Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:51

Таҳлилчилар: Марказий Осиёда этник низолар эҳтимоли кучли


Таҳлилчилар Марказий Осиёда яна этник низолар авж олишининг олдини олиш учун минтақа лидерлари мавжуд қатор муаммоларни ҳал қилиб олишлари зарурлигини таъкидламоқдалар.
Таҳлилчилар Марказий Осиёда яна этник низолар авж олишининг олдини олиш учун минтақа лидерлари мавжуд қатор муаммоларни ҳал қилиб олишлари зарурлигини таъкидламоқдалар.

2010 йили Қирғизистонда рўй берган этник низолар, таҳлилчиларга кўра, минтақанинг қолган давлатларида ҳам такрорланиши мумкин.

Низоларни келтириб чиқарадиган омиллар қайсилар?

Таҳлилчилар мулоҳазасича, Марказий Осиё давлатларида миллий низоларга туртки бўла оладиган омиллар шўролар замонидан мерос қолган. Баҳсли ҳудудлар масаласи, айрим давлатлар томонидан минтақада лидерлик даъвоси, табиий бойликлар, хусусан, сув, энергетика, табиий газ заҳираларидан фойдаланиш ҳамда минтақа айрим давлатларида этник озчилик вакилларининг манфаатлари эътиборга олинмаётгани шулар жумласидандир.

Шунинг баробарида, таҳлилчиларга кўра, айрим хорижий доиралар минтақада ўз геосиёсий режаларини амалга оширишга уринишлари ортидан бу омиллардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишлари мумкин.

Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳининг Марказий Осиё дастури раҳбари Пол Квин Жаж фикрича, Марказий Осиёда этник низолар омили талайгина. У бунга Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида рўй берган ҳодисалар сабабларини мисол тариқасида келтирар экан, ўша қонли тўқнашувлар минтақада яна такрорланишига шубҳа қилмаслигини айтади.

Минтақадаги асосий муаммолар

Жаж жанобларининг фикрича, минтақадаги энг дардли муаммо бу мавжуд муаммоларни тўғри ва реал ҳал қила оладиган сиёсатчилар ва соҳа мутахассисларининг йўқлигидир.

- Бизнинг кузатувларимизга кўра, Ўзбекистоннинг Тожикистон билан, Тожикистоннинг Қирғизистон билан чегараларида ва ҳатто Қозоғистон чегараларида ҳам баъзи низолар чиқиб турибди. Бу минтақада этник низоларнинг такрорланиши мумкинлигига оид фикрларимиз далилидир. Аммо бу низолар жиддий тўқнашувларгача етиб бормасдан ҳамма давлатлар жиддий равишда бу масалани ҳал қилиб олишлари зарур, - дейди Пол Квин Жаж.

Халқаро масалалар бўйича мустақил таҳлилчи Рашид Ғани Абдулло Жаж жанобларининг фикрларини қувватлар экан, бундай низолар минтақанинг этник озчиликни ташкил қиладиган миллат вакиллари нисбатан кўпроқ бўлган давлатларида, яъни Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистонда такрорланиши мумкинлигини тахмин қилади.

Рашид Ғани Абдулло Марказий Осиёнинг ана шундай давлатларида этник озчилик манфаатларининг эътиборга олинмаслиги нафақат миллий, балки давлатлараро низоларга ҳам сабаб бўлиши мумкин, деган ишончда.

- Бундай давлатларда яшаётган миллий озчилик вакиллари манфаатлари албатта эътиборга олиниши шарт. Кўп ҳолларда бунинг акси кузатилади. Ундан ташқари, этник озчилик вакилларининг сон жиҳатини эътиборга олган ҳолда, уларнинг давлат бошқаруви тизимида иштироки таъминланиши лозим, - дейди мустақил таҳлилчи Рашид Ғани Абдулло.

Яна бир омил - минтақада лидерлик даъвоси

Айрим таҳлилчилар минтақадаги айрим давлат раҳбарларининг бошқа давлатлар манфаатларини инобатга олмаётгани ва минтақада лидерлик даъвосидан қайтмаётгани Марказий Осиёда этник низоларнинг қайтарилишига туртки бўлиши мумкинлигини урғулайди.

Москвалик таҳлилчи Георгий Ситнянский ўзининг “Марказий Осиёда янги этник низолар ва Россия миллий манфаатлари” номли янги китобида минтақада “Буюк Ўзбекистон”ни яратиш фикри ошкора айтилмаса-да, баъзида шунга уринишлар сезилиб қолаётгани ва Ўзбекистон раҳбарларининг минтақада лидерлик даъвосидан қайтмаётгани ана шундай низолар келтириб чиқариши мумкинлигига ишора қилади.

Бошқа бир таҳлилчи Фаррух Умаров фикрича, минтақада этник ғалаёнларнинг қайта такрорланиши учун яна бир омил бу чегараларида делемитация ва демаркация ишларининг пайсалга солинаётганидир.

- Марказий Осиёда шундай низоларни келтириб чиқарадиган омиллар албатта талайгина. Лекин мен улардан учта асосийсини санаб бермоқчиман. Биринчидан, чегаралардаги тарихий ерларнинг нотўғри тақсимланаётгани, иккинчидан, минтақадаги табиий бойликлар мавжуд ҳудудларнинг айрим давлатлар геосиёсий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда тақсимланиши ва учинчидан, одамларда миллий ўзликни англашнинг кучаяётганида, - дейди тожикистонлик таҳлилчи Фаррух Умаров.

Аснода Тожикистон президенти қошидаги стратегик тадқиқотлар марказ расмийси Сайфулло Сафаров минтақада миллий низолар ва қавмлар ўртасидаги зиддиятларнинг илдизи узоқ тарихга бориб тақалишини таъкидлайди.

Унинг фикрича, минтақа давлатларида ана шундай низоларнинг такрорланмаслиги ва аланга олмаслиги учун биринчи навбатда ташқи кучларнинг мавжуд омиллардан фойдаланишига қарши минтақа давлатлари раҳбарлари биргаликда курашишлари лозим.

- Бу омиллардан йирик давлатлар ўз геосиёсий манфаатлари йўлида қандай фойдаланиши бизга яхши аён. Бугун ҳам у ёки бу кучлар шу омиллардан фойдаланиши эҳтимолдан холи эмас. Бу йирик давлатлар орасидаги геосиёсий курашнинг бир кўринишидир, - деди тожик расмийси Сайфулло Сафаров.

Сафаров жаноблари Тожикистоннинг Афғонистон билан чегараларини ўз ихтиёрига олиш истаги кучли бўлган Россия томони минтақада этник низолар келтириб чиқарадиган ана шундай омиллардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиши мумкинлигини эътибордан соқит қилмаслигини айтди.
XS
SM
MD
LG