Линклар

Президент баёноти ҳақиқатга мос эмас

  • Сарвар Усмон

Президент Ўтунбаева ўтган йили биронта ҳам журналист қувғинга учрамади, деган эди.

Президент Ўтунбаева ўтган йили биронта ҳам журналист қувғинга учрамади, деган эди.

3 май – Халқаро матбуот эркинлиги куни арафасида Қирғизистон Президенти Роза Ўтунбаева матбуот вакиллари билан норасмий учрашуви чоғида “ўтган йили Қирғизистонни бирорта ҳам журналист давлатнинг босими остида тарк этмаган ёки ҳибсга ташланмаган” деб баёнот берган эди. Парижда жойлашган “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси” 12 май куни эълон қилган баёнотдан Қирғизистон раҳбарининг Халқаро матбуот эркинлиги кунида айтганлари воқеликнинг реал тасвири эмаслиги билиниб қолди.


Президент баёноти ҳақиқатни акс эттирмайди

Ташкилот баёнотида айтилишича, қирғизистонлик бир қатор ўзбек журналистлари “судловсиз жазоланиш, ғайриқонуний қамоққа олиниш, уйдирма жиноятларда айбланиш ҳамда шафқатсизларча талон-тарож қилинишдан қўрқиб, Қирғизистонни тарк этишга мажбур бўлган”.

Баёнотда ўша журналистлар рўйхати ҳам келтирилган.

Унда "Ўш ТВ" директори Халилжон Худойбердиев, "Мезон ТВ" директори Жавлон Мирзахўжаев, "Достон ТВ" директори Муҳаммаджон Абдуллаев, “Ойдин” журнали бош муҳаррири Одина Соипова, “Ахборот” газетаси бош муҳаррири Барно Исақова ва унинг ўринбосари Хосият Бекмирзаевалар бор.

Ташкилот маълумотига кўра, ўтган йили Қирғизистонни тарк этган журналистлар сони бундан кўп бўлиши мумкин.

“Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” ташкилотига кўра, ўтган йили ҳукумат босими натижасида Қирғизистондаги ўзбек тилидаги оммавий ахборот воситалари раҳбарлари ўзгартирилиб, собиқ муҳаррир ва мухбирларга нисбатан сохта жиноий ишлар қўзғатилган.

Надежда Атаева президент Ўтунбаевани нотўғри баёнот берганликда танқид қилди.
Баёнот муаллифи “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” ташкилоти вакили Надежда Атаевага кўра, эълон қилинган рўйхат тўлиқ эмас.
Шунча журналист ватанни тарк этишга мажбур бўлган бир пайтда нима учун президент Ўтунбаева “ўтган йили Қирғизистонни бирорта ҳам журналист давлатнинг босими остида тарк этмаган ёки ҳибсга ташланмаган” деб баёнот бериши сабаби нимада ?

Надежда Атаева гапиради:

- Президент Ўтунбаеванинг воқеъликка мос келмайдиган баёнотини биринчи марта эшитиб турибмизми? Илгарироқ жиноят ишлари бўйича нотўғри баёнот берган эди. Фурсатдан фойдаланиб, президентнинг ёдига этник ўзбеклар, шу жумладан ўзбек журналистлари ҳам Қирғизистон фуқаролари эканлигини, уларни президент сифатида ҳимоя қилиш бурчи эканлигини солиб қўймоқчиман, деди.


Абдурашид Хўжаев: Ўзбек журналистлари қаердалигидан хабарим йўқ.

Париждан тарқатилган бу маълумот билан танишгач, Ўш шаҳар ўзбек миллий маркази раиси Абдурашид Хўжаевга қўнғироқ қилдик ва ундан айнан исмлари рўйхатда келтирилган ўзбек журналистлари тўғрисида сўрадик.

Озодлик: Барно Исақова, Муҳаммаджон Абдуллаев, Одина Соипова, Хосият Бекмирзаева деган қизлар.

- Барнохон тўполонлардан кейин Россияга чиқиб кетган. Қолганидан хабарим йўқ экан.

Озодлик: Улар нима учун кетишди?

- Содир бўлган воқеаларда ўзининг жонини сақлашиб чеккароққа чиқайлик деб кетишган бўлса керакда болаларини олиб.

Озодлик: Ҳозир оммавий ахборот воситалари борми ўзбек тилида?

- Бугунги кунда телевидение, ҳеч нарса йўқ. Фақат Ўш шаҳрида “Ўш шами” билан “Ўш садоси” чиқиб турибди. “Ўш шами” билан “Ўш оқшоми” биттада. Иккови биттада. Битта газетанинг ичида. Яна “Ўш садоси” деган газетамиз, дейди Абдурашид Хўжаев.

Абдурашид Хўжаев айтаётган газеталарнинг бири Ўш шаҳри мэрияси, иккинчиси Ўш вилоят давлат маъмурияти газеталаридир.

Бу нашрлар журналистларидан ташқари Ўшда яна бир ўзбек журналист - Ҳулкар Исомиддинова ҳам ишлаяптики, у билан суҳбатимиз олдинда.

Абдурашид Хўжаевдан суриштирганимиз журналистлар қаердалигини бугун кун бўйи суриштирдик, лекин дарагини тополмадик.

“МезонТВ” раҳбари Жавлон Мирзахўжаевнинг қаердалиги ҳам ҳанузгача маълум эмас. Рўйхатда келтирилганлардан биттаси билангина –“ЎшТВ” нинг эгаси Халил Худойбериев билангина алоқа қилиш имкони мавжуд.

Президент матбуот котиби: Бизга ариза тушган йўқ.

Қирғизистон президенти матбуот котиби Султан Каназаров ўзбек журналистларидан ариза тушгани йўқ, деди.
Хўш, нима учун бир қатор ўзбек журналистлари Ўш қирғинидан кейин Қирғизистонни ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлган бир пайтда Қирғизистон президенти “ўтган йили Қирғизистонни бирорта ҳам журналист тарк этмаган ёки ҳибсга ташланмаган” деб баёнот берди?

Бу саволни президент Ўтунбаеванинг матбуот котиби Султан Каназаровга бердик.

- Биз дини, ирқи ва миллатидан қатъий назар барчанинг шикоятига қулоқ соламиз. Сиз айтаётган журналистлардан президент маъмуриятига ариза тушмаган. Агар шундай аризалар келиб тушадиган бўлса, биз албатта кўриб чиқамиз, деди Қирғизистон президенти матбуот котиби Султан Каназаров.

“ЎшТВ”нинг эгаси президентга хат ёзди

Жаноб Каназаров билан гаплашганимиздан бир неча соат олдин баъзи ахборот воситалари шу кунда Жалолобод шаҳар судида сиртдан судланаётган Халилжон Худойбердиевнинг президент Ўтунбаевага очиқ хатини эълон қилди.

Ўш ТВ эгаси Ҳалилжон Худойбердиев президент Ўтунбаевага очиқ хат ёзди.
Қодиржон Ботиров ва бошқа тўрт таниқли ўзбек билан бир қаторда сиртдан сепаратчиликда айбланиб судланаётган “ЎшТВ” эгасининг хати президент маъмуриятига етиб борган-бормаганини сўрадик Султан Каназаровдан.

- Йўқ, йўқ, йўқ. Ҳеч қандай хат олганимиз йўқ, деди президент матбуот котиби.

Балки эртага етиб қолар хат?

Ўз мактубида Худойбердиев “ЎшТВ”ни шаҳар мэри қандай қилиб тортиб олгани, шундан сўнг ўзи ва яқинлари ҳаётига реал таҳдид пайдо бўлгани учун Қирғизистонни ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлгани тўғрисида ёзган ва ўзи, бошқа 5 ўзбек лидери устидан ўтказилаётган ғайриқонуний судни тўхтатишни, Конституцияга амал қилишни сўраган.

Ҳулкар Исомиддинова: Уларнинг шароити бошқа, меники бошқа...

Бояроқ Ўшда ҳукумат газеталари журналистларидан ташқари яна бир ўзбек журналисти – Ҳулкар Исомиддинова ишлаётгани тўғрисида эшитган эдик.

Ҳулкар Reuters ахборот агентлиги мухбиридир. Уни бугунги мавзу юзасидан суҳбатга тортдик.

Озодлик: Ҳулкар, “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси” баёнотида айтилишича, унда исмлари келтирилган ўзбек журналистлари “судловсиз жазоланиш, ғайриқонуний қамоққа олиниш, уйдирма жиноятларда айбланиш ҳамда шафқатсизларча талон-тарож қилинишдан қўрқиб, Қирғизистонни тарк этишга мажбур бўлган”. Сиз шу фикрга қўшиласизми?

- Ҳа, қўшиламан. Рўйхатдагилар Қирғизистондан айнан шу сабабларга кўра чиқиб кетгани рост. Бу рўйхатга кирмай қолганлар ҳам бор. Масалан, Муаззам Зайнобиддинова. Фожеа кунлари у қаттиқ жабр кўрган эди. Бир муддат Ўзбекистонда жон сақлади. Кейин қайтиб келиб ишлай олмади. Шу кунда Муаззам Германияда. Комил Сатканбоевни ҳам рўйхатга киритиш мумкин эди. У ҳозир Россияда. Умуман олганда рўйхат чала. Уни тўлдириш керак. Ва бу масалада алоҳида бир тадқиқот ўтказилса яхши бўларди.

Озодлик: Бас, шундай экан, унда президент Ўтунбаеванинг “2010 йили Қирғизистонни биронта ҳам журналист тарк этгани йўқ”, деган баёнотини қандай тушуниш мумкин?

- Бир нарса дейиш қийин. Менимча, Ўтунбаева хонимнинг асл вазиятдан хабари бўлмаса керак. Балки унга нотўғри информация етказишаётгандир.

Озодлик: Мен Сизга берган саволни Қирғизистон президенти матбуот котиби Султан Каназаровга ҳам бердим. У “Биронта ҳам ўзбек журналист тазйиқлар бўлаётгани тўғрисида бизга хабар қилган эмас”, деди...

- Бу - одамлар ҳокимиятга ишонмагани аломати холос. Улар президент идорасига мурожаат қилмаптими, демак бирон-бир жавоб ола билишларига ишончлари йўқ. Ёрдам бўлишига ишончлари йўқ. Шунинг учун журналистлар ўз президентига эмас, халқаро ташкилотларга ёрдам сўраб мурожаат қилишмоқда.

Озодлик: Ҳулкар, боядан бери, қирғизистонлик миллати ўзбек журналистлар жонлари ва молларига таҳдид борлиги учун Қирғизистондан чиқиб кетгани тўғрисида гаплашаяпмиз. Айни пайтда Сизни ҳам ўшликлар ўзбек журналисти сифатида танийди. Сиз чиқиб кетмадингизку?!

- Биринчидан, менга ҳам осон бўлгани йўқ. Ёлғон информация тарқатганликда айблашди. Ҳатто баъзи одамлар ҳам топила қолди менга қарши кўрсатма берадиган. Лекин мен барча қийинчиликларни енгиб ўта олдим. Бугунги кунда менинг ҳаётим ва саломатлигимга таҳдид кўрмаяпман. Иккинчидан, менинг отам ўзбек, онам қирғиз. Паспортимда ҳам қирғиз, деб ёзилганман.

Озодлик: Бу гапингиздан келиб чиқиб, бошқа ўзбек журналистлари ҳам озгина чидаб турса, қийинчиликлар ўтиб кетган бўларди, бугунга келиб уларнинг ҳам ҳаётига хавф йўқолиб қолган бўларди, дейиш мумкинми?

- Йўқ, йўқ, мен бундай дея олмайман. Чунки, биринчидан, мен маҳаллий ахборот воситасида ишламайман. Шунинг учун, халқаро ахборот агентлигида ишлаганим учун, сўрайдиганим борлиги учун менга, нисбатан, осонроқ бўлди. Қирғизистондан чиқиб кетишга мажбур бўлган ҳамкасбларим эса, маҳаллий ахборот воситалари эгалари эди, маҳаллий мустақил газеталарда ишлаган журналистлар эди. Шунинг учун уларга оғир бўлди. Уларнинг шароити бошқа эди, меники бошқа.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG