Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:23

"Британия жосуси" қамоқдан чиқди


Ўзбекистондаги Буюк Британия элчихонасининг собиқ қоровули Қаюм Ортиқов қарийб 2,5 йиллик айрилиқдан сўнг оиласи билан қовушди.
Ўзбекистондаги Буюк Британия элчихонасининг собиқ қоровули Қаюм Ортиқов қарийб 2,5 йиллик айрилиқдан сўнг оиласи билан қовушди.

4 май куни Ўзбекистондаги Буюк Британия элчихонасининг собиқ қоровули Қаюм Ортиқов шартли равишда озодликка чиқди.

Озодлик билан суҳбатда Қаюм Ортиқов 4 май куни Навоий қамоқхонасидан шартли равишда озодликка чиққанини айтди:

- Жазо муддатини ўтаб, икки йилу тўрт ой беш кун ўтирдим. Қолган уч йилу етти ой йигирма уч кунни ишлаб, давлатга 25 фоиз тўлашим керак. Иш масаласида энди эртага, Худо хоҳласа, комиссияга кираман. “Иш топиб берамиз” деб ваъда қилишди. Иш бор. Олдинги ишлаган жойимга энди қайтиб олишмайди. Ўзим яшаб турган манзилдан иш топиб беришади, - дейди асли чирчиқлик Қаюм ака.

Ўзбекистондаги Буюк Британия элчихонасининг собиқ қоровули Қаюм Ортиқов 2008 йил 25 декабрида ҳибсга олинган. 2009 йил январида эса Тошкент шаҳар Чилонзор туман жиноий ишлар суди томонидан одам савдосида айбланиб, 6 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

- Раҳматли ота-онам менга яхши тарбия беришган, деб ўйлайман. Ҳеч қачон бировга ҳасад қилиб яшамаганман.Мен қилган ишим – бир ҳафталаб телефон қилиб, иш сўраб, безовта қилган одамларга газетадаги эълон бўйича фирмага олиб борганман. Мен буни одам савдосига айланиб кетишини ҳеч қачон ўйламаганман. Чунки мен бориб сўраганимда ҳамма ҳужжатларни кўрсатишган. “Солиқ тўланган, лицензиямиз бор, аҳолининг бўш қатламини иш билан таъминлаш учун” деган лицензияларигача кўрсатган. Мени ўша фирма директори алдади, - деди у.

Қаюм Ортиқовнинг айтишича, уйда тўрт нафар фарзанди ва турмуш ўртоғи Моҳира опа уни чексиз қувонч билан қарши олганлар.

- Буни сўз билан тушунтириш жуда қийин. Ҳаммасининг кўзида ёш. Чунки фарзандларимни мен икки йилу тўрт ой беш кун кўрганим йўқ. Мени у аҳволда кўришларини ҳоҳламаган эдим. Ёш бола қамоққа борса, отаси бўладими ё бошқа одамми - кўрса, ёмон тасаввурга эга бўлади. Қўрқишади, руҳан эзилишади. Мен шу нарсани хоҳламаган эдим, - дейди Навоий қамоқхонасининг собиқ маҳбуси Қаюм Ортиқов.

Озодликка шартли равишда чиқарилган Қаюм Ортиқовнинг турмуш ўртоғи 2009 йилда Озодликка берган интервьюсида эрига нисбатан қийноқлар қўлланилаётганини ва уни Буюк Британия жосуси дея айбловлар қўйилганини айтганди:

- Қишда уч-тўрт киши устига ўтириб¸ полга босиб туришган соатлаб. Соатлаб қўлидан осиб қўйиб¸ беш-олти киши навбат билан уришган. Қўлида ҳали ҳам арқоннинг излари турибди. Энди бунинг айби уч йил олдин Англияга бориб¸ тилини эсдан чиқармаслик учун¸ энди улар инглиз тилини ўрганиб туриши керак-ку¸ қанча кўп ўрганса¸ шунча яхши¸ шунга уч ойга бориб ўқиб келган эди. Кейин айби Британия элчихонасида ишлагани. “Сен жосуссан. Элчихонада ишлайсан. Ўшаларга сотилгансан” деб мантиқсиз нарсаларни талаб қилишганда. “Элчихонада ишлайдиган одамларга қарши кўрсатма берасан. Элчидан тортиб оддий ишчигача қаерга боради¸ нима қилади¸ ким билан кўришади - ҳаммасини айтиб берасан” деб талаб қилишган. Қийнамаган нимаси¸ кўрсатмаган нимаси қолмаган уларни, - деган эди Озодликка бундан икки йил олдин Моҳира опа.

Айни пайтда Қаюм Ортиқовнинг ўзи жосусликда айблангани ҳақида гапиришни истамади:

- Энди билмадим. Мен бир нарса дейишга ҳам қўрқаман. Ўзингиз биласиз, ўзингиз тўғри тушунасиз, деб ўйлайман, - деди Қаюм ака.

Ўзбекистондаги Буюк Британия элчихонасининг собиқ қоровули қийноқлар ҳақида ҳам гапиришни хушламайди.

- Буни бошқа сабаблари жуда кўп. Мен буни очиқ-ойдин гапира олмайман. Мен суюкли аёлим ва севимли фарзандларим бағрида бўлишни хоҳлайман. Кўрдим, кўп нарсани кўрдим, бошимдан ўтказдим. Жуда катта тушунмовчилик, англашилмовчилик бўлди, - деди Қаюм Ортиқов.
XS
SM
MD
LG