Линклар

Ҳаага трибунали прокурори Луис Морено-Окампо Ливия етакчиси Қаддафий инсониятга қарши жиноят қилганига оид даллиларни йиғди.

Бугун Ҳаага шаҳрида матубот анжумани ўтказган Ҳаага трибунали прокурори Луис Морено-Окампо Ливия етакчиси Муаммар Қаддафий, унинг ўғли Саиф ал-Ислом ва Ливия ҳарбий разведка хизмати раҳбари Абдуллоҳ ал-Санусийни ҳибсга олишга ордер берилишини сўради.

Ҳаага трибуналига мурожаат қилган прокурор Луис Морено-Окампога кўра, бу борада тегишли далиллар қўлга киритилган.

- Даллиларнинг кўрсатишича, Муаммар Қаддафий қуролсиз фуқароларга қарши ўт очиш ҳақида шахсан буйруқ берган ва хавфсизлик кучлари қуролсиз фуқароларни уларнинг уйларида ҳамда жамоат жойларида автоматдан ўққа тутган. Дафн маросимлари иштирокчиларини эса оғир қуроллардан ўққа тутган. Снайперлар масжиддан намозини ўқиб чиқаётганларни ўққа тутган, - деди Ҳаага прокурори.

Прокурорга кўра, Қаддафийнинг ўғли Саиф ал-Ислом ва Ливия ҳарбий разведка хизмати раҳбари ал-Санусий мамлакат етакчиси Муаммар Қаддафийнинг буйруғини бажариб, исёнчи кучларга қарши ҳужумни режалаштирган ҳамда амалга оширган.

Бу ҳақдаги айбловга Морено-Окампо шундай аниқлик киритди:

- Қаддафийнинг иккинчи ўғли Саиф ал-Ислом де-факто Бош вазирдир ва Қаддафийнинг қайнукаси Ал-Сануссий ҳарбий разведка бошлиғидир. У Қаддафийнинг ўнг қўлидир. Идорамизда бу уч шахснинг амалиётларни қандай бошқарганига оид далил-исботлар бор, - деди Ҳаага прокурори.

Морено-Окампога кўра, сўнгги ойлар ичида Ливияда бўлган жанглар чоғида Қаддафийчи кучлар томонидан қўлга олинган исёнчиларга нисбатан қамоқхоналарда қийноқлар қўлланилган.

Шу йил феврал ойида БМТ Хавфсизлик кенгаши қарори билан Ҳаага прокурори Ливиядаги жангларда Қаддафий етакчилигидаги ҳукумат ҳатти-ҳаракатлари устидан текширув бошлаган эди.

Эндиликда Ҳаага трибунали прокурор тақдим этган текширув хулосани ўрганиб чиқиши ва агар маъқул топса, Қаддафийв ҳамда унинг сафдошларини ҳибсга олиш тўғрисида кўрсатма бериши лозим.

айни кезда Ливия ҳукумати Ҳаага прокурорининг ҳибсга ордер сўраб қилган мурожаатини танқид қилмоқда ва расмий баёнотда Халқаро Жиноят суди ғарб давлатларининг Африка давлатлари етакчиларини тақиб қилиш учун тузилган механизми, дея танқид қилинмоқда.

Аммо, Британия Ташқи ишлар вазири Уилям Ҳейг Қаддафийни ҳибсга олиш тўғрисидаги сўровни олқишлади ва ўз баёнотида: "Бу Қаддафий режимидаги жиноятчи амалдорлар учун уларнинг ҳаракатлари жазосиз қолмаслигига ишоратдир", деди.

Шунингдек, у халқаро ҳамжамиятни Халқаро Жиноят судининг Ливия режимига қарши ҳатти-ҳаракатларини қувватлашга чақирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG