Линклар

logo-print

Бу гапни айтган самарқандлик Очил Ражабов Ўзбекистонда пиллакорлар ипак қурти боқишдан жуда кам даромад кўришини қайд этади.

Бухоро вилоятида бир неча йил ипак қурти боққан фермер Жамол ака ўзбек пиллакорлари бу ишдан кўп даромад ололмасликларини айтади:

- Фойдаси - ўтини билан баргининг чиқиндилари пилла етиштирганга қолади. Овқат пули чиқиши мумкин, - дейди бухоролик Жамол ака.

Унинг сўзларига каттақўрғонлик пиллакор Очил ота Ражабов ҳам қўшилади. 72 ёшли отахон айни пайтда ипак қуртини ўтин учун боқаётганини гапиради:

- Уйларда, оғилхонада етиштирамиз, шу кеча-кундузда пиллага бостирамиз. Пилла ўрайди энди, икки кун ўрайди. Икки коробка пилла олганмиз. Шундан 60 килодан 120 кило топшириш керак. Фермерларга топширамиз, энди қанча пул бериш-бермаслигини билмаймиз. Пиллани ихтиёрий ўзимиз олганмиз. Ҳозирча тут барги етиб турибди. Қуртни бостиргандан кейин бирор ҳафта туради. Ундан кейин фермерни ўзи олиб кетадими, ўзимиз топширамизми - билмайман. Лекин биз ўтин учун олганмиз. Тут шохлари ёқиш учун керак. Шуни, насиб бўлса, ёқамиз, - деди каттақўрғонлик пиллакор.

Фермерлардан қути олиб, уйда ипак қурти боқаётганлар орасида қишлоқ ўқитувчилари ҳам анчагина.

Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманидаги қишлоқ мактаби ўқитувчиларидан бирига кўра, ўқитувчилар бу йил ўз уйларида пилла қурти боқишмоқда:

- Ўтган йили мактабда боқдик. Мактабнинг ҳавоси тўғри келмади. Шундай синфхона терлаб қолди. Пилла хўл бўлди. Яхши етиштира олмадик. Шунинг учун ўқитувчиларимиз уйларида боқаяптилар, - деди каттақўрғонлик қишлоқ ўқитувчиси.

“Узинформ” Ўзбекистон ахборот порталига кўра, Самарқанд вилоятида 52 мингдан ортиқ ипак қурти қутилари тарқатилган. "Пиллакорларга ҳар бир қути учун 60 минг сўм ва озиқ-овқат ҳам тарқатилмоқда", дейилади портал хабарида.

Бухоролик фермер Жамол ака пилла етиштириш мажбурияти фермерга юклатилиши, фермер эса, ўз навбатида, ё ўзи етиштириши ёки пиллакор ёллашини айтади:

- Мажбур бўлганидан кейин қилади-да. Бўлмаса, фермернинг ерини олади. Етиштириб бериши керак, сўзсиз. Фермернинг ерига қараб, баргига қараб, 10-15 та, 20 қути атрофида берилади. Уни боқиш учун тўртта-бешта одам ишлаши керак. Иккита одам етмайди. Унга 5, 7, 10 марталаб овқат бериш керак. Барг етишмаслиги мумкин. Кейин югуриб топасан ўзинг. Чунки қимирлаб ўтирибди. Қаердан бўлса ҳам барг топасан. Пулни ўйламайсан. Етиштиришни, гап эшитмасликни, жаримасини, сўкишини ўйлайсан.
План тўлмаса, сотиб олиб берасан, пулини берасан. Етиштирадиган одамга пулини берасан. Фермер зарар кўради-да. Боқадиган одам қорнини тўйғазиши мумкин. Унга барги қолади, фермерга нима нима қолади? Фермерга ҳеч нарса қолмайди, - дейди пилла етиштирган бухоролик фермер.

Унинг фикрича, Ўзбекистонда пилла етиштиришдан давлат эмас, айрим шахслар даромад кўради.

- Пиллани бир ёки икки киши сотади. У ҳам хусусий одам. Демак, булар буйруқ қилдириб, етиштиради, кейин кимгадир айтилади, ўша одам сотади. Дейлик, дунё бозоридаги хитойликларга сотадиган бўлса, 7-9 долларгами сотади. Унинг кимлигини ҳеч ким билмайди, - дейди бухоролик фермер Жамол ака.

Айни пайтда Озодликка маълум бўлишича, сирдарёлик ўқитувчилар “пилла солиғи”га ҳам тортилмоқда. Ўқитувчиларнинг ойлик маошидан пилла режасини бариш учун 20 минг сўмдан ушлаб қолинмоқда.
XS
SM
MD
LG