Линклар

Блейк: “Араб баҳори” ҳаммага сабоқ бўлиши керак


АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк Марказий Осиё лидерлари ўз мамлакатлари фуқароларига кўпроқ эркинлик беришлари керак, деган фикрда.

АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк Марказий Осиё лидерлари ўз мамлакатлари фуқароларига кўпроқ эркинлик беришлари керак, деган фикрда.

Хусусан, Блейк фикрича, Марказий Осиё ҳукуматлари ва жамиятлари бу воқеалардан хулоса чиқаришлари керак.

Бу эътироф АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк тилидан янгради.

Жума куни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик комиссияси аъзолари қаршисида нутқ сўзлаган АҚШ мулозими Блейк Марказий Осиёда яқин орада халқ ғалаёнлари юз бериши эҳтимолдан йироқ эканини айтаркан, айни пайтда минтақа лидерлари фуқаролар эркинлигини чекламасликлари кераклигини қайд этди.

- Марказий Осиёдаги дўстларимизга бераётган маслаҳатларимиздан бири мазкур воқеалар ва уларнинг оқибатларига эътибор қаратиши лозимлигида акс этади. Фақат Марказий Осиёдагина эмас, бутун дунёдаги лидерлар “араб баҳори”дан сабоқ олишлари керак. Сўнгги ойларда Марказий Осиёдаги мансабдор шахслар билан учрашувлар чоғида мен уларни сиёсий эркинликлар, шахс эркинлиги ва эътиқод эркинлиги учун майдонни кенгайтиришга, соғлом фуқаролик жамияти ва демократик институтлар ривожи учун шароит яратишга ва иқтисод ислоҳотлар томон йўналиш олишга чақираяпман, - деди Роберт Блейк.

АҚШ Давлат котиби ёрдамчисига кўра, Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарлари оз фурсат ичида берилган ҳаддан зиёд эркинлик хаос ва сиёсий ғавғоларга сабаб бўлиши мумкинлигидан хавотирланиб, босқичма-босқич ўзгаришларни ёқлаб чиқмоқдалар. Жаноб Блейкнинг айтишича, улар демократик ислоҳотларга шубҳа билан қараб, ўз мамлакатларида сиёсий, ижтимоий, диний ва иқтисодий турмушда кескин чекловларни сақлаб қолишда давом этмоқдалар.

- Биз бу хато сиёсат, деб ҳисоблаймиз. Гарчи демократия шароитида тартибсизликлар бўлиб турса-да ва бу тузум баъзан алғов-далғов кўринса-да, у юқорида даражадаги барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаб беради, чунки у жамиятга сиёсий ва иқтисодий тарангликдан халос бўлиб туриш учун зарур туйнук тақдим этади. Демократик йўл билан сайланган, эркин ифода қилинувчи ижтимоий фикр билан ҳисоблашадиган ҳукуматлар халқ ва ҳукумат ўртасида кўпроқ ишонч уйғонишига имкон яратадилар. Биз чорлаётган демократия зўравонлик ёки инқилоб билан боғлиқ эмас. У тинч, толерант ва эволюцион характерга эга ҳамда у, асосан, сайловларда эркин сайлаш ва эркин фуқаролик жамияти орқали ҳаракат қилади. Демократияни кўча зўравонлиги ва иқтисодий хаосга тенглаштириб бўлмайди. Аксинча, демократия умид беради ва йиғилиб қолган муаммоларни ҳал қилишда реалистик, тинч ёндашувларни таъминлаб беради, - деди Роберт Блейк.

Шунингдек, у Вашингтон ҳозирги даврга АҚШнинг Марказий Осиё мамлакатлари билан диний, сиёсий ва шахс эркинлиги соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштириш вақти ўлароқ қараётганини айтди.

Жаноб Блейк мустақилликка эришилганидан сўнг ўтган йигирма йил ичида Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистон раҳбарлари ўз мамлакатларида демократик институтларни яратишга бир неча бор ва очиқ чақириқлар билан чиққанларига эътибор қаратди. АҚШ дипломатига кўра, бу лидерлар кўп маротаба нутқлар ирод қилганлар, фармонлар чиқарганлар, лекин бу фармонларнинг турмушга татбиқ этиш учун жуда кам иш қилганлар.

- Ўзбекистон президенти Каримов 2010 йил ноябрида чиқиш қилиб, [ўзбекистонликларни] сиёсий плюрализм ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга чақирганди. Ҳозирги пайтда буни воқеликка айлантириш учун кам иш қилинди, бироқ биз президент Каримовни мазкур нутқи билан ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажаришга чақиришда давом этамиз, - деди АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси.

Ўз сўзи охирида Роберт Блейк яқин келажакда минтақада сезиларли ўзгаришлар бўлишини башорат қилмаслигини таъкидлади.

- “Араб баҳори”га қарамай, демократия узоқ муддатли жараён бўлиб ҳисобланади. Биз Марказий Осиёдаги барча ҳамкорларимизга кучли демократик институтлар ва янада очиқроқ жамиятларни ривожлантиришда кўмаклашган ҳолда, улар билан ишлашда давом этамиз, - деди АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG