мақсадда Жаҳон банки икки мустақил экспертлари гуруҳини ташкил қилиб, банк томонидан молиялаштирилган тадқиқотларни ўтказаяпти ҳамда минтақа мамлакатлари билан бу борада консультациялар олиб бормоқда. Дарё ҳавзаси мамлакатлари фуқаролик жамияти вакиллари билан ўтказилажак биринчи учрашувда ахборот алмашиш ва мазкур тадқиқотлар учун жалб қилинган маслаҳатчилар томонидан тайёрланган иккала баҳолаш тадқиқоти юзасидан бошланган иш ҳақидаги ҳисоботларни муҳокама қилиш мўлжалланмоқда. Мустақил экспертлар таклиф қилинаётган ёндашувлар ҳақида сўзлаб берадилар ва ўз кузатувлари билан ўртоқлашадилар. Жаҳон банки маълумотига кўра, учрашувда экспертларнинг роли ҳам муҳокама қилинади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган асрнинг 80-йилларида қурила бошлаган Роғун ГЭСи лойиҳаси сармоядор йўқлиги туфайли узоқ вақтгача амалга оширилмай келинган. Ниҳоят, 2009 йилда тожик расмийлари Роғун ГЭСини мустақил равишда қуришга қарор қиладилар. Бу ташаббусга дарёлар қуйисида жойлашган мамлакатлар, айниқса, Ўзбекистон расмийлари қарши чиқади. Расмий Тошкент Роғун ГЭСи қурилиши минтақа учун экологик офат келтириши мумкинлигини даъво қилиб, гидроиншоот бўйича халқаро экспертиза ўтказилишини талаб қила бошлайди. Ўз навбатида, Тожикистон томони бу даъволар асоссиз ва илмий жиҳатдан исботланмаган эканини таъкидлайди. Шунга қарамай,
тожик расмийлари халқаро экспертиза ўтказилишига рози бўладилар.

Роғун ГЭСи лойиҳасини иқтисодий, техник ва экологик халқаро экспертизадан ўтказиш тадбири Жаҳон банки молиявий кўмаги ёрдамида амалга оширилмоқда.

Айни пайтда тожик расмийлари ҳам, Роғун майдонида бўлиб қайтаётган халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам ГЭСда қурилиш ишлари олиб борилмаётганини таъкидласалар-да, айни пайтда Роғунда қурилиш ишлари қизғинлиги кузатилади.

Тожикистон ҳукумати ҳар йил бу гидроиншоот лойиҳаси учун давлат бюджетидан миллионлаб сомоний ажратиб келмоқда. Жумладан, яқинда мамлакат парламенти томонидан тасдиқланган давлат йиллик бюджетидан 2011 йилда бу лойиҳа учун 850 миллион сомоний ёки тақрибан 200 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилди.

Расмий маълумотларга кўра, Роғун ГЭСи лойиҳасининг умумий қиймати 2 миллиард 200 миллион АҚШ долларига тенгдир.
XS
SM
MD
LG