Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:56

Ўшда Reuters агентлиги мухбирига ҳужум қилинди


Reutersнинг Қирғизистондаги мухбири Ҳулкар Исомова
Reutersнинг Қирғизистондаги мухбири Ҳулкар Исомова

Ҳужумга учраган ўшлик журналист Ҳулкар Исомова ўзи ва яқинлари ҳаëтига таҳдид катталигидан хавотирда.


Reuters ахборот агентлигининг Қирғизистондаги мухбири Ҳулкар Исомовага ҳужум қилингани тўғрисидаги хабар Ўшдаги манбалардан етиб келганидан сўнг биз журналистнинг ўзи билан боғландик.

16 май куни тушдан кейин юз берган инцидент тўғрисида Ҳулкар Исомованинг ўзи мана буларни айтиб берди:

- Шаҳарнинг “Араванская” гузаридаги дўконлардан бири олдида машинамни тўхтатишим биланоқ олдимга анча яхши кийинган 45-50 ёшлардаги икки қирғиз аёли келиб, мени ҳақоратлай бошлашди. Улар баланд овозда мени “МезонТВ”да ишлаганликда, ўтган йилги воқеаларни (2010 йил, июн воқеалари – таҳр.) келтириб чиқарганликда, автономия талаб қилганликда, Қодиржон Ботировга яқинликда айблайвердилар. Улар мени яна ўз хабарларимда Қирғизистонни қоралашда айбладилар. Машинамнинг номерини ёзиб олишди. Ўзингнинг ҳам, машинангнинг ҳам ҳали дабдаласи чиқади, деб таҳдид қилишди, деди Ҳулкар Исомова.

Айтишича, уни калтакланишдан магазин хавфсизлик хизмати ходимлари ҳамда милиционерлар борлиги сақлаб қолган.

Ҳулкар Исомова юз берган воқеа юзасидан ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилганини, бироқ шунга қарамай ўзи ва яқинлари ҳаёти учун таҳдид катталигидан чуқур хавотирда эканлигини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, Ҳулкар Исомова ўтган йилги июн воқеаларидан сўнг Қирғизистонни ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлган миллати ўзбек журналистлар тўғрисидаги куни кеча ҳавога узатилган эшиттиришизда иштирок этган эди.

Эшиттиришда у “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” ассоциацияси эълон қилган қирғизистонлик қочқин ўзбек журналистлар рўйхати тўлиқ эмаслиги тўғрисида гапирганди.

Отаси ўзбек, онаси қирғиз, лекин паспортида қирғиз, деб ёзилган Ҳулкар Исомова Ўш шаҳри ва унинг атрофидаги қишлоқлар аҳолисига "Мезон ТВ"нинг ўзбек журналисти сифатида танилган эди. Икки йил муқаддам у Reutersга ишга ўтгач¸ телевидениедаги фаолиятини тўхтатган.

Ўзининг айтишича, бошқа мустақил ўзбек журналистларидай Қирғизистонни ташлаб чиқиб кетмаганига халқаро ахборот воситасида ишлаши ҳам сабаб бўлган.
XS
SM
MD
LG