Линклар

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 17-19 май кунлари давлат сафари билан Ҳиндистонда бўлади. Бу ҳақда хабар қилган ўзбек расмий матбуоти одатдагидек, ташриф давомида Ўзбекистон-Ҳиндистон ҳамкорлигини кенгайтириш ва чуқурлаштириш ҳамда икки томонни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар муҳокама қилинади, қабилидаги хабар билан чекланди. Ҳиндистонлик ва ўзбекистонлик сиёсатшунослар икки томонлама муносабатларга берарган баҳосидан ҳам, уларни жўнгина “дўстона деб аташ мумкин”, деган хулоса келиб чиқади.


Ўзбекистон президенти матбуот хизмати ўзларининг бевосита бошлиқлари Ислом Каримовнинг Ҳиндистонга давлат сафари ҳақида Озодлик билан гаплашишни истамади. “Озодлик мухбири” деган иборани эшитиши биланоқ матбуот хизматининг ўзини Гўзал, деб таништирган ходимаси гўшакни илиб қўйди.

Матбуот хизмати веб саҳифасида берилган “дежурний” хабарга кўра, Ислом Каримов Ҳиндистон Президенти Пратибхи Патил таклифига биноан Деҳлига отланмоқда.

Бу Ўзбекистон раҳбарининг кейинги йигирма йил ичида Ҳиндистонга учинчи давлат ташрифидир. Бу орада Каримов Ҳиндистонга бир-иккита расмий ва ишчи сафарларни ҳам амалга оширган. Ҳиндистон раҳбарлари ҳам Ўзбекистонга беш-олти марта келиб кетган.

Аввалги борди келдиларда имзоланган савдо-иқтисодий алоқаларга оид келишувлари миқдори 10-20 миллион доллардан ошмагани каби, бу сафар ҳам йирик шартномаларнинг имзоланишини кутиш қийин, дейди сиёсатшунослар.

Деҳлидаги Мудофаа тадқиқотлари ва таҳлили Институтининг Ҳиндистон-Марказий Осиё масалалари бўйича шарҳловчиси профессор Мина Сингҳ Рой Озодлик билан суҳбатда Тошкент билан Деҳли ўртасидаги “дўстона” сиёсий алоқалардан фарқли ўлароқ, иқтисодий муносабатларни қониқарли, деб бўлмайди, дейди.

- Лекин иқтисодий муносабатларга қарайдиган бўлсангиз, улар икки томон ўртасида мавжуд потенциалга мос келмайди. Савдо иқтисодий алоқалар жуда чекланган ва ўзаро мулоқот ва ҳамкорликни оширишга эҳтиёж бор. Бу соҳада муайан чекловлар бор,- дейди профессор Рой хоним.

Масалан, дея қўшимча қилади, деҳлилик сиёсатшунос 2003-2004 йилларга солиштирганда кейинги бир-икки йилдаги товар айирбошлаш ҳажмини некбин, деб бўлмайди.

Ўзбекистон ҳукумати расмий маълумотларига кўра, 2004 йилда бу кўрсаткич 150 миллион АҚШ долларини ташкил қилган бўлса, ўтган йилги ўзаро савдо ҳажам юз миллион долларга етган.

Бунда Ҳиндистонга экспорт қилинадиган товарлар асосан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган йўловчи самолётларнинг эҳтиёт қисмлари, ўзбекистонлик мутахассисларнинг хизматлари ҳамда пахта, жун каби хом ашёларни ташкил қилади. Ҳиндистондан импорт қилинадиган товарларнинг аксар қсими дори-дармонлардан иборат.

Прфессор Рой Ҳиндистон сармоясининг Ўзбекистонга кириб бормаётгани сабаби ҳинд тадбиркорларининг мамлакатдаги иқтисодий муҳитга эҳтиёткорлик ёндашуви билан боғлиқдир, дейди.

- Бу соҳада ҳал этилиши керак бўлган асосий масала, менимча, киритилаётган сармоялар хавфсизлигини таъминлашдир. Биласиз, тадбиркорлар бир ишга қўл урар экан фойда олишни мақсад қилади. Марказий Осиё минтақаси, айниқса, Ўзбекистон ҳақида гапирадиган бўлсак, олган фойдангизни қандай олиб чиқасиз, киритган сармоянгиз хавфсизлиги кафолатланганми, деган саволлар долзарбдир. Ўзбекистонда саромялар хавфсизлигини кафолатловчи механимзлар ишлаб чиқилиши керак. Бундай механизмларнинг йўқлиги муайан тўсиқларни яратади, албатта. Бу тўсиқларга оид муаммолар Ҳиндистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ҳамда бизнес ҳамжамиятлари томонидан ҳал этилиши керак, дейди Деҳлидаги Мудофаа тадқиқотлари ва таҳлили Институтининг Ҳиндистон-Марказий Осиё масалалари бўйича шарҳловчиси профессор Мина Сингҳ Рой.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг собиқ мулозими Тошпўлат Йўлдошев президент Каримовнинг 1991 йилда Ҳиндистонга қилган биринчи давлат ташрифини уюштиришда иштирок этган. У ҳам икки давлат ўртасидаги сиёсий алоқалар собиқ Совет давридан бери “дўстона” бўлиб келган, лекин бугун иқтисод жиҳатидан жаҳон давлатлари орасида биринчи ўнликка кирадиган Ҳиндистоннинг Ўзбекистонга эҳтиёткорлик билан ёндашаётгани сабабларидан бири расмий Тошкентнинг хорижий саромядорларга нисбатан сиёсати билан боғлиқ, деган фикрда.

- Ҳар бир давлат Ўзбекистон билан алоқаларни ривожлантиришдан аввал, мамлакатдаги вазият билан танишади. Банк соҳасида экспертлар бор, дунë молиявий ташкилотларининг экспертлари бор. Ўшалар билан маслаҳат қилинади, албатта. Чунки бекордан бекорга ҳеч ким ўйламасдан пул киритмайди Ўзбекистонга. Ўзбекистон ҳозир бошқа давлатлар олдида ўзининг мажбуриятларини бажара олмаяпти. Кейин чет элдан келган капитални, ҳар хил компанияларнинг мол-мулкини куппа кундуз куни ҳеч сабабсиз тортиб олишаяпти. Албатта булар ташқи сиëсатга, ташқи иқтисодий-молиявий алоқаларга таъсир ўтказади. Шунинг учун ҳам, катта давлат бўлган, имкониятлари жуда ҳам йирик бўлган Ҳиндистон билан иқтисодий алоқалар кенгайиш ўрнига қисқариб бормоқда.

Президент матбуот хизмати тарқатган хабарномага кўра, Ислом Каримовнинг Ҳиндистонга 17-19 май кунлари амалга ошадиган давлат ташрифи давомида томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар муҳокама қилинади ва қатор ҳужжатларга имзо чеклади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG