Линклар

Ўзбекистонлик автоҳаваскорга автомобил берилмади


Муаммоларга қарамай, Ҳасанбой Бурҳонов ўзбек автомобилида жаҳонгашталик қилиш ниятидан қайтгани йўқ.

Муаммоларга қарамай, Ҳасанбой Бурҳонов ўзбек автомобилида жаҳонгашталик қилиш ниятидан қайтгани йўқ.

Наманганлик автоҳаваскор Ҳасанбой Бурҳонов май ойига режалаштирган саёҳатини кечиктиришга мажбур бўлди.

Уч ой олдин Озодлик дунё бўйлаб саёҳатга Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомашинада отланишни режалаштирган Ҳасанбой Бурҳонов ҳақида хабар берган эди.

Бироқ Ҳасанбой Бурҳоновнинг дунё бўйлаб автосаёҳати кечикадиганга ўхшайди. Бунга Ўзбекистондаги автомобил ишлаб чиқарувчи “GM Uzbekistan” автоконцернининг мазкур автосаёҳат учун машина ажрата олмагани сабаб бўлди:

- Бизнинг ниятимиз шу эди. Сабаби Ўзбекистон 28 та автомобил ишлаб чиқарувчи давлатлар қаторига киради. Бизнинг ниятимиз айнан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобилда дунё айланиб, бу лойиҳани “GM Uzbekistan” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширмоқчи эдик. Лекин бу лойиҳа уларни қизиқтирмади. Улар қизиқиш ҳам билдиргани йўқ. Биз уларга ишонган эдик. Аммо у ташкилотга лойиҳамиз қизиқ бўлмади. Шунинг учун биз бошқа томондан маблағларни қидиришга ҳаракат қилаяпмиз. Албатта Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобилда шу лойиҳани амалга оширамиз, деган умиддаман, - деди Ҳасанбой ака.

Жаҳонни “Тенг имкониятлар учун” шиори билан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган Captivaда айланиб чиқишни мўлжаллаган Ҳасанбой ака ёшлигидан ногирон. Болаликда полиомиелит билан оғригани сабабли у ҳассага таяниб юради.

17 йил давомида автомобил бошқариб келган Ҳасанбой ака ўз акциясини Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллиги бағишламоқчи эди.

- Асосан маблағ томонидан қийналганимиз учун, йиғилмагани учун сафарга чиқиш бир ой, бир ярим ойга кечиктирилиши мумкин. Лекин лойиҳа барибир амалга оширилади. Керакли маблағнинг тахминан 50 фоиздан ортиғи йиғиб бўлинди, тўлалигича йиғилгани йўқ. Бошида тахминий ҳисоблаганимизда биз 90 минг доллар ҳисоблаган эдик. Кейин ҳисоблаб чиқиб, керакли мамлакатлар билан боғландик. Энг катта пул Атлантика орқали, Тинч океани орқали кемада ўтишда кетиб қолар экан, - деди ўзбекистонлик автоҳаваскор.

Айни пайтда шахсий ташаббус билан чиққан ўзбекистонлик автоҳаваскорга ўзбекистонлик хусусий тадбиркорлар ёрдам бераётган экан.

- Оддий фуқаролар, кейин баъзи Европанинг Ўзбекистондаги қўшма корхоналари, айрим Ўзбекистондаги тадбиркорлар ёрдам берди, - деди у.

Озодлик Ҳасанбой ака бир неча ой олдин мурожаат қилган “GM Uzbekistan” компанияси билан боғланишга уринди, бироқ бу уринишлар ҳозирча самара бергани йўқ.

Айни пайтда ўзбекистонлик ногирон Ҳасанбой ака дунё бўйлаб саёҳат қилиш маршрутида ўзгариш у қадар кўп эмаслигини айтади. Жумладан, Япониядаги табиий офат сабабли у эндиликда Владивостокдан Жанубий Кореянинг Пусан шаҳрига ўтишни режалаштираётган экан.

Шу билан бирга суҳбатдошимиз маблағ йиғиш мушкул бўлаётгани боис спутник телефон алоқаси бўлмаслиги, саргузаштнинг видеотасвир сифати ҳам яхши бўлмаслиги мумкинлигини қўшимча қилди.
XS
SM
MD
LG