Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 02:30

Сўғдда аёлларнинг мардикорликка кетиши кучайди


Бугунги кунда, маълумотларга кўра, хорижга мардикорликка кетаётган тожикистонликларнинг 30 фоизини аёллар ташкил қилади.
Бугунги кунда, маълумотларга кўра, хорижга мардикорликка кетаётган тожикистонликларнинг 30 фоизини аёллар ташкил қилади.

Cўнгги икки йил ичида, расмий маълумотларга кўра, 60 мингдан зиёд тожикистонлик аёл ўзга юртларга мардикорликка кетган.

Сўғд вилоятида аёллар муаммоси билан шуғулланаётган “Гулрухсор” маркази маълумотларига кўра, бу кўрсатгич аслида 2-3 марта кўпроқдир. Чунки, ўтказилган тадқиқотларга кўра, бугунги кунда ҳар еттинчи тожикистонлик мардикор бўлиб, уларнинг 30 фоизини аёллар ташкил этади.

Хўжандлик Мўътабар турмуш ўртоғи ишсиз қолганидан сўнг оғир турмуш уни пул топиш учун Сургут шаҳрига кетишга мажбур қилганини айтади. Тўрт йилдан буён Новосибирск бозорларидан бирида оддий ишчи бўлиб ишлайдиган суҳбатдошимизнинг айтишича, Россияда мардикорчилик қилаётган ўзбеку тожик аёлларининг сон-саноғи йўқ .

- Россияга эркаку аёл бир мақсадда - пул ишлаш учун боради. Масалан, биз ишлаётган бозорда юзлаб тожигу ўзбек аёллари бор. Уларнинг кўпи шу бозорда ётиб қолади. Ўн сўмдан йигирма беш сўмгача пул йиғиб, милиция вакилларига беришади. Бошқа бир қисми эса ўрмонда ётиб юради. Ижара ҳақини беришга қурби етмайди. Уйига, болаларига жўнатиши керак. Оғир, жуда оғир, лекин на илож, мажбурмиз, - дейди Мўътабар.

Унинг сўзларига кўра, хотин-қизлар Россия бозорларида энг қора ишларни бажарадилар. Кўча тозалаш, супир-сидир, ахлат чиқариш, картошка ва пиёз саралаш ва бошқа ишларнинг ҳаммаси марказий осиёлик аёллар қўлида. Улар ишлаб топган озгина пулга эса маҳаллий милиция ходимлари доим шерик.

Сўғдлик Ҳурриятнинг фикрича,аёлларнинг ўзга мамлакатларга кетаётганликларининг яна бир сабаби ўз имкониятларини намоён қилиб, нималарга қодир эканлигини кўрсатишдир.

- Чунки мусулмон аёллар ўз ватанида фақат бола боқиш, яъни уй бекаси бўлиб қолмоқда. Уларнинг анчагина қисмини олий маълумотли аёллар ташкил қилади. Ватанида ўз касби бўйича ишлай деса, сариқ чақа олади. Россияда фаррошлик қилган тақдирда ҳам кўпроқ пул ишлайди, - дейди Ҳуррият.

“Гулрухсор” маркази вакили Гулчеҳра Раҳмонованинг сўзларига кўра, бугунги бозор иқтисодиёти шароитида аёллар эркаклардан қолишмай рўзғорни тебраётганини кўриш мумкин.

- Бугун кўп эркаклар ишсиз, уйида ўтириб қолган. Аёллар эса ҳақиқатан оиласини боқмоқда, десам хато бўлмайди. Бу бир томондан яхши, ниҳоят, аёллар оила бошқарувини қўлга олаяпти, тижорат ва бошқа соҳаларда лидерлик қилмоқдалар. Бошқа томондан эса бундай вазият, эркаклар тасаввурида албатта, гўё инсон, эркак шахсиятини камситилмоқда. Оқибатда уйда доимо жанжал, ғурбат ва охир-оқибатда оила бузилмоқда, - дейди Гулчеҳра Раҳмонова.

Расмий маълумотларда айтилишича, Тожикистонда ишсизлик ўтган йилга нисбатан беш фоизга ошган. Таҳлилчиларнинг айтишларича, Тожикистон аёлларининг аҳволи оғир, лекин ҳукумат бу ҳолатни кўриб-кўрмасликка олмоқда. Чунки аёллар турмуш тарзи, ижтимоий даражасини кўтаришга қаратилган давлат, парламент томонидан ишлаб чиқилган ва қабул қилинган ҳужжатлар етарли эмас, мавжудлари эса ишламаяпти.

- Юзлаб аёлларимизнинг рўзғор тебратиш мақсадида ўзга юртларга мардикорликка кетиши миллатимизнинг энг оғриқли муаммоси, деб ҳисоблайман. Ахир хотин-қизлар бўлажак фарзандларимизнинг оналари-ку. Улар йил - ўн икки ой белини букиб, далада меҳнат қилаяпти, Россия ва бошқа мамлакатларда мардикорлик қилиб, соғлиғини йўқотиб қайтмоқда. Жумладан, республикада ОИТВ ва бошқа даҳшатли касалликлар сўнгги йилларда айнан мардикорликка борганлар сабаб кўпаймоқда. Нима учун ҳукумат бу ҳақда ўйламаяпти? – дея савол ташлайди таҳлилчи Суҳроб Муҳсинов.

Таҳлилчи Абдурасул Мамадалиев фикрича, тожикистонлик аёлларнинг ўзга юртларга кетишининг биринчи сабаби моддий муаммоларни ҳал қилиш бўлса, иккинчи сабаби оиласини сақлаб қолишдир. Унинг сўзларига кўра, эркакларнинг бир қисми Россияда иккинчи оила қурмоқда. Оқибатда оила бузилишидан ташқари, Тожикистонда аёллар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳоллари кўпайган. Шу важдан кейинги пайтларда тожикистонлик аёлларнинг кўпи эрлари билан бирга хорижга чиқиб кетмоқдалар.
XS
SM
MD
LG