Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:16

Андижонда ҳуқуқ фаолининг фарзандлари ҳибсга олинди


Андижонлик ҳуқуқ фаоли Усмон Баратов (биринчи планда) фарзандларининг милиция томонидан тутиб кетилишини ўз фаолияти билан боғламоқда.
Андижонлик ҳуқуқ фаоли Усмон Баратов (биринчи планда) фарзандларининг милиция томонидан тутиб кетилишини ўз фаолияти билан боғламоқда.

Андижон милицияси Россиядан бошпана топган ҳуқуқ фаоли Усмон Баратовнинг икки фарзандини икки кун давомида ушлаб тургани айтилмоқда.

Андижоннинг Бобур майдони ёнидаги Фитрат кўчасида жойлашган уйларнинг бирига 11 май куни бир гуруҳ милиция ходимлари бостириб кириб, у ерда яшовчи 16 ёшли Мадина Баратова ва 11 ёшли Умархон Баратовларни ҳибсга олган.

Бу ҳақда Озодликка хабар қилган болаларнинг отаси - Москвадаги “Ватандош” Минтақалараро ўзбеклар ташкилоти президенти Усмон Баратов сўзларига кўра, фарзандларининг ҳибсга олиниши у олиб бораётган фаолият билан бевосита боғликдир.

- 11 май куни Москва шаҳри “Космос” меҳмонхонасида Москва Хелсинки гуруҳининг 35 йиллиги бўлаётган юбилейда менинг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларидаги ҳозирги, эртанги аҳволи тўғрисида ва иккинчи мавзуим – 2005 йилдаги Андижон фожеасининг келиб чиқиши ва унинг натижалари ҳақида докладларим бор эди. Шу докладдан чиққанимдан 1,5-2 соатлардан кейин Ўзбекистонда, Андижонда менинг уйимга милиция ходимлари кириб, иккита вояга етмаган фарзандларимни - 16 ёшли қизим Мадинахон ва 11 яшар ўғлим Умархонларни милицияга олиб кетишганлиги ҳақида хабар келди. Уларга қандайдир айблар қўйиб, детский комнатага олиб бориб қамаб қўйишди. Эртаси, 12 май куни судга олиб чиқиб, Андижон шаҳар жиноий ишлар бўйича судининг Умида исмли судяси ёш болаларга айб қўйган. Қизимга милицияда 24 жойга қўл қўйдиришибди, - дейди ҳуқуқ фаоли Усмон Баратов.

Афғон уруши қатнашчиси Баратовнинг айтишича, тасодифанми ёки йўқми - айнан шу судья икки йил олдин унинг рафиқаси 1970 йилда туғилган Баратова Марғубани Ўзбекистон Жиноий кодексининг 13-моддаси бўйича жиноий жавобгар, деб топган ва 5,5 йилга озодликдан маҳрум этган.

Маълум бўлишича, болаларни ўз қарамоғига олган бувиси айни пайтда Марғубани кўришга Зангиота аёллар қамоқхонасига кетган.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Усмон Баратов ўз оиласига нисбатан тазйиқлар яна давом этиши мумкинлигини гапиради.

- Мана энди фарзандларимга навбат келиб, Ўзбекистон томонидан репрессиялар давом этаяпти. Судя милициянинг очиқчасига чиқарган айблов санкциясига 12 май куни отказ чиқарибди. Аммо шундан кейин ҳам болалар қўйиб юборилмасдан, яна бир суткадан кўп ушлаб турилибди. Вояга етмаган, Россия фуқаросининг фарзандлари бўлса. Улар зудлик билан Россия элчихонасига хабар бериши керак эди. Мени ҳам 5 йил олдин қамашганда, хабар берилмаган эди. Хотиним билан бирга катта ўғлимни қамашмоқчи эди, лекин у Россияга кетиб, бу ерда Россия фуқаролигини олишга улгурди. Ўзбекистондан унга экстрадицияга запрос келди ва уни Ясенево деган районда ушлашиб, Ўзбекистонга жўнатиш учун қамаб қўйишди. Лекин прокуратура орқали уни қўйиб юборишга мажбур бўлишди. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиб юришим, Андижон воқеалари ҳақида кўп нарсалардан хабардор бўлишим, менимча, асос бўлаяпти. Оғзимни қаерда очсам, моментално навбатдаги репрессияга учраяпман. Мен ҳеч нарсани гапирмай, жим бўлиб ўтиришим керак. Менимча, уларнинг талаби шу.
Кичкина ўғлим ўзининг мактабига 2 сентябрдан бошлаб борган куни Андижон шаҳар 1-мактаби уни қўймади. "Халқ душманининг фарзанди" деган бўлса керак-да... Мана икки йилдан буён бола тўртинчи синфда ўқиёлмаяпти. Кейинги йилдан учинчи маротаба тўртинчи синфда ўқийди. Бу нима, Ўзбекистон Конституцияси ва қонунлари фақат қоғоздами? Ўзбекистоннинг буюк келажаги қачон келади: эртакларга ўхшаб минг йиллардан кейинми? - дейди Ўзбекистонда фарзандлари босимга учраётганини иддао қилаётган ҳуқуқ фаоли Усмон Баратов.

Баратовнинг сўзларига кўра, милиция ходимлари турли баҳоналар билан фарзандларини Ўзбекистондан олиб чиқиб кетишга тўсқинлик қилмоқда.

Шу ўринда айтиш жоизки, кун давомида Андижон шаҳар суди ва милицияси билан боғланишга уринишларимиз самара бермади.

Материал эфирга тайёрланаётганда Баратовларнинг ён қўшниларидан бири
милиция ходимлари болалар бир-бири билан муштлашгани ва жанжаллашгани учун милицияга олиб кетилганини ва ҳозирда милиция бўлимидан қўйиб юборилганини маълум қилди.

- Ҳозир болаларини олиб чиқдик илгари куни, аҳволи яхши. Бувисининг қарамоғида яшашаяпти ҳозирча.

Озодлик: Милицияда нима учун олиб кетишганини айтишдими?

- Иккаласи бир-бирини уриб, тўполон қилаётгани учун олиб кетилган. Укаси опасини бўғаётганлиги учун... Опаси олдин ҳам укаси устидан арз қилган экан. Бувиси аясини олдида, Тошкентда эди. Булар ёмон ҳолатни олдини олиш учун қилганда бу ишни. Опасини кучи етмайди: у бола каратега қатнашгани учун кучли. Қўшнилар ажратишган бир неча бор. Бўлмасам, булар болалар ёлғиз қолганини билмаган тўполон қилмаганда. Энди улар ҳам ўз вазифасини қилишлари керак-ку. Бир кундан кейин ажрим чиқарди, олиб чиқдик. 13 май куни ажримни 5 дан 20 минут ўтганда қўлимизга олдик. Болалар росаям қийналаяпти. Болаларга: "Дадаларингни олдига кетинглар" десак, унамаяпти. Иложи бўлса, олиб кетсин дадаси. Улар: "Жўнатворамиз", дейишди. Вояга етмаганларнинг бошлиғи, фамилияси эсимдан чиқди, Дилшод ака: "Дадаси паспортининг яшаш жойини факс орқали ҳозир жўнатворсин, ҳозир болаларни жўнатворамиз," деди. Болалар ўзлари: "Кетмаймиз", деяпти, - деди воқеадан хабари бор Баратовларнин ён қўшниларидан бири.

Озодлик Усмон Баратовнинг фарзандлари билан боғлиқ можарони бевосита кузатаётган Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари алянси раҳбари Елена Урлаева билан ҳам суҳбатлашди.

Ҳуқуқ фаолининг айтишича, у Андижон шаҳар жиноий ишлар судяси Имомованинг ёрдамчиси билан телефон орқали уланганида, суд ходими болаларнинг ноқонуний ҳибсга олиниши бевосита Андижон шаҳар ИИБси зиммасида эканини маълум қилган.

- Болалар кеча кечқурун қўйиб юборилган. Уларни 3 кун ушлаб туришган. Ҳозирча вазият шундай, лекин мен болаларнинг ноқонуний ҳибсга олиниши, сўроқ қилиниши юзасидан юқори идораларга арз жўнатаман. Кўрамиз, нима жавоб беришар экан. Қизчамиз аллақандай ҳужжатларга имзо чеккан, нима хужжатлар эканини билмаймиз, ҳозирча. Усмон Баратов Москвада, унинг рафиқаси қамоқда, расман болалар бувисининг қарамоғида эмас. Давлат уларни интернатларга тарқатиб юбормоқчи. Бу ҳодиса ниҳоясига етганича йўқ, деб ўйлайман, - деди ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева.

Озодлик ҳуқуқ ҳимоячиси Усмон Баратов ва унинг оила аъзолари билан боғлиқ вазиятни кузатишда давом этади.
XS
SM
MD
LG