Линклар

“Асаба” партияси вакиллари томонидан таҳқирланган журналистлар эса бу борада милицияга мурожаат қилдилар.

Бишкекдаги “Асаба” партияси фаолларинингг 24.kg ахборот агентлиги биносида кўтарган миллатчилик руҳидаги жанжали юзасидан маълумотлар Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратура томонидан ўрганилмоқда.

Бироқ бу жанжал юзасидан ўзга миллат вакилларин камситиш, ҳақорат қилиш ва миллий ғурурини топташ моддалари бўйича жиноят иши очиладими ёки йўқми - бу ҳали номаълум.

Бишкекдаги 24.kg ахборот агентлигининг 16 май куни тарқатган хабарида айтилишича, 14 май куни “Асаба” партияси лидерларидан бири Салмўўрбек Дийканов 15 нафар партиядоши билан ахборот агентлиги биносига келиб, миллатлараро адоватга асосланган жанжални бошлаган.

“Асаба”чилар журналистларни ҳақорат қилишди, агентлик раҳбарларининг уйларига ўт қўйиш билан таҳдид қилишди, “Қирғизистон қирғизлар учун” деган шиорларни ҳайқиришди ва 24.kg да ишловчи ўзга миллат вакилларини жосусликда айблашди”, дейилади агентлик тарқатган хабарда.

24.kg ахборот агентлиги бош муҳаррири Антон Лимарнинг айтишича, “Асаба” партияси аъзоларининг бундай жанжал кўтаришига агентликнинг интернет нашрида чоп этилган Ўш қирғинига оид хабарда йўл қўйилган хатолик сабаб бўлган.

“Асаба” партияси лидери Салмўўрбек Дийқанов 4 май куни 24.kg агентлигида матбуот анжумани ўтказган. Мазкур матбуот анжуманида “Асаба”чи Ўш қирғинини ўрганиш бўйича халқаро комиссиянинг ҳисоботига муносабат билдирган.

- Бу агентликнинг сайтида чоп этилган хабарда айтилишича, гўёки мен “Ўш воқеасида қирғиз ёшлари айбдор” деган эмишман. Мен эса мутлақо бундай деган эмасман. Мен “Ўш воқеасида қирғиз ёшлари айбдор эмас”, деганман, - дейди Салмўўрбек Дийқанов.

24.kg ахборот агентлиги бош муҳаррири Антон Лимар ҳақиқатан ҳам сайтда шундай хато кетганини, бироқ бу хато 10 май куни тузатилгани, агентлик ўз сайтида бу борада узр сўрагани ва мазкур хатога йўл қўйган журналист жазоланганини билдирди.

Бироқ “Асаба”чилар бунга қаноатланмаганлар ва 14 май куни ахборот агентлиги биносида жанжал кўтарганлар.

- Бу ахборотни ёзган одам уйғур қиз экан. Хабарни текширган эса, афтига қарасам, бухоро жуҳудига ўхшайди. Бу агентликдагиларнинг ҳаммаси жуҳуд экан. Қирғизнинг изи ҳам йўқ у ерда. Қирғизга фақат қирғизнинг юраги ачишади. Шунинг учун мен уларга: “Бу ишни сизлар атай қилгансизлар”, деб даъво қилдим. Наҳотки, бир неча кун давомида ҳам мана шу хатони англашмаган бўлса? Ахир ҳар бир хабар бир неча одам текширувидан ўтади-ку! Уларга муштарийлар ҳам хато кетганини айтишган. Бироқ биз 2 марта агентликка бормагунимизча, бу хато ўнглангани йўқ, - дейди Салмўўрбек Дийканов.

Суҳбатдошимиз 24.kg агентлиги журналистларини Қирғизистонга қарши ҳаракатларда ҳам айблайди:

- Уларнинг айрим кучлар билан алоқаси бор. Балки улар мана шундай хабарларни бериш учун Қодиржон Ботировдан ёки ОБСЕдан бир нима олишгандир. Биз 24.kgнинг ортида ким турганини билмаймиз, - дейди Салмўўрбек Дийқанов.

Унинг айтишича, “Асаба” партияси аъзоларини агентлик биносида жанжал кўтаришига мазкур агентлик ходимларининг фитнаси сабаб бўлган.

24.kg агентлигининг ёзишича, жанжал натижасида “Уйғур ҳам ўзбек дегани, демак уйғурлар ҳам ўзбекларнинг жосуслари”, “Ўрислар учун Россия бор”, “Қирғизистон қирғизлар учун” қабилидаги шиорлар бақирилган.

Агентлик ходимлари бу борада Бишкек милицияси ва Бош прокуратурага ариза билан мурожаат қилганлар. Айни пайтда Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот тузилмалари мазкур жанжал юзасидан текширув олиб бораётганлари маълум бўлди.

- 24.kg агентлигида чиққан бу хабарни ўқиганмиз. Ҳозир бу масалани ўрганаяпмиз. Агентлик ходимларидан тушган ариза Миллий Хавфсизлик хизматига топширилди, - деди Қирғизистон Бош прокуратураси расмийси Жирғалбек Қуванбеков.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати эса милиция мазкур ҳодиса юзасидан маълумотлар ва далилларни тўплагани ҳамда уни Миллий хавфсизлик хизматига ўтказиб берганини билдирди.

Миллий хавфсизлик хизмати расмийлари эса ҳозирча бу иш ўрганилаётганини ва бу борада жиноят иши очилгани ёки очилмагани юзасидан яқин кунларда жамоатчиликка маълумот берилишини айтмоқдалар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG