Линклар

ХВЖ раҳбари Рикерс-Айленд қамоғига кўчирилади


ХВЖ раҳбари Д.Стросс-Кан (ў) ва адвокат Б. Брафман Манхеттандаги жиноий судида, 16 май 2011 йил

ХВЖ раҳбари Д.Стросс-Кан (ў) ва адвокат Б. Брафман Манхеттандаги жиноий судида, 16 май 2011 йил

Ню Йорк суди Доминик Стросс-Канни гаровга пул қўйиш эвазига қамоқдан озод қилишни рад қилди.

Ню Йоркдаги меҳмонхона ходимасини зўрлашга уринганликда гумонланиб ҳибсга олинган Халқаро валюта жамғармаси раҳбари Доминик Стросс-Кан Манхэттендаги вақтинчалик сақлаш марказидан таниқли Рикерс-Айленд қамоқхонасига кўчирилади.

Маълумотларга кўра, ўтган асрнинг 30-йилларда қурилган бу қамоқхонада ҳозир 11 мингдан ортиқ маҳбус сақланмоқда.

16 май куни Ню Йорк суди ҳакамлари гаровга бир миллион доллар қўйиш эвазига Стросс-Канни ҳибсдан озод қилишни рад қилди.

- Суд қарори хафсаламизни пир қилди. Менимча, кураш энди бошланганини ҳамма тушуниши муҳим. Биз жаноб Стросс-Кан айбдор эмаслигига ишонамиз ва буни исботлаймиз, - дея баёнот берди Стросс-Каннинг адвокатларидан бири Бенжамин Брафман.

Судда адвокат Брафман ўз ҳимояси остидаги Доминик Стросс-Кан жинсий тажовуз қилишга уринганлик иддаоси бўйича судмедэкспертиза текширувдан ўтишга рози бўлганини урғулади.

Прокурорлар АҚШ ва Франция ўртасида экстрадиция ҳақида шартнома имзоланмагани боис Стросс-Кан озодликка чиқса, у Францияга қочиб кетиши мумкинлигидан хавотир билдирди.

АҚШ федерал прокурори ёрдамчиси Жон МакКоннел судда Стросс-Кан меҳмонхона ходимасини унинг хоҳишига қарши зўрлашга уринганини баён қилди.

Мак Коннел сўзларига кўра, меҳмонхона ходимаси қаршилик кўрсатганидан кейин Стросс-Канн уни орал жинсий алоқа қилишга мажбурлаган.

Полиция ходимлари Стросс-Канни шанба куни Ню Йоркнинг Кеннеди аэропортида Парижга учиб кетишига саноқли дақиқа қолганда қўлга олган эди.

Кейинроқ меҳмонхона ходимаси полиция идорасида ўзига кўрсатилган бир неча одам орасидан Стросс-Канни таниган.

62 ёшли Строс-Канн ўзига қўйилаётган айбловларни рад қилмоқда.

Агар меҳмонхона ходимасининг иддаолари исботланса, Стросс-Кан 20 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум этилиши мумкинлиги айтилмоқда.

Францияда 2012 йилда ўтказиладиган сайловда Доминик Стросс-Канни президентликка ўз номзоди сифатида кўрсатмоқчи бўлган Социалистлар партия раҳбарлари бўҳронни муҳокама қилиш учун 17 май куни фавқулодда мажлис ўтказишни режалаган.

Айни пайтда Халқаро валюта жамғармаси директорлар кенгаши аъзоларига Доминик Стросс-Канга қандай айбловлар қўйилаётгани ҳақида ахборот берилди. Эълон қилинган баёнотда ташкилот воқеалар ривожини диққат билан кузатиб бориши маълум қилинган.
XS
SM
MD
LG