Линклар

Ўзбекистон раҳбари жаҳон мустабидлари ўнлигида


Ислом Каримов диктатор ва мустабидлар ўнлигига биринчи марта тушаётгани йўқ.

Ислом Каримов диктатор ва мустабидлар ўнлигига биринчи марта тушаётгани йўқ.

Америкада чиқадиган Newsweek журнали Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовни жаҳоннинг ўнта мустабиди қаторига киритди.

Бу рўйхат Париждаги шов-шувли маҳкама арафасида эълон қилинди.

19 май куни Париждаги маҳкама президент Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаеванинг француз нашри Rue89 га қарши даъвосини кўриб чиқади.

Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги элчиси бўлган Каримова-Тиллаева отасини “диктатор” ўзини эса "диктаторнинг қизи" деб тасвирлагани учун француз нашрини "туҳмат"да айблаб, судга берган.

Париждаги маҳкамада Каримов диктатор ёки диктатор эмаслиги кўриб чиқиши арафасида Newsweek журнали бунга ўз баҳосини берди.

Журналнинг мустабидлар индексида Ўзбекистон президенти тўққизинчи ўринда турибди.

Журналга кўра, Ўзбекистонда “ота” лақаби билан ном чиқарган Каримовнинг энг мудҳиш жинояти сирасида 2005 йил май ойида Андижонда юзлаб одамнинг қатлиом қилиниши ва ўз мухолифларини қамоқда қийноққа солишини келтириш мумкин.

Newsweek журналининг ёзишича, ҳозирда жаҳондаги энг ашаддий ўнта мустабид режимлардан 400 миллион одам, жумладан Ўзбекистондаги 28 миллион аҳоли жабр кўрмоқда.

Каримов қатори бу рўйхатда Ливияни 41 йилдан буён бошқариб келаётган Муаммар Қаддафий, Беларус раҳбари Александр Лукашенко, Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммадов ва бошқалар номлари бор.

Rue89 нашри мухбири Огустин Скалберт Озодлик билан суҳбатда, Каримовнинг диктатор экани аниқ фактдир ва буни судда исботлаш қийин эмас, дейди.

- Бу факт. Қонун бўйича биз буни исботлашимиз керак, бу эса бизга жуда осон. Олти йил аввал Андижонда оммавий қирғин бўлди, ҳукумат мухолифлари ўзбек қамоқхоналарига ташланди, қийноққа солинди. Шундай экан унинг диктатор эканини исботлаш қийин эмас,- дейди Огустин Скалберт.
XS
SM
MD
LG