Линклар

Тожикистонда қимматчилик авжига чиқди

  • Гулнора Равшан

Тожикистонда гўшт нархи қиммат, аммо унинг сифати паст.

Тожикистонда гўшт нархи қиммат, аммо унинг сифати паст.

Аҳолисининг 75 фоизи қашшоқ бўлган Тожикистонда гўшт баҳоси Европа давлатларидаги нарҳга яқинлашиб қолди.

Тугаб бораётган ҳафта давомида Тожикистон бозорларида бир кило гўшт нархи 6.5 АҚШ долларига тенглашди. Шу кунгача тожикистонликлар бир кило мол гўштини 4 доллардан, қўй гўштини эса 4.5 доллардан сотиб олаётган эди.

Расмий маълумотларга кўра, аҳолисининг қарийиб 75 фоизи қашшоқликда кун кўраётган Тожикистонда гўшт нархининг яна қимматлаши кўпчилик оилаларнинг бу маҳсулотни сотиб олишдан тийилишига сабаб бўлаётир.

- Аввалги нархи 22 сомоний бўлганда ололмасдим гўшт. Эндику умуман яқинига яқинлашиб бўлмайди. Энди гўшт ейиш йўқ. Бирор бойнинг тўй- пўйига борганда гўшт еб қолмасак, бу нархда ўзимиз гўшт оломаймиз, -дейди Ситора деб ўзини таништирган бу суҳбатдошимиз.

Айни пайтда Душанбе шаҳар ҳокимлиги масъуллари шаҳарликларга бир қадар енгиллик яратиш ниятида шаҳар бозорларида гўшт нархини арзонлатишига уринаётир.

Шаҳар ҳокими Маҳмадсаид Убайдуллоев қарори билан бир кило мол гўштининг нархи 23 сомонийдан ёки тахминан 4.8 доллардан, қўй гўшти эса 5 доллардан этиб белгиланди.

Шаҳар ҳокимлиги кўрсатмаларига зид иш тутган савдогарлар эса маъмурий жавобгарликка тортилиши муқаррар.

Бошқа томондан шаҳар ҳокими Убайдуллоев жаноблари нархларни тартибга солиш мақсадида шаҳар бозорларига 4 000 000 миллион сомоний ёки 850 минг доллар фоизсиз қарз ажратди.

Ажратилган пулга бозорлар масъуллари чорва ёки тайёр гўшт сотиб олиши ва шаҳарликларни арзон гўшт билан таъминлаши зарурлиги айтилди.

Бироқ шунга қарамай, бугун Душанбе шаҳар бозорларидаги гўшт расталарининг кўпи харидорлар учун ёпиб қўйилди.

Тожикистонлик қассоблар бунинг сабабини маҳаллий ҳукумат йўлга қўйган чора тадбирлар бозорларини касод қилиб қўяётгани билан изоҳлашмоқда.

- Битта мол ўзимизга 26.5 сомонийдан тушаяпти. ( 5.5 доллар таҳр.,) Қандай қилиб 23 сомонийдан сотамиз. Ҳеч ким зарарига ишламайди-ку. Зарарга ишлагандан кўра, дўконимизни ёпганимиз маъқулроқ, - дейди ўзини Нажмиддин Боев деб таништирган бу қассоб йигит.

Бозорларни мол ва қўй гўшти билан таъминлаб турган, аммо исми ошкор этилишини истамаган тадбиркор йигит гўшт нархининг бу хил қимматлашишини ёнилғи ва доллар баҳосининг ошиб кетгани билан изоҳлади.

- Ем-хашак қиммат бўлгандан кейин мол ҳам қимматга тушади-да. Қўрғонтепадан олиб келинаётган битта мол учун 60 сомоний ( тахминан 12 АҚШ доллари таҳр.,) йўл ҳаққи тўлаяпмиз. Бир кило ем Ўзбекистондан бу ерга етиб келгунича бир ярим долларга тушаяпти. Биз нархни сунъий равишда кўтараётганимиз йўқ-ку, ҳамма жойда нарх - наво ошган, - дейди норзи оҳангда, исмини айтмаган бу суҳбатдошимиз.

Шу ўринда айтиб ўтсак, чорвачилик билан шуғулланаётган тожикистонлик тадбиркорлар чорва учун емни қўшни Ўзбекистондан олиб келади. Анча йиллардан буён икки ўртада мавжуд виза тартиби эса тадбиркорлар сарф ҳаражатларини янада оширгани айтилади.

Таҳлилчилар фикрича, нархларнинг кўтарилишига ташқи омилларнинг ҳам таъсири борлиги сабабли маҳаллий ҳукуматлар йўлга қўяётган чора тадбирлар бозорларда гўшт нархини арзонлаштиришга ҳеч қанча таъсир кўрсата олмайди.

Шу юздан бўлса керак бугун қассоблар ҳам, тадбиркорлар ҳам яхши сифатли гўштларни шаҳар ҳокими белгилаган 23 сомоний нархда сотишни истамаётгани кузатилади.


14 май эрталаб шаҳар бозорларидан бирининг гўшт расталарини оралар эканмиз, сотувга олиб чиқарилган гўштлар сифати эса анча паст эканига гувоҳ бўлдик.

Ўз навбатида шаҳарликлар ҳам гўшт нархининг сифатига тўғри келмаётганидан шикоят қилишди.

- Эски, кечаги гўштми ёки қари молми сифати роса ёмон. Ёғиям сарғайган. Аввал танлаб олардик. Энди мажбурликдан оламиз-да, шу овқат қилиб турайлик деб. Бу гўшт шўрвага ярамайди, - дер экан душанбелик Назирахон гўшт дўконларида яхши сифатли гўштлар ҳам борлигини, лекин улар фақат қассобларнинг таниш-билишларига баланд нархда сотилаётганини ҳам қўшимча қилди.

Аснода кўпчилик тожикистонлик оилалар гўшт нархининг қимматлашгани ва сифатли гўшт тақчиллишгани сабабли товуқ гўшти истеъмол қилаётганларини айтишмоқда.

Тожикистонда гўшт қаторида кундалик истеъмол маҳсулотлари, жумладан, ун ва нон маҳсулотларининг нархи ҳам анча қимматлашди.

Таҳлилчилар бунинг сабабини Тожикистон озиқ-овқат маҳсулотларининг 60 фоизини ташқаридан импорт қилаётгани билан изоҳлашади.

Шуни ҳам қишимча қилиш лозимки, расмий маълумотларга кўра, Тожикистон ёнилғини ҳам 100 фоиз ташқаридан сотиб олади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG