Линклар

Сўғдда ўз жонига қасд қилганлар кўпаймоқда


Сўғдлик худкушлар ўз умрига нуқта қўйиш учун энг кенг тарқалган усул - ўзни дорга осишни танлашмоқда.

Сўғдлик худкушлар ўз умрига нуқта қўйиш учун энг кенг тарқалган усул - ўзни дорга осишни танлашмоқда.

Тожикистоннинг Сўғд вилоятида 19 ёшли қиз никоҳ арафасида ўз жонига қасд қилиб, ҳаётдан кўз юмди.

Сўғд вилоят Ички ишлар бошқармаси маълумотларида айтилишича, Бобожон Ғафуров туманидаги Қистакўз қишлоғида истиқомат қилувчи 19 ёшли Маҳфират Мусоева никоҳ арафасида ўзини дорга осган. Расмийлар қайдича, бунга қизнинг оиласида наслдан наслга ўтиб келаётган руҳий касаллик сабаб бўлган.

Шунингдек, Жаббор Расулов туманида истиқомат қилувчи Шоҳиста Жўраева муҳаббат ҳижронига чидолмай, ўзини осиб қўйгани, Бобожон Ғафуров туманида яшаган Аҳмад Исматов ҳам ишсизлик, пулсизлик, оғир ҳаётга дош беролмай, ўзига ўт қўйиб юборгани айтилмоқда.

Расмийлар бунда иқтисодий ночорлик сабаблиги ҳақидаги иддаоларни рад этмоқдалар. Чунки, уларнинг фикрича, “бугунги кунда хўроз ҳамма жойда ҳам бир хил қичқираяпти, ҳаммага ҳам оғир”.

Олий тоифадаги шифокор Каримжон Зокиров фикрича, Сўғд вилоятида йил сайин руҳий касаллик купайиб бормокда.

- Биринчидан, ўз жонига қасд қилиш истаги кишининг ўзида эндоген, яъни ген психозлари касалликлари борлиги натижасида келиб чиқади. Ниҳоят, бу касалликни янада кучайтирадиган, ёмон оқибатларга олиб келадиган ножўя гаплар, яъни унинг шаънига таъсир қиладиган, обрўсини тўкадиган гаплар ўз жонига қасд қилишга ундайди, - дейди Каримжон Зокиров.

Биз маҳаллий аҳоли орасида худкушликка қўл уриш сабабларини билиш мақсадида оддий сўғдликларга ҳам мурожаат қилдик. Зиёли Шариф Нуриддиновнинг айтишича, ёшларнинг, аёлларнинг ўз жонига қасд қилиш холатларини фақат рухий каслликлар билан боғламаслик керак. Унингча, бунга асосан иқтисодий қийинчиликлардан келиб чиққан ҳолда руҳий зўриқишлар ва оиладаги жанжаллар сабаб бўлаяпти.

- Бу аёлларнинг жамиятга нисбатан, ўша тузумга нисбатан, янада аниқроқ қилиб айтганда, эркакларга нисбатан исёнидир. Аёл ўзининг аёлдек мавқеини топмаган, эътибор топмаган, ғамхўрликни ҳис этмайди. Бошига бир мушкуллик тушганда яккаланиб қолган. Шунинг учун у ўлимни афзал кўрган, - дейди Шариф Нуриддинов.

“Сўғд вилояти ёшларининг турмуш тарзи” лойиҳаси вакилларининг сўзларига кўра, вилоятда 26 ёшдан 30 ёшгача бўлган хотин-қизлар кўпроқ худкушликка қўл урадилар. Лойиҳа масъули Гулнора Гулмирзоеванинг айтишича, жамоатчилик фикри буйича энг хавфли вақт бу 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган даврдир, иккинчи хотин бўлиб эрга теккан ёлғиз аёлларда ҳам бу ҳолат кўп учрайди.

- Бунинг сабаблари кўп. Қашшоқлик, эрларнинг оилада болаларга ва хотинларига нисбатан зўравонлиги. Биз дастлабки сўров ўтказган ҳар тўрт оиладан бири ўта қашшоқ ҳаёт кечираётгани маълум бўлди. Худкушликка қўл урганларнинг асосий қурбонлари носоғлом оилада яшаётгани аниқланди. Ўгай ота ёки ўгай онанинг қўлида яшаётганларнинг ўндан бири ўз жонига қасд қилганлари маълум булди, - деди Гулнора Гулмирзоева.

Унинг айтишича, сўров ўтказилаётган оилаларнинг 37 фоизида қиз болалар жуда қаттиқ назоратда бўлган. Бу оилалардаги эркинлик оталар ва акалар томонидан чегаралаб қўйилган. Мазкур тадбирлар Сўғд вилоят ҳукумати ташаббуси билан амалга оширилмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашларича, Тожикистон бўйича жонига қасд қилаётганларнинг айнан Сўғд вилоятида энг кўп бўлишининг ўзига хос сабаблари ҳам бор. Тожикистон Фанлар академияси амалий физиология-биотехнология лабораториясининг Хўжанд шаҳридаги Илмий маркази раҳбари Ўктам Йўлдошев тахминича, ўз жонига суиқасд қилиш сабабларидан бири вилоят ҳудудида жойлашган уран қабристонлари ҳам бўлиши мумкин.

- Ураннинг парчаланиши миллион йил давом этишини ҳисобга олсак, вилоятдаги чиқиндихоналардаги уран қолдиқлари атроф-муҳитга, биринчи навбатда, инсонга узоқ муддатда салбий таъсир қилади. Қаттиқ шамол турганда, бу радиоактив моддалар чанг-ғубор билан атрофга ёйилади. Баҳорда сел ва ёмғирлар ювиб кетади. Радиация инсон аъзоларига қаттиқ таъсир қилади, турли касалликлар пайдо бўлишига сабаб бўлади, - дейди Ўктам Йўлдошев.

Яна расмий маълумотларга назар ташлаймиз. Тожикистон Ички ишлар вазири Абдураим Қаҳҳоровнинг сўзларига кўра, Сўғд вилоятида ҳар ҳафтада тўрт киши ўз жонига қасд қилиши қайд қилинмоқда.

- Мазкур муаммо наинки куч ишлатар тизимлари рахбарларини, балки мамлакат раҳбарларини ҳам ташвишга солмоқда. Жорий йилда ҳам ўтган йилга нисбатан худкушлик 10-15 тага ошган. Сўғд вилоятидаги худкушлик муаммоси, бир неча йилдирки, ўткир муаммо бўлиб қоляпти. Вилоятда содир этилаётган худкушликларнинг тахминан 40-45 фоизи сабабларини аниқлашга эришилмоқда. Бироқ қолган худкушликлар сабаблари сирлигича қолиб кетаяпти, - дейди Абдураим Қаҳҳоров.

Расмий маълумотларга кура, шу йилнинг тўрт ойи мобайнида вилоятда 70 га яқин ўз жонига қасд қилиш холати қайд қилинган ва уларнинг ҳаммаси ўлим билан якун топган. Ўз жонига қасд қилганларнинг асосий қисмини ёшлар ташкил этади. Бу йигитлар ва қизлар ўз умрига нуқта қўйиш учун энг кенг тарқалган усул - ўзини дорга осишни танлашмоқда.
XS
SM
MD
LG