Линклар

Бугун Мюнхен суди 91 ёшли Иван Демьянюкни Иккинчи Жаҳон уруши чоғида Собибор концлагеридаги оммавий қирғинга алоқадор деб топиб, уни 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилди.

Асли украиналик Демянюк Польшадаги Собибор концлагерида уруш пайтида 27.900 нафар маҳкумни ўлдиришга кўмаклашганликда айбдор деб топилди.

Демьянюк бу айбловларни инкор қилиб, уруш пайтида асир олингани ва бошқа асирлар каби концлагерларда сақланганини айтди.

Маҳкама жараёнида Демьянюкнинг немис қўшинларига асир тушгандан сўнг Германия қўшинларининг махсус бўлинмасида ишлашга иштиёқ билдиргани ва хизмат қилиш учун Собибор концлагерига юборилгани исботланди.

Бу Демьянюк устидан ўтказилган иккинчи маҳкамадир. Ҳолокостдан омон қолганлар Демьянюкни нацистларнинг яна бир таниқли Треблинка концлагерида “Даҳшатли Иван” лақабини олган энг беаёв қўриқчи бўлганини айтганларидан сўнг Исроил суди 1988 йилда унга ўлим жазоси тайинлаган эди.

Треблинка лагерида бошқа шахс бўлгани аниқлангандан сўнг Демьянюк озод этилган ва 2009 йилгача АҚШда истиқомат қилаётган эди.

Демьянюкнинг нацистлар лагерида ишлаганини исботловчи далиллар пайдо бўлгандан сўнг у АҚШда қўлга олинди ва 2009 йил бошида Германияга экстрадиция қилинди.

2009 йилнинг ноябрида суд залига ногиронлар аравачасида келтирилган Иван Демьянюкнинг суди бир ярим йил давом этди.
XS
SM
MD
LG