Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:32

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари устидан назорат кучайтирилди


Хориждаги ўзбеклар 13 май воқеасини хотирлаётган бир паллада, Ўзбекистон ичкарисида бу кунни ёдламоқчи бўлганлар назоратга олинмоқда.
Хориждаги ўзбеклар 13 май воқеасини хотирлаётган бир паллада, Ўзбекистон ичкарисида бу кунни ёдламоқчи бўлганлар назоратга олинмоқда.

13 май куни ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан назоратга олинди.

Ўзбекистон ҳукуматига 13 майни хотира ва мотам куни сифатида эълон қилиш таклифи билан юборилган очиқ хат муаллифларидан бири Анатолий Волковга кўра, бугун ҳуқуқ фаоллари олдин белгиланганидек Тошкентдаги Жасорат ҳайкали пойига гул қўйиша олмаган.

- Бугун биз гул қўя олмадик. Негаки ҳукумат бунга йўл қўймасликка ҳаракат қилди. Айтиб ўтмоқчи бўлганим, биз Андижон қирғинида ҳалок бўлганларни ёд этишни сўраб мурожаат қилган эдик, холос. Ўзбекистонда 2005 йил 13 май қирғинининг олти йиллиги арафасида бу кунни хотира ва мотам куни деб эълон қилиш таклифи билан президент Ислом Каримов ва Олий Мажлисга мурожаат қилган эдик. Афсус бу мурожаатимиз инобатга олинмади. Шундай бўлса-да, биз 12 май куни Тошкентнинг марказий кўчаларидан бирига “2005 йил 13 май Андижонда ҳалок бўлганларни эслаймиз ва ҳамдардлик билдирамиз”, деб ёзилган плакат билан чиқдик, - деди тошкентлик ҳуқуқ фаоли Анатолий Волков.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Татяна Давлатова.
Шунингдек, мазкур очиқ хатга имзо қўйган ҳуқуқ фаоли Татяна Давлатова ҳам кузатув эрталабдан буён давом этаётганини айтди:

- Мен эрталаб кўчага чиқсам, иккита машина турибди. Машинадаги одамлар “Биз сизни ўзимиз олиб борамиз, фақат шахсий ишларингиз билан шуғулланасиз”, дейишди. Поликлиника, судда ишларим бор эди. Олиб бориб келишди. Машинада маҳалла посбони ва маҳаллий Ички ишлар бўлимида ишлайдиган икки йигит бор эди, - дейди ҳуқуқ фаоли Татяна Давлатова.

Худди шундай ҳолат яна бир тошкентлик ҳуқуқ фаоли Владимир Хусаинов уйи атрофида ҳам қайд этилган.

- Милиция келиб, уйим атрофида турибди. Милиция машиналарида келишган. Мен уйдан чиқсам, истаган жойимга ўзлари олиб бориб келишаяпти, - дейди Владимир Хусаинов.

Владимир Хусаинов 13 май куни эрталаб ҳуқуқ фаоли Абдулло Тожибой ўғлини ҳибсга олишганини ҳам қўшимча қилди:

- Уни уйидан Чилонзор туман Ички ишлар бўлимига олиб кетишган. Эрталаб 9 ларда уйига келиб, жанжал бўлган дея олиб кетишган. Айни пайтда Абдулло Тожибой ўғлини телефони ўчган, - деди тошкентлик ҳуқуқ фаоли Владимир Хусаинов.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов ҳам ҳуқуқ фаолларига нисбатан қаттиқ кузатув олиб борилаётганини билдирди:

- Жуда ҳам уй ҳибсида деб бўлмайди. Машинамда кўчага чиқиб келдим. Милиция ва терроризмга қарши кураш бўлими ходимлари мен билан бирга кетишди. Буларнинг ҳаммасига ҳуқуқ ҳимоячиларини уйдан чиқармаслик ва кузатувда ушлаб туриш ҳақида буйруқ берилган. Эрталаб келишди, биз бозорга чиқиб кетаётган эдик. “Биз ёрдам берамиз” деб, бориб, картошка-пиёз олиб келиш керак эди, ёрдам ҳам беришди. Лекин ҳозир кузатувдаман, уйимдан 20 -30 метр нарида участковойни жойи бор. ”Ўша ерда кузатиб турамиз” дейишди, - деди Суръат Икромов.


Жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячиси Бахтиёр Хамроев.
Жиззахлик ҳуқуқ фаоли Бахтиёр Ҳамроев 12 май куни кечки пайт ноқонуний балиқ овлаганлиги важи билан Пахтакор Ички ишлар бўлимига олиб борилган. Бу ҳолатни ҳуқуқ фаоли 13 май куни билан боғламоқда:

- Менга хабарлар келаяпти. Жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячиларининг кўпчилиги 13 май бўлгани учун назорат остида. Кечаги бўлган воқеа ҳам 13 майдан олдин ва ундан кейин бўлиб турадиган воқеалардан бири. Андижон воқеалари бўйича биз 2006 йилдан бошлаб биз Жиззахдаги Бобур майдонида хотирлаб, рамзий маънода мотамсаро она ҳайкалига гул қўяр эдик. Тиловат қилиб, руҳларни шод қилишга ҳаракат қилар эдик. Бу йил афсуски буни амалга ошира олмадик, - деди жиззахлик ҳуқуқ фаоли Бахтиёр Хамроев.

Гулшан Қораева ва Нодир Ахатов назорат кучайтирилганига қарамай, Андижонда қурбон бўлганлар хотирасига Қуръон тиловат қилишга жазм этишди.
Қашқадарёлик ҳуқуқ фаоллари Гулшан Қораева ва Нодир Ахатовлар 13 май куни қаттиқ кузатув бўлса-да, Қарши шаҳридаги мотамсаро она ҳайкали олдида ўтганлар руҳига фотиҳа ўқишганини билдирди:

- Кузатув бўлиб турибди. Аста кўзини алдаб қочдик. Дуойи фотиҳа ўқидик. Бирозгина икки-уч минутлик, кейин кетдик. Лекин кузатув жуда ҳам кучли, ҳар бир қадамга одам қўйиб ташлаган, - дея билдирди Гулшан Қораева.

Андижонлик ҳуқуқ фаоли Саиджаҳон Зайнабиддинов ҳуқуқ-тартибот идораларига бир ҳафта олдин чақиртирилганлигини айтиб, айни пайтда унинг ортидан кузатув йўқлигини билдирди.
XS
SM
MD
LG