Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:18

Москвада бир ҳафта ичида ўнга яқин мардикор ҳалок бўлди


Россиядаги марказий-осиёлик мардикорлар кўпинча ўзлари ишлаётган қурилиш объектларида ёки ташландиқ уйларда яшайди.
Россиядаги марказий-осиёлик мардикорлар кўпинча ўзлари ишлаётган қурилиш объектларида ёки ташландиқ уйларда яшайди.

Москвада содир бўлган катта ёнғин оқибатида Тожикистон фуқароcи экани айтилаётган етти нафар меҳнат муҳожири нобуд бўлди. Оловни ўчиришда иштирок этган Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимларининг дастлабки тахминларига кўра, электр тармоғи носозлигидан келиб чиққан ёнғин оқибатида бинодан 20 киши олиб чиқилган, жумладан 9 киши касалхонага жўнатилган.


17 май чоршанба куни тонгги соат олтиларда Москва марказидаги Катта Афанасьево тор кўчасида чиққан ёнғин ҳақидаги хабарни маҳаллий ўт ўчириш командаси навбатчиси қабул қилди. Фалокат жойига етиб келган ўт ўчирувчилар ёнаётган ташландиқ бинонинг ертўласидан 7 кишининг жасадини олиб чиқди.

Бу хақда Озодликка маълум қилган Москва шаҳар Фавқулодда вазиятлар бош бошқармасининг матбуот вакили Евгений Бобилёвга кўра, ҳалок бўлганларнинг шахслари аниқланмоқда.

- 7 кишининг ҳалок бўлгани хақидаги хабар оммавий ахборот воситалари орқали расман эълон қилинди. Жиноий иш очилганлиги боис терговни олиб бораётган Прокуратуранинг тергов қўмитаси ёнғинда ҳалок бўлганлар қайси давлат фуқаролари эканлигини аниқлашмоқда,- деди Евгений Бобилёв.

Шунингдек, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги расмийси ёнғиндан зарар кўрган 9 нафар марказий-осиёлик орасида 3 яшар болакай ва 6 яшар қизалоқлар ҳам борлигини тасдиқлади. Тожикистонликлар экани айтилаётган 7 кишининг шахслари аниқланмоқда. Олинган қўшимча маълумотларга кўра, шифохонага ётқизилган икки кишининг аҳволи ўта оғирлигича қолмоқда.

Фалокатда Ўзбекистон фуқаролари жабр кўрганми, йўқми ҳозирча номаълум. Ўзбекистон элчихонаси ходимлари воқеа жойига бормаган маълум бўлди.

Ҳодиса жойига етиб борган ва ёнғиндан жароҳатланганлар билан бевосита суҳбатлашган Россиядаги Қирғизистон Республикаси вице-консули Жонибек Каримшақовга кўра, ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар орасида қирғизистонликлар ҳам бор.

- Жароҳатланганлар орасида тожикистонлик ва бир нечта қирғизистонлик борлиги аниқланди. Улар енгил жароҳат олган. Ҳодиса жойида Ўзбекистон фуқаролари борлиги ҳақида менда маълумот йўқ ва у ерда ўзбекистонликлар бўлмаган, деб ўйлайман. Тожикистонликлар бинонинг подвалида бир хонада яшаган ва тутундан заҳарланиб ҳалок бўлган, деди Озодликка Россиядаги Қирғизистон Республикаси вице-консули Жонибек Каримшақов.

Унинг сўзларига кўра, яримташландиқ бинода Москвада фаррошлик билан шуғулланадиган марказий-осиёлик меҳнат муҳожирлари яшаб келган. Терговчиларнинг дастлабки тахминларига кўра, кейнги кунларда Москвада об-ҳавонинг совиб кетгани бинода яшаганларни қўшимча иситиш воситаларини ишлатишга мажбур қилган. Носоз электр тармоғидан чиққан олов бутун бинога ёйилиб кетган.

Маълум бўлишича, бинонининг ёнғин хавфсизлигингига оид хавотирлар аввал ҳам кўтарилган.

- Жорий йилнинг февралида бу бинонинг эксплуатация қилинишига жавобгар юридик шахс Давлат ёнғинни назорат қилиш ходимлари томонидан жаримага тортилган, деди Москванинг Марказий округи ёнғиндан сақлаш гарнизони бошлиғи Илья Денисов.

Катта Афанасьево тор кўчасидаги ёнғин юзасидан Россия Федерацияси Жиноий Кодексининг 109 моддаси 3 қисми асосида жиноий иш қўзғатилди. Ҳодиса жойида тергов ишлари давом этмоқда.

Тасодифга кўра, икки йил олдинроқ Москванинг жануби-шарқидаги Приволная кўчасида чиққан катта ёнғин оқибатида ҳам етти нафар Тожикистон фуқароси нобуд бўлган: терговчилар ер ости гаражлари гастарбайтерлар томонидан ноқонуний равишда ётоқхона сифатида ишлатилганини аниқлашган.

Лекин физика қонуниятига кўра, бир неча бор такрорланадиган ҳодиса қонуниятга айланиб кетиши эҳтимоли бор.

Шу кунлари Москвада яна бир мудҳиш воқеа рўй берди.

Москванинг жануби шарқидаги Вихино туманидаги Молдагулова кўчасида жойлашган уйларнинг бирида чавақлаб кетилган икки аёл ва бир нафар эркак кишининг мурдалари топилди.

Бу хабарни Озодликка тасдиқлаган Москва шаҳар прокуратураси тергов қўмитаси Бош бошқармаси вакили Виктория Ципленковага кўра, халок бўлганлар – Ўзбекистон фуқароларидир.

- 14 майга ўтар кечаси Москванинг шарқидаги бинолардан бирида икки нафар аёл ва битта эркакнинг жасадлари топилди. Улар пичоқ билан етказилган кўплаб зарбалардан жон таслим қилган. Уларнинг шахслари аниқланди, лекин тергов давом этаётганлиги боис кимлигини ошкор қилолмайман, деди терговни олиб бораётган Москва шаҳар прокуратураси расмийси Виктория Ципленкова.

Виктория Ципленкова жиноят содир этилган жойни шахсан Москва шаҳар прокуратураси тергов қўмитаси бошлиғи Вадим Яковенко кўздан кечирган.

Айрим манбалардан олинган хабарга кўра, ҳалок бўлган эркак киши 1987 йилда, аёллардан бири 1982 йилда туғилган; учинчи аёлнинг шахси эса аниқланмоқда. Жасадлар шу квартирани ижарага бераётган аёл томонидан топилган.

Содир этилган жиноят юзасидан Россия Жиноят Кодексининг 105 моддаси - қотиллик бўйича жиноий иш қўзғатилди. Тергов ишлари давом этмоқда.
XS
SM
MD
LG