Линклар

ХВЖ раҳбари жинсий тажовузда айбланди


Халқаро валюта жамғармаси раҳбари Доминик Стросс-Кан ўзига қўйилаётган айбловларни инкор қилмоқда.

Халқаро валюта жамғармаси раҳбари Доминик Стросс-Кан ўзига қўйилаётган айбловларни инкор қилмоқда.

ХВЖ бош ижрочи директори Доминик Стросс-Кан Ню Йоркдаги меҳмонхона ходимасини зўрлашга уринганлик иддаоси бўйича ҳибсга олинди.

Халқаро валюта жамғармаси раҳбари ва Францияда ўтказиладиган сайловда президентликка номзод бўлиши кутилаётган Доминик Стросс-Кан жинсий тажовуз қилишга уринганлик иддаоси бўйича тиббий текширувдан ўтишга рози бўлди.

Стросс-Кан устидан бугун маҳкама жараёни бошланиши кутилаётган эди, аммо судмедэкспертизаси ўтказиш учун маҳкама қолдирилди.

15 май куни Ню Йорк полицияси Стросс-Канга меҳмонхона ходимасига нисбатан жинсий тажовуз ва уни зўрлашга уринганлик айбини эълон қилди.

Бунга Манхеттанда жойлашган “Софител” меҳмонхонасининг 32 ёшли ходимаси бир кеча бирга қолиш учун Стросс-Кан унга уч минг АҚШ доллари тўлашни таклиф қилгани ҳақидаги иддао сабаб бўлди.

Полиция матбуот вакили Пол Браун Стросс-Кан дипломатик дахлсизликка эга эмаслигини билдирди.

62 ёшли Стросс-Кан Парижга учиб кетишига саноқли дақиқа қолганда шанба куни Ню Йоркнинг Кеннеди аэропортида қўлга олинди. У ўзига қўйилаётган айбловларни рад қилмоқда.

Европага сафари доирасида Стросс-Каннинг 15 май куни Германия Канцлери Ангела Меркел билан учрашиши режаланган эди, бироқ учрашув бекор қилинди.

Шунингдек, ХВЖ раҳбарининг 16 май куни Брюсселда Европа Иттифоқи молия вазирлари йиғилишида иштирок этиб, Португалия ва Грецияга ёрдам маблағи ажратиш режасини муҳокама қилиши керак эди.

Бундан ташқари, Доминик Стросс-Кан яқин ҳафталар ичида Францияда 2012 йил апрелида ўтказилажак президентлик сайловига Социалистлар партиясидан номзод қилиб кўрсатилиши кутилаётганди.

Парижда Стросс-Кан ҳибсга олингани борасида одамлар турлича муносабат билдирмоқда.

- У президентликка ўз номзодини эълон қилмоқчи бўлган бир пайтда бундай воқеа юз бергани жуда ҳайратланарли. Балки бу унга қарши уюштирилган фитнадир, яна билмадим, - дейди франциялик фуқароларидан бири.

Франциялик бир аёл бундай воқеа юз бергани унинг учун таажжубланарли ҳол эмаслигини айтди.

- Бу мени ҳайратга солгани йўқ. Мен бир кун келиб бу юзага чиқишини кутган эдим. Менимча, буни кўпчилик билади. Менимча, у эҳтиёткор бўлмагани ва президентлик сайлови унинг учун муҳимроқ бўлмагани шармандаликдир, - дейди франциялик аёл.

Стросс-Каннинг рафиқаси ҳибсга олинган эри жинсий тажовуз қилганига “асло ишонмаслиги"ни таъкидлади.

- Мен эримга қўйилаётган айбловга мутлақо ишонмайман. Мен унинг айбсиз экани исботланишига шубҳа қилмайман, - дейилади Стросс-Каннинг рафиқаси Франс-пресс ахборот агентлигига йўллаган баёнотда.

Франциянинг собиқ молия вазири бўлган Доминик Стросс-Кан 2007 йил ноябрида Халқаро валюта жамғармаси раҳбари лавозимини эгаллаган.

2008 йилнинг октябр ойида Стросс-Кан ўз қўли остида ишлаган аёл билан жинсий яқинлик қилиб, "хато қилгани" учун узр сўраган, бироқ ўз лавозимини суиистеъмол қилганини инкор қилган.

ХВЖ раҳбари ҳибсга олинганига қарамай, ташкилот ўз фаолиятини тўла давом эттирмоқда.

Доминик Стросс-Кан ҳибсга олингани муносабати билан ХВЖ раҳбари вазифасини унинг собиқ ўринбосари Жон Липски бажариши маълум қилинди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG