Линклар

logo-print

Қирғизистон Ўзбекистондан газ омборини тортиб олмоқчи

  • Сарвар Усмон

Қирғизистон сиёсатчилари даъво қилаётган газ омбори Ўзбекистон пулига қурилган ва ушлатилади.

Қирғизистон сиёсатчилари даъво қилаётган газ омбори Ўзбекистон пулига қурилган ва ушлатилади.

Қирғизистон Ўзбекистондан газ омбори ва нефт конларини қайтариб олмоқчи. Қирғизистон парламенти ўзининг ўтган ҳафта сўнгги иш кунидаги мажлисида “Боткен вилояти ҳудудида жойлашган ва “Ўзбекнефтегаз” Миллий холдинг ширкати томонидан эксплуатация қилинаётган Шимолий Сўх ерости газ омбори ҳамда Шимолий Сўх ва Чўнғара-Ғалча газ-нефть конларини Қирғизистон юрисдикциясига қайтариш тўғрисида“ги қарор лойиҳасини қабул қилди. Баъзи депутатлар тилга олинган объектлардан ўтган 20 йил ичида фойдалангани учун Ўзбекистондан 5 миллион доллар талаб қилиш таклифини ўртага ташлади. Хўш, Бишкекнинг талабларида қанчалик жон бор?


Ўрганаётганимиз масала юзасидан таклифни мамлакат парламенти муҳокамасига “Қирғизгаз” ширкати раҳбарияти киритган эди.

Ширкат матбуот котиби Жайнагул Максимова саволимизга жавобан бошлиғи -“Қирғизгаз” раҳбари хизмат сафарида эканлиги ва бу масала сиёсий масала бўлгани учун бошлиғидан бесўроқ бирон нарса деёлмаслигини билдириш билан чекланди.

“Ўзбекнефтегаз” Миллий холдинг ширкатининг ўзини таништирмаган ходими ҳам “Бу сиёсий масала бўлса керак, шунинг учун жавоб бера олмасак керак”, дейиш билан гапни қисқа қилди.

Газ омбори ва нефть конлари масаласи кейинги йилларда Қирғизистонда тез-тез кўтарилиб келаётган эди. Ўтган ҳафтада бу масала биринчи марта парламент даражасига чиқди.

Апрель ойида эса, “Толерантлик” жамғармаси Боткен вилоят бўлими вакили Гулнара Темирбаеванинг айтишича, “чегараолди ҳудудларидаги газ омборларидан Ўзбекистон фойдаланаётганидан маҳаллий қирғиз қишлоқлари аҳолиси норозилик чиқишлари қилган эди”.

Демак, оддий боткенликлар ҳам, “Қирғизгаз” ширкати ҳам, Қирғизистон парламенти ҳам газ омбори Қирғизистоннинг мулки, деган фикрда якдил.

Москвадаги “ПолитКонтакт” сиёсий технологиялар марказининг Қирғизистондаги ваколатхонаси раҳбари Олег Сернецкийнинг фикрича, қирғизистонликларнинг даъволарида жон бор.

Сернецкий 2009 йилнинг ноябрида 24 kgга берган интервьюсида “1992 йили, МДҲ тузилаётган пайтда газ объектлари қайси республика ҳудудида бўлса, ўша республика мулки” бўлажаги тўғрисида келишиб олинганини айтган эди.

Лекин, Россиянинг “Независимая газета”си ўзининг бугунги -16 май кунги сонида Қирғизистон талаб қилаётган газ омбори “икки давлат ўртасидаги делимитацияси якунланмаган чегараолди ҳудудида жойлашгани” тўғрисида ёзди.

Эслатиб ўтамиз, “Толерантлик” жамғармаси Боткен вилоят бўлими вакили Гулнара Темирбаева ҳам боягина маҳаллий қирғиз қишлоқлари аҳолиси “чегараолди ҳудудларидаги газ омборларидан Ўзбекистон фойдаланаётганидан норозилик чиқишлари қилгани” тўғрисида гапирган эди.

Фарғоналик кузатувчи Абдусалом Эргашев Нефть ва газ қазиб олиш технологияси бўйича мутахассис ҳамдир.

Қирғизистонликларнинг газ омборига даъвоси юзасидан фикр билдирар экан, жаноб Эргашев бундай деди.

- Қирғизистон ҳукуматининг, парламент аъзоларининг ëки бошқа бир сиëсатчиларнинг Сўх газ омбори тўғрисидаги иддаолари ҳаммаси бекорчи гаплар. Чунки у Ўзбекистоннинг республика бюджети ҳисобига қурилган, дейди Абдусалом Эргашев.

Унинг айтишича, Боткен вилояти ҳудудида бир пайтлар газ ва нефть олинган ва заҳираси битган конлар бор. Газ ва нефть қазиб олингач, ер остида қолган бўшлиқларга Ўзбекистон ўз ҳудудида қургани компрессорларидан ўз газини ҳайдайди. Ёзда ҳайдаладиган газни қишда қайта сўрувчи жўмраклар ҳам Ўзбекистоннинг ўз ҳудудида.

- Одатда қазиб олинган газ ва нефт ўрнига қайси мамлакатда бўлса, сув ëки бошқа бир нарса ҳайдалади. Агар ўша бўшлиқ тўлдирилмайдиган бўлса, Навоийнинг Газлисида бўлган зилзиласи агар ëдингизда бўлса, жуда катта талофатларга олиб келган, шунақа бўлади. Газни кавлаб олиб унинг ўрнига бошқа бор модда билан, бошқа бир жисм билан тўлдирилмаганлиги учун шундай жуда катта катастрофа юзага келган. Аввало газ омбори Қирғизистон ҳудудида бўладиган бўлса, аввало улар Ўзбекистонга раҳмат айтишлари керак хавфсизлигини таъминлаб турганлиги учун ҳам, дейди нефть ва газ қазиб олиш технологияси бўйича мутахассис фарғоналик Абдусалом Эргашев.

Жаноб Эргашевдан эшитганимизга ўхшаш гапни исмини айтмаслигимиз ва овозини эшиттирмаслигимиз шарти билан гапирган қирғизистонлик бир мутахассисдан ҳам эшитдик.

Унинг айтишича, газ омбори сифатида ишлатилаётган ер ости бўшлиқларининг чегараларини ҳеч ким билмайди – Ўзбекистондан ҳайдаладиган газ Қирғизистондан Тожикистон ҳудудига ҳам ўтиб кетиши мумкин.

Шунинг учун, дейди қирғизистонлик мутахассис, Бишкек Тошкентдан газ омборини талашса ҳам бўлади, талашмаса ҳам. Чунки, Тошкент Бишкекнинг талабига жавобан талашилаётган газ омборига газ ҳайдашни тўхтатиб қўйса, масала ўз-ўзидан ҳал бўлади – газсиз омбор кимга керак?

“Боз устига Ўзбекистон Шимолий Сўх омборидан воз кечворишига асос бўла оладиган ишларни ҳам кейинги йилларда амалга ошираяпти. Водийга бир-икки йил олдин катта газ қувури тортилди. Хабарларга қараганда, шу кунда янги қувурлар тортиш устида иш кетмоқда”, деди мутахассис.
Қирғизистонлик мутахассиснинг газ омбори тўғрисидаги гапи бу мамлакат вице-бош вазири Шамил Атахановнинг парламент аъзоларидан фарқли ўлароқ, омбор масаласида оғир-босиқроқ баёнот қилгани сабабини тушунишга ёрдам беради.

Унинг фикрича, гап Сўхдаги газ омборини Ўзбекистондан тортиб олиш тўғрисида эмас, балки ундан биргаликда фойдаланиш ва шу мақсадда Ўзбекистон-Қирғизистон қўшма корхонаси қуриш ҳақида бўлиши лозим.

Ҳа, айтганча, қирғизистонликлар Боткендаги нефть конларини ҳам қайтариб олмоқчи эди.

Қирғизистонлик мутахассиснинг айтишича, “Ўзбекистон ишлатаётган Боткендаги нефть конлари”, деб оғиз тўлдириб айтишга арзимайди. Ўша конларни, биринчидан, Ўзбекистон ёпиб кетгани тўғрисида 3-4 йил олдин хабарлар пайдо бўлган эди, иккинчидан, ёпилмаган бўлса ҳам, у конлардан кунига “3-4 кружка” нефть олишаётгандир”.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG