Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:35

Ёлғонми, ё статистика?


Жаҳоннинг аксар давлатлари ҳали молиявий бўҳрондан ўзига келолгани йўқ, Ўзбекистон иқтисоди эса янги "рекордларни" урмоқда.
Жаҳоннинг аксар давлатлари ҳали молиявий бўҳрондан ўзига келолгани йўқ, Ўзбекистон иқтисоди эса янги "рекордларни" урмоқда.

Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ҳажми 2011 йилнинг биринчи чорагида 7,6 фоизга ошди. Ўзбекистон давлат статистика қўмитаси берган маълумотларга кўра, бунда инфляция 2,7 фоиз даражасида сақлаб қолишга эришилган ва давлат бюджетидаги профицит ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,3 фоизни ташкил этган. Яъни Ўзбекистон иқтисоди янгидан-янги рекордларни уришда давом этмоқда. Ўзбекистон расмийлари бу рақамлар нимага асосланганини изоҳламади. Мутахассис ва оддий ўзбекистонликлар ҳам бу статистик маълумотлар қаердан олинганини билмайди, лекин уларга ишонмайди.


Ўзбекистон статистика қўмитаси 2011 йилнинг биринчи чораги учун эълон қилган маълумотларга кўра, мамлакатда иқтисодий ўсиш саноат маҳсулотлари ҳажмининг 6,2 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 5,8 фоизга, транспорт ва алоқа хизматларининг 10,8 фоизга, товар айирбошлашнинг 13,1 фоизга, аҳолига кўрсатилаётган пуллик хизматларнинг 13,8 фоизга ва экспорт ҳажмининг 28,5 фоизга ошиши ҳисобидан таъминланган.

Статистика қўмитаси бундан бошқа яна кўплаб рақамларни ҳам келтирган ва уларга ишонадиган бўлсак, Ўзбекистон иқтисоди изчил ўсиб бораётганини кўришимиз мумкин.

Ҳар доимгидек, Ўзбекистон расмийлари, жумладан статистика қўмитаси, Молия ва Иқтисодиёт вазирликларидаги мутасаддилар бу рақамларни изоҳлашдан бош тортди. Буни уларнинг Озодлик билан гаплашишни истамаслигига йўйдик.

Бу рақамларни тушунтириб беришни сўраб, Ўзбекистон Молия вазирлигининг собиқ амалдори ва ҳозирда Остонадаги Евроосиё миллий университети доценти Сапарбой Жубаевга мурожаат қилдик.

- Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти 6-7-8 фоиз ҳар йили ўсади. Агарда уни инфляциянинг ўсиши билан солиштирадиган бўлсак, бу ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши кўзга кўринмайдиган натижали бўлиб қолиши ҳам мумкин. Сиз ўйлаяпсиз нимага 7 фоиз ялпи ички маҳсулот ўсади? Баҳолар ўсгандан кейин қайси бир статистик давлатларда инфляцияни ҳисобга олмайди. Кўпчилик давлатларда инфляцияни ҳисобга олиб, олиб ташлайди. Масалан ялпи ички маҳсулот 7,5 фоиз ўсган бўлса, инфляция 8 фоиз ўсган бўлса, маҳсулотнинг ҳажми камайиши керак 0,5 фоизга.

Озодлик: Инфляция ҳақида ҳам сўрамоқчи эдим. Инфляция жуда паст берилаяпти. 2,7 фоиз инфляция даражаси.

- Энди минг карра узру, Ўзбекистонда 2,7 фоиз инфляция деганига одам гумонсирайди. Инфляция Шарқий Европадаги давлатларда ҳам ҳозир 4-5 фоизга ошиб кетди. Чунки бутун жаҳонда нефт қимматлашган сайин бензин, бошқа ҳамма нарсанинг баҳоси ўсаяпти. Шунинг учун Ўзбекистоннинг 2,7 фоиз деганига озгина гумонсираймиз. 7-8 фоиз бўлса керак. Ялпи ички маҳсулот билан инфляция тенг бўлади, дейди Ўзбекистон Молия вазирлигининг собиқ ходими Сапарбой Жубаев.

Тошкентлик 40 ёшли савдогар Ботиржон ака, статистик маълумотлар қаердан олинганини билмайди, лекин кўп йиллик тадбиркорлик тажрибасидан инфляция нима эканини яхши билиб олган. Ўзи бевосита шуғулланадиган соҳа, яъни озиқ-овқат савдосидаги вазиятдан келиб чиқиб, Ботиржон ака инфляцияни расмий кўрсаткичдан анча юқорироқ даражага қўяди.

- Ўсиб бораяпти. Кундан кунга ўсиб бораяпти.

Озодлик: Йил бошидан бери ўзбеклар ишлатадиган кундалик эҳтиëж моллари нархлари тахминан қанчага ошди? Масалан 10 фоизгами, 20 фоизгами, сиз шу соҳани биласизку.

- 25 фоизга. Ун, ëғ, шакар. Ҳозирги кунда яна ошиб кетаяпти. Ëлғон берибди давлат, дейди тошкентлик савдогар.

Ўзбекистон статистика қўмитаси рақамларни қаердан олишини яхши биладиган Сапарбой Жубаев, Озодликка “тингловчиларингизни бу рақамлар билан зериктириб ўтирманг” дея маслаҳат берди.

- Тўғрисини айтай, мен озгина шубҳа билан қарайманда. Чунки шу нарсалар билан шуғулланган вақтим бўлган. Бир-икки марта статистика маълумотларига телефон қилиб ишлаб юрганимда, маълумотлар, дефляциялар, инфляциялар ҳаммаси бир хил пайтларда қўлланмаяптию деганимда “Йўқ, бизнинг методикамиз бошқача. Сизнинг методикангиз бошқача” деган жавоб олганманда. Кейин охиригача етиб бора олмайдиганимни билиб, қўя қолганман, дейди Сапарбой Жубаев.

19-аср бошларида Британия Бош вазири бўлган Бенжамин Дизраэли “ёлғоннинг учта кўриниши бор: ёлғон, ғирт ёлғон ва статистика”, деган эди.
XS
SM
MD
LG